Италия шахсий автомобиллар сони бўйича Американи ортда қолдирди
Американинг "Pew Research Center” маркази ўтказган тадқиқот автомобиллашув даражаси бўйича кутилмаган натижани кўрсатди. Унга кўра, узоқ йиллар давомида бу борада мутлақ етакчи саналган АҚШ эмас, балки Италия биринчи ўринга чиққан.
“Naked Science” нашри ушбу тадқиқотга таяниб, аҳолиси энг кўп автомобилга эга бўлган давлатлар рейтингини эълон қилди. Ушбу рақамлар нафақат давлатларнинг иқтисодий салоҳиятини, балки одамларнинг яшаш тарзини ҳам очиб беради.
Рейтинг пешқадами Италия бўлди. Бу ерда хонадонларнинг 89 фоизи камида битта шахсий автомобилга эга. Мамлакатда автомобилсозликнинг кўп йиллик анъаналари ва турмуш тарзи бунга асосий сабаб қилиб кўрсатилган.
Иккинчи ўриндаги АҚШда бу кўрсаткич 88 фоизни ташкил этади. Океан орти мамлакатининг бепоёнлиги, манзиллар орасидаги узоқ масофа ва йўлларнинг айнан машиналар учун мослаштирилгани транспортни ҳашаматдан кундалик заруратга айлантирган.
Кучли учликни 85 фоизлик кўрсаткич билан Германия якунлаган. Автобанлари ва кучли автосаноати билан машҳур бу юртда машина миниш кундалик ҳаётнинг ажралмас қисмидир.
Кейинги ўринларни Франция ва Жанубий Корея (83 фоиздан) эгаллаган бўлса, Малайзия (82 фоиз) ва Япония (81 фоиз) ҳам улардан қолишмаган. Эътиборлиси шундаки, Осиёнинг бу давлатларида жамоат транспорти тизими ўта юқори даражада ривожланганига қарамай, одамлар шахсий машинадан воз кечмаган. Кучли ўнталикни кутилмаган натижа билан Ливан (Япония билан бир хил — 81 фоиз), шунингдек, Испания (79 фоиз) ва Греция (76 фоиз) давлатлари якунлаб берган.
Бир қарашда, автомобиллашув даражасининг юқорилиги иқтисодий ўсиш ва турмуш фаровонлигидан далолат беради. Яъни, аҳоли даромади ошгани сари машина харид қилиш имконияти ҳам кенгаяди.
Бироқ шаҳарларни ривожлантириш илми ва экология бунга бироз бошқача ёндашади. Автомобилларнинг назоратсиз кўпайиши ўзи билан бирга жиддий муаммоларни, яъни ҳавонинг заҳарли газлар билан ифлосланишини, узундан-узоқ йўл тирбандликларини ва автоҳалокатлар хавфини олиб келади.
Демак, жамиятнинг чинакам фаровонлиги ҳар бир хонадонда машина борлиги билангина ўлчанмайди. Бу жараён хавфсиз йўл инфратузилмаси, тоза экология ва барча учун қулай бўлган жамоат транспорти билан уйғунлашгандагина инсонларнинг қулай яшашига ва ҳақиқий тараққиётга хизмат қилади.
Зуҳра МИРЗАБОЕВА, ЎзА