Швецияда ўтаётган “TePe Sigeman & Co Chess Tournament-2025” турнирининг ортда қолган олти тур натижаларидан кейин ҳамюртимиз Жавоҳир Синдоров 4 очко билан якка пешқадамга айланиб олди.
Бугун, 26 май куни мусобақанинг сўнгги тур ўйинлари ташкил этилади.

Ўтган турлардаги ўйинлар ҳолатига эътибор қаратсак, маҳоратли шахматчимиз Синдоров 4-турда оқ доналарда нидерландиялик Эрвин Ламини 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. 5-турда қора доналарда ҳаракатланган Жавоҳир венгриялик Ричард Раппорт билан дурангга эришди.
Кеча ўтказилган 6-турда Жавоҳир Синдоров оқ доналарда швециялик Нильс Гранделиусга қарши дона сурди.

Қизиқарли кечган “дуэл”да Синдоров рақибини мағлуб этишга яқин эди. Аммо, сўнгги юришлардаги кичик хатоликлар учрашувда муроса йўли танланишини таъминлади.
Ортда қолган ўйинлар сарҳисобига кўра, Синдоров пешқадамлик қилаётган вазиятда туркиялик Ягиз Каан Эрдогмус 3,5 очко билан кейинги поғонани банд этиб турибди. Улардан кейинги қаторларда 3 очко жамғарган хитойлик Тан Чжунъи, америкалик Рэй Робсон, швециялик Нильс Гранделиус жой олишган.

Бугун халқаро турнирнинг сўнгги 7-турида Жавоҳир Синдоров қора доналарда 2 очко билан охирги ўринда бораётган украиналик тажрибали гроссмейстер Василий Иванчук билан куч синашади.
Айтиш лозимки, ўтган йилги "TePe Sigeman & Co Chess Tournament-2024" турнирида Нодирбек Абдусатторов бронза медалини қўлга киритган эди. Бу йилги мусобақаларда Синдоров Абдусатторовнинг натижасини янгилашга яқин турибди.
Умидимиз, бугун Синдоров Швецияда Ўзбекистон шахматининг куч-қудратини, салоҳиятини дунёга намойиш этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА