"Жаҳон чемпионати-2026": "К" гуруҳида жиддий рақобат бўлади
Жорий йилнинг 11 июнидан 19 июлига қадар АҚШ, Канада ва Мексика давлатларида футбол бўйича Жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Унда дунёнинг 48 та терма жамоаси 12 та гуруҳга бўлинган ҳолда мундиал бош соврини учун ўзаро куч синашади.
Мазкур чемпионат ҳақида эълон қилинаётган турли мақолалар, янгиликлар, маълумотлар доимий эътиборимиз марказида бўлади.
Жаҳон чемпионати бошланиши арафасида мусобақа иштирокчиларининг мундиал сари босиб ўтган йўллари ҳақида тўхталиб ўтамиз.
Дастлаб, “К” гуруҳи ҳақида. Мазкур гуруҳдан Португалия, Колумбия, Ўзбекистон, Конго ДР терма жамоалари ўрин олган бўлиб, ундаги баҳслар 17–27 июнь кунлари бўлиб ўтади.

Терма жамоамиз дунё биринчилиги сари илк баҳсларни Осиё саралашининг иккинчи босқичидан бошлаган бўлиб, 14 очко тўплади ва учинчи босқичга ўтди. Учинчи босқичда терма жамоамиз кучли рақибларга қарши муносиб ўйнаб, 21 очко тўплади ва тарихда биринчи бор Жаҳон чемпионатига йўлланма олди.

Гуруҳ етакчиларидан Португалия терма жамоаси Европа қитъасида ўтган саралашнинг “F” гуруҳида 13 очко тўплаб, биринчи ўринни эгаллаган ҳолда дунё биринчилигига чиқди. Жанубий Америка қитъасида КОНМЕБОЛ саралаш босқичида 28 очко тўплаган Колумбия терма жамоаси учинчи ўринни эгаллади ва мундиал иштирокчисига айланди.

Африка қитъасида ўтган саралашда Конго ДР терма жамоаси “B” гуруҳида 22 очко билан иккинчи ўринни эгаллади. Натижада мазкур қитъанинг энг яхши иккинчи ўриндан жой олган 4 жамоанинг бирига айланди. Сўнгра Африка плей-оффида дастлаб Камерунни 1:0, Нигерия устидан пенальтилар сериясида (4:3) ғалаба қозонди.

Бу муваффақият Конго ДР термасига қитъалараро плей-оффда иштирок этиш ҳуқуқини берди. Унда эса Ямайка терма жамоасини 1:0 ҳисобида мағлуб этди ва мундиал йўлланмасини қўлга киритди.
Маълумот учун, миллий терма жамоамизнинг “К” гуруҳидаги учрашувлари тақвими қуйидагича кўриниш олган:
1-тур: Ўзбекистон — Колумбия, 18 июнь соат 07:00;
2-тур: Португалия — Ўзбекистон, 23 июнь соат 22:00;
3-тур: Конго ДР — Ўзбекистон, 28 июнь соат 04:30.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА