ЖЧ-2026: Германия мусобақа дебютантини аяб ўтирмади
Америка Қўшма Штатларининг Хьюстон шаҳрида жойлашган машҳур “NRG” стадионида футбол бўйича давом этаётган Жаҳон чемпионатининг “E” гуруҳидан ўрин олган Германия ва Кюрасао терма жамоалари ўртасидаги баҳс бўлиб ўтди.
Мазкур ўйинда германиялик футболчилар 7:1 ҳисобида ғалаба қозонди ва 3 очкони қўлга киритди. Учрашувдаги голларга Германия сафида Нмеча, Нико Шлоттербек, Кай Хавертц (дубль), Мусиала, Натаниэль Браун ва Дениз Ундав муаллифлик қилди. Кюрасаонинг тарихий голини Локадия урди.

Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, Кюрасао терма жамоасига қарши учрашув пайтида Мануэль Нойер 40 ёш-у 79 кунлик бўлгани боис Германия терма жамоаси тарихидаги энг ёши катта футболчига айланди.

Бунгача немис жамоаси сафида йирик турнирларда майдонга тушган энг ёши катта футболчи Лотар Маттеус ҳисобланарди. Маттеус Евро-2000 доирасидаги Португалияга қарши баҳсда 39 ёш-у 91 кунлик бўлган.
Маълумот ўрнида “E” гуруҳидаги Кот-д’Ивуар ва Эквадор терма жамоалари баҳси мамлакатимиз вақти билан 15 июнь куни тонги соат 04:00 да старт олади.

Дарвоқе, 15 июнь куни мундиалнинг “F” ва “H” гуруҳларидаги биринчи тур учрашувларига ҳам старт берилади.
Жумладан, юртимиз вақти билан соат 01:00 да Япония – Нидерландия, 07:00 да эса Швеция – Тунис терма жамоалари ўртасидаги ўйинга гувоҳ бўлимиз.
Куннинг сўнгги ўйини соат 22:00 да Испания ҳамда Кабо-Верде термалари баҳси билан якунланади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА