“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини самарали рўёбга чиқариш, долзарб ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга молик масалаларни ҳал қилиш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда аҳоли турмуш даражасини яхшилашда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтларининг роли ҳамда иштироки муҳим ўрин тутади. Ушбу жараёнда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари демократик ҳуқуқий, ижтимоий давлат барпо этиш, жамиятда адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда мамлакат ва ҳудудларни ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, маданий, маънавий-маърифий ва ҳуқуқий жиҳатдан ривожлантириш салоҳиятини янада ошириш йўлида муҳим аҳамият касб этмоқда.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва ҳудудларда кундалик масалаларни ҳал этишда маҳаллани жамоатчилик ҳамда давлат органлари ўртасидаги “таянч кўприк”ка айлантириш масаласи устувор мақсад сифатида белгиланди. Шу мақсадда мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш, фуқароларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий кафолатлар тизими янада такомиллаштирилди. Бу борада маҳаллалар фаолиятининг қонуний асослари ишлаб чиқилгани, маҳаллалардаги муаммоларни ҳал этиш учун ажратиладиган маблағлар миқдори кескин ортгани ҳам фикримизнинг тасдиғидир. Стратегиядаги ушбу мақсаднинг асосий йўналишларидан бири “Маҳалланинг маблағларини аҳолининг овозига кўра, инфратузилма лойиҳаларига йўналтириш амалиётини жорий қилиб, маҳаллалардаги муаммоларни ҳал этиш учун ажратиладиган маблағлар миқдорини камида 3 баробар кўпайтириш” ҳисобланади. Мазкур йўналиш бўйича мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар диққатга сазовордир.
Жумладан, “Ташаббусли бюджет” амалиётини ва маҳаллаларнинг молиявий мустақиллигини янада кенгайтириш мақсадида 2024 йилда жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган лойиҳаларни молиялаштириш учун давлат бюджетидан 10 триллион сўм, шундан “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари учун камида 4 триллион сўм йўналтирилади. Бу кичик рақамлар эмас ва шунинг билан бир қаторда ушбу маблағлар тўғри йўналтирилса, маҳаллаларимиз ҳозиргиданда обод бўлиши, шубҳасиз.
Энг муҳими, мазкур жараёнга кенг жамоатчиликнинг қизиқиши ва эътибори йилдан йилга ортиб бормоқда. Хусусан, “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 2024 йил биринчи мавсумида 11 миллион 735 минг нафардан ортиқ иштирокчи лойиҳаларга овоз берган. Бу ўзбекистонликларнинг 31 фоизи дегани. Биринчи мавсумда аҳоли томонидан йўл, сув, электр, мактаб, боғча ва шифохоналарни яхшилашга оид 35 минг 575 та таклифлар келиб тушган ва 29 минг 15 та лойиҳа таклифлари овозга қўйилган. Яъни, 81 фоиз лойиҳалар қўллаб-қувватланган. Якуний натижаларга кўра, шундан 2 минг 770 та лойиҳа ғолиб деб топилган. Мазкур лойиҳаларда келтирилган ташаббусларни амалга ошириш учун 3 триллион 249 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. Яъни, 2 минг 253 та маҳалла томонидан билдирилган ташаббуслар қўллаб-қувватланган.
Жамоатчиликдаги фаолликни лойиҳанинг иккинчи мавсуми таҳлилида ҳам кўришимиз мумкин. Яъни, 23 минг 246 та саралашдан ўтган лойиҳалар бўйича 9 миллион нафардан ортиқ ўзбекистонликлар овоз беришда иштирок этган. Шундан 1683 та маҳалла бўйича 1950 та лойиҳа ғолиб деб топилган. Ғолиб лойиҳаларни амалга ошириш учун 2 триллион 356 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.
Кўриниб турибдики, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури доирасида бюджет маблағларининг бир қисмини жамоатчилик фикри асосида йўналтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар кўлами янада ортмоқда. Буни лойиҳанинг 2024 йил давомида тасдиқланган ташаббуслар сони ва ажратилган маблағлар миқдори кескин ошганлигида ҳам кўришимиз мумкин.
Қайд этиш жоизки, шу йилга қадар “Ташаббусли бюджет” жараёнлари алоҳида ҳужжат билан тартибга солинмаган эди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2024 йил 30 январдаги қарори билан “Ташаббусли бюджет жараёнларини ўтказиш ҳамда молиялаштириш тартиби тўғрисида Низом” тасдиқланди ва мазкур соҳада долзарб бўлиб турган ҳуқуқий асослар ҳамда жамоатчилик фикри асосида лойиҳаларни шакллантириш, молиялаштириш ва амалга ошириш тартиби белгилаб берилди.
Албатта, Низом асосида барчага бирдек маъқул келган муҳим ўзгариш бу – “Очиқ бюджет” ахборот порталида фуқароларни идентификация қилиш орқали “Бир фуқаро –бир овоз” тамойилининг ишга туширилиши бўлди. Яъни, “Очиқ бюджет” ахборот порталида жисмоний шахснинг мобил рақами маълумотларини Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш марказининг электрон тизими орқали аниқлаштириш имкони яратилди.
Шунингдек, Низом асосида туман (шаҳар)лар бюджетларининг тасдиқланган умумий харажатларининг камида 5 фоизи, қўшимча маблағларининг камида 30 фоизи, ички йўлларни таъмирлаш учун кўзда тутилган маблағлар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг бюджетлари қўшимча маблағларининг 30 фоизи ҳамда вазирлик ва идораларнинг тегишли давр учун тасдиқланган ривожлантириш дастурлари доирасида кўзда тутилган маблағлар айнан “Ташаббусли бюджет” лойиҳаларини молиялаштириш учун йўналтирилиши белгиланди.
Бир сўз билан айтганда, мазкур Низом жамоатчилик фикри асосида лойиҳаларни шакллантириш, саралаб олиш ва ғолибларни аниқлаш тартибларини белгилаб берди.
Яна бир муҳим масала, фуқаролик жамияти институтлари томонидан давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини ривожлантиришга кўмаклашиш йўлида таъсирчан жамоатчилик назорати олиб борилишини рағбатлантириш алоҳида йўналиш сифатида белгиланган. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам “Ўзбекистонни фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича хабга айлантириш”, “Ижтимоий шерикликда амалга ошириладиган лойиҳалар сонини камида 3 бараварга кўпайтириш”, “Давлат дастурларида иштирок этаётган нодавлат нотижорат-ташкилотлари сонини камида 80 тага етказиш” мақсадлари белгиланди. Мазкур жараёнда маҳаллаларнинг фаол иштирокини таъминлаш, айниқса, муҳимдир.
Эътироф этиш жоизки, халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан фуқаролик жамияти институтларининг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган юқоридаги мақсадларни рўёбга чиқаришга қаратилган лойиҳалари сони йилдан-йилга ортмоқда. Жумладан, Жамоат фонди томонидан қўллаб-қувватланган Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси Нишон тумани жамиятининг “Жамоатчилик назорати-ободончилик кафолати” номли давлат гранти лойиҳаси ҳам айнан “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг ижросини таъминлашга қаратилган бўлиб, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига “Ташаббусли бюджет” доирасида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг сифатли бажарилишини жамоатчилик томонидан мониторинг қилишга кўмаклашишни назарда тутади. Лойиҳа доирасида туманда “Ташаббусли бюджет”нинг 2024 йил биринчи мавсумида ғолиб деб топилган жами 11 та маҳаллада, хусусан, 17,3 километр ички йўллар таъмирланиши ва асфальтлаштирилиши, 15 километр ички йўллар шағал қилиниши ва умумтаълим мактаблари таъмирланиши, йўлаклар ва ёрдамчи бинолар қурилиши билан боғлиқ ишларнинг сифатли бажарилиши устидан жамоатчилик назорати тадбирлари олиб борилган ҳамда маҳалла раислари бошчилигидаги “маҳалла назорати” гуруҳи аъзолари ва фаол фуқароларнинг жамоатчилик назоратини таъминлашга оид қонунчилик бўйича ҳуқуқий ва амалий билимлари оширилган. Шунингдек, аниқланган камчиликларни “маҳалла раиси сўрови” асосида ўз вақтида бартараф этиш чоралари кўрилган.

Қайд этиш жоизки, жамиятда коррупциявий ҳолатларга барҳам бериш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан саналади. Бу борада “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган мақсадларга эришишда вилоятдаги бир қатор фуқаролик жамияти институтларининг фаоллиги сезилмоқда. Жумладан, Стратегияда “Коррупциявий омилларни бартараф этиш тизимининг самарадорлигини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ишларини жадал давом эттириш” 89-мақсад сифатида белгиланган. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан ушбу мақсадларни амалга ошириш бўйича “Коррупция – жамият тараққиёти кушандаси” мавзусида 15 йўналишда давлат грантлари танлови эълон қилинган бўлиб, фуқаролик жамияти институтларининг қатор лойиҳалари қўллаб-қувватланган. Хусусан, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси Қашқадарё вилояти ҳудудий бирлашмаси ҳамда Шаҳрисабз тумани жамиятининг “Тиббиёт соҳасида коррупцияга барҳам бериш-муҳим вазифа”, “Ободликни таъминлашга коррупциясиз эришайлик” номли лойиҳалари жамиятдаги коррупциявий иллатларга қарши курашиш борасидаги ишларни янада фаоллаштиришга қаратилган. Хусусан, мазкур лойиҳалар давомида тиббиёт ва маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш соҳаларида турли кўринишларда намоён бўлаётган коррупциявий ҳолатлар фуқаролик жамияти институтлари томонидан жамоатчилик назоратига олинади.
Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш вилоят Кенгаши томонидан ҳам мазкур жараёнда жамоатчилик иштирокида бир қатор самарали чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Кенгаш томонидан ҳудудда коррупция энг кўп тарқалган соҳалар аниқлаб олиниб, аниқланган соҳалар атрофлича ўрганилмоқда ҳамда коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаш аъзолари ва Олий Мажлис Сенати вакиллари, коррупцияга қарши курашиш вилоят Кенгаши аъзолари иштирокида намунавий эшитувлар ўтказиб келинмоқда. Бу борадаги ишларни фаоллаштириш учун тегишли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган ва коррупциявий ҳолатлар кўп учрайдиган банк хизматлари соҳаси алоҳида назоратга олинган.
Бундан ташқари, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ишларини янада жадал давом эттириш мақсадида “Юксалиш” ҳаракати вилоят бўлими томонидан ҳудудий кенгаш аъзолари ва соҳа экспертларини жалб этган ҳолда “Вилоятдаги айрим соҳаларда коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва келгусида олдини олиш чораларини кўриш” мавзусида давлат ташкилотларида мулоқотлар ўтказилган. Мазкур мулоқотлар доирасида ташкилотларда айнан коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олишга бевосита масъул бўлган ходимлар билан индивидуал суҳбатлар ўтказилиб, экспертлар томонидан тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилган.
Бир сўз билан айтганда, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган ҳар бир устувор мақсадни самарали амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларидан янада фаоллик талаб этилади. Зеро, бу жамият ва давлат ўртасида ишончли кўприк вазифасини ўтайди, қолаверса, мамлакатимиз ободлиги ва халқимиз фаровонлигига хизмат қилади.
Даврон Кесимов,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари.
ЎзА