Жаҳон чемпионати тафсилотлари: Модричнинг кетиши ва Роналдунинг эҳтироми
АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлик қилаётган 2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионатида 1/16 финал баҳслари қизғин паллага кирди. Португалия Хорватияни ирода намойиш этган ҳолда мағлуб этган бўлса, Испания Австрия устидан ишончли ғалабага эришиб, икки қўшни мамлакат терма жамоаларининг нимчорак финалдаги тўқнашувига замин яратди.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, Португалия – Хорватия учрашуви драматик тарзда кечди. Ҳисоб 53-дақиқада Иван Перишич томонидан очилди. Бироқ Роберто Мартинес шогирдлари таслим бўлмади. 68-дақиқада Криштиану Роналду пенальтини аниқ ижро этиб, мувозанатни тиклади. Учрашув тақдири эса қўшимча вақтнинг 90+4-дақиқасида ҳал бўлди. Захирадан майдонга тушган Гонсалу Рамушнинг голи Португалияга 2:1 ҳисобида ғалаба ва нимчорак финал йўлланмасини тақдим этди.
Бу ғалаба Роналду учун ҳам алоҳида аҳамият касб этди. Тажрибали ҳужумчи мундиалдаги тўртинчи учрашувида учинчи голини урди. У баҳс давомида юқори самарадорлик намоён этиб, 22 та узатманинг 21 тасини аниқ бажарди, узатмалар аниқлиги 95 фоизни ташкил қилди. 81-дақиқада алмаштирилган Роналду учрашувнинг энг яхши футболчиси деб топилди.

Хорватия терма жамоаси сардори Лука Модрич мундиаллардаги 23-учрашувини ўтказиб, Паоло Мальдини ва Мануэль Нойер билан тенглашди. Бу кўрсаткич бўйича ундан фақат Лионель Месси (29), Криштиану Роналду (26), Лотар Маттеус (25) ва Мирослав Клозе (24) юқорида турибди.
Бироқ ушбу учрашув Модрич учун яна бир жиҳатдан тарихий аҳамиятга эга бўлди. 39 ёшли ярим ҳимоячи Хорватия миллий терма жамоасидаги фаолиятини якунлади. 2006 йилдан буён мамлакат шарафини ҳимоя қилган афсонавий футболчи 200 та учрашувда майдонга тушиб, 27 та гол ва 29 та голли узатма муаллифи бўлди. Учрашувдан сўнг Криштиану Роналдунинг рақибига ҳурмат рамзи сифатида қучоқ очиши футбол оламида катта эҳтиром билан қарши олинди.

Куннинг яна бир баҳсида Испания Австрияни йирик ҳисобда мағлуб этди. "Қизил фуриялар" рақиб дарвозасига жавобсиз учта тўп киритди. Голларга Микел Оярсабаль дубль (37, 89) ва Педро Порро муаллифлик қилди.
Шу тариқа, Жаҳон чемпионатининг нимчорак финалида барчанинг диққат марказида бўладиган яна бир принципиал қарама-қаршилик юзага келди. Португалия ва Испания чорак финал йўлланмаси учун ўзаро куч синашади. Бу баҳс нафақат Пиреней яримороли дербиси, балки турнирнинг энг томошабоп учрашувларидан бири бўлиши кутилмоқда.

Дарвоқе, бироз аввал плей-офф босқичида Швейцария терма жамоаси Жазоир устидан 2:0 ҳисобида ишончли ғалаба қозониб, нимчорак финалга йўл олди. Учрашувда Брель Эмболо ҳамда Дан Ндойе киритган голлар швейцарияликларга ғалабани тақдим этди. Энди Швейцария чорак финал йўлланмаси учун Колумбия — Гана учрашуви ғолиби билан куч синашади.
Бугун ва эртага тонгда 1/16 финал босқичининг сўнгги учта қизиқарли учрашуви бўлиб ўтади. Австралия Мисрга қарши майдонга тушса, Жаҳон чемпионлиги учун асосий даъвогарлардан бири саналган Аргентина Кабо-Верде билан баҳс олиб боради. Куннинг сўнгги учрашувида эса Колумбия ва Гана терма жамоалари нимчорак финал йўлланмаси учун ўзаро куч синашади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА