Жавоҳир Синдоров АҚШ турнирида 2-ўринда бормоқда
Бугун, 29 октябрь куни АҚШнинг Сент-Луис шаҳрида жаҳон шахмат ишқибозлари эътиборидаги “Clutch Chess: Champions Showdown 2026” турнирининг сўнгги 7-9-тур мусобақалари бўлиб ўтади.
Ҳамюртимиз Жавоҳир Синдоров, америкалик Ҳикару Накамура ва Фабиано Каруана, ҳиндистонлик Праггнанандха иштирокида ўтаётган турнирнинг ортда қолган иккинчи кунги баҳслари кутилмаган вазиятларга бой кечди.
Илк кунги ўйинлар ҳолатида 4 очко билан пешқадамлик қилаётган Ҳикару Накамура учун кеча ўтказилган 4-6-тур мусобақалари омадсиз бўлди. АҚШлик шахматчи аввалига ҳамюрти Фабиано Каруана билан 2 та ўйинда ҳам дурангга имзо чекди. Праггнанандхага 2 та учрашувда имкониятни бой берди. Синдоров билан эса ҳар икки ҳолатда муроса йўлини танлади.

Маҳоратли шахматчимиз Жавоҳир Синдоров эса Праггнанандхага икки бор мағлуб бўлди. Фабиано Каруана билан 1 та дуранг, 1 та мағлубият ҳолатини қайд этди.
Бугун ўтказиладиган сўнгги кунги баҳслар остонасида Праггнанандха 11 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Синдоров ва Каруана ҳисобида 8,5 очко, Ҳикару Накамурада эса 8 очко бор.
Эслатиб ўтамиз, мукофот жамғармаси 425 минг АҚШ долларидан иборат халқаро турнирнинг бугунги баҳсларида ҳар бир ғалаба учун 3 очко тақдим этилади.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА