Жамият – ислоҳотлар ташаббускори
Бугунги кунда Тошкент вилояти нафақат мамлакатимизнинг индустриал маркази, балки фуқаролик жамияти институтлари энг жадал ривожланаётган ҳудудлардан бирига айланмоқда. Давлат бошқаруви тизимига жамоатчилик назоратини жорий этиш ва "Инсон — жамият — давлат" тамойилини ҳаётга татбиқ этишда вилоятдаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва маҳаллаларнинг ўрни беқиёс.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш бўйича мутлақо янги тизим яратилди.

Хусусан, Тошкент вилояти бўйича ҳозирги кунда 800 дан зиёд нодавлат нотижорат ташкилотлари рўйхатдан ўтган бўлиб, улар асосан ижтимоий ҳимоя, экология, ҳуқуқий саводхонлик ва ёшлар масалалари билан шуғулланмоқда. Биргина ўтган йилнинг ўзида вилоятдаги ижтимоий аҳамиятга молик 10 дан зиёд лойиҳаларни молиялаштириш учун давлат грантлари сифатида 1 миллиард 200 миллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди. Вилоятдаги 883 та маҳалла фуқаролар йиғини бугунги кунда давлат органлари ва аҳоли ўртасидаги энг асосий боғловчи бўғинга айланди.

Ўз навбатида ҳудудда "Жамоатчилик эшитувлари" ва "Жамоатчилик назорати" механизмларидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш мақсадида тадбирлар ўтказилмоқда. Бу жараёнда вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши, депутатлар томонидан йўл қурилиши, ичимлик суви таъминоти ва мактабгача таълим муассасалари фаолияти бўйича ўтказилаётган ўрганишлар кўплаб тизимли муаммоларни бартараф этишга хизмат қилмоқда.

Айниқса, "Маҳаллабай" ишлаш тизими доирасида ННТларнинг жалб этилиши, ҳудуддаги эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашда шаффофликни таъминламоқда. Вилоятда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ижтимоий шериклик Хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш йўналишида амалга оширилмоқда. Жамоат ташкилотлари, хусусан, хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб қувватлаш марказининг вилоят бўлими томонидан вилоятда ўтган йили 14 минг 547 нафар аёл ва ёш касб-ҳунарга ўқитилди ва имтиёзли кредитлар олишда ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Хусусан, уларнинг 1 минг 103 нафари якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтди, 6 минг 605 нафари ўзини-ўзи банд қилди, 3 минг 755 нафарининг расмий бандлиги таъминланди.

Экологик ташаббуслар, жумладан, "Яшил макон" лойиҳаси доирасида вилоятдаги экологик ННТлар ва фаол ёшлар томонидан биргина мавсумда юз минглаб дарахт кўчатлари экилиши назорат қилинди. волонтёрлик гуруҳлари иштирокида кўплаб плоггинг ва экоакциялар ўтказилди. Шунингдек, нодавлат таълим муассасалари ва марказлари сонининг ортиши давлат мактабларига бўлган юкламани камайтириш билан бир қаторда, сифатли таълим рақобатини юзага келтирди. Жумладан, Ўзбекистон таълим ва инновацияларни ривожлантириш ассоциацияси томонидан 2021-2025 йилларда ташкилот турли давлат ва нодавлат ташкилотлардан 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ жалб қилди ҳамда бу маблағлар ҳисобидан бир қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.

Албатта, соҳада ўз ечимини кутаётган масалалар ҳам йўқ эмас. Баъзи туманларда жамоатчилик назорати ҳали ҳам паст даражада қолмоқда. Фуқаролик жамияти институтларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг қонун ижодкорлигидаги иштирокини янада кенгайтириш лозим.
Тошкент вилояти мисолида кўришимиз мумкинки, фуқаролик жамияти институтлари давлат бошқарувига нафақат кўмакчи, балки унинг самарадорлигини белгиловчи асосий кучга айланди. Бу механизм давлат идоралари фаолиятида шаффофликни таъминлаш, коррупция хавфини камайтириш ва қарор қабул қилиш жараёнларида жамоатчилик фикрини ҳисобга олиш имконини бермоқда. Шу билан бирга, ОАВ, блогерлар ва фуқаролик институтлари фаоллиги ошгани сари муаммолар тезроқ аниқланиб, уларга ечим топиш жараёни ҳам жадаллашмоқда. Халқ овози баланд эшитилиб, давлат бошқарувида адолатлилик ва халқчиллик бўлишига хизмат қилмоқда.
Муҳими, ҳудудимиз бу йўлда нафақат иқтисодий, балки ижтимоий демократия маркази сифатида ҳам ўз ўрнини мустаҳкамлаб бораверади.
Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаларида илгари сурилган "Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари" тамойили Тошкент вилояти мисолида нафақат шиор, балки реал амалиётга айланмоқда.
Шоира Ахунжонова,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Тошкент вилоят ҳудудий бўлинмаси етакчи мутахассиси.
ЎзА