"Жаҳон чемпионати-2026": "L" гуруҳида уч қитъа вакиллари тўқнашади
Футбол мухлислари интиқлик билан кутаётган 2026 йилги Жаҳон чемпионати бошланишига саноқли кунлар қолди. АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлигида ўтадиган нуфузли мусобақа арафасида мундиал иштирокчиларининг финал босқичигача бўлган йўлини ёдга олишда давом этамиз.
Бу гал эътиборимиз "L" гуруҳига қаратилди. Унда Англия, Хорватия, Гана ва Панама терма жамоалари плей-офф йўлланмаси учун кураш олиб боради.
Гуруҳнинг энг номдор ва асосий фаворити, шубҳасиз, Англия терма жамоаси. Европа саралашининг "K" гуруҳида иштирок этган инглизлар 24 очко жамғариб, мундиал йўлланмасини қўлга киритди. Шу тариқа жамоа ўз тарихида 17-марта Жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди. Инглизлар 1966 йилда ўз майдонида ўтган мундиалда чемпионликни тантана қилган.

Гуруҳнинг яна бир кучли жамоаси - Хорватия саралаш босқичида Европа минтақасининг "L" гуруҳида 22 очко тўплаб, еттинчи марта Жаҳон чемпионати иштирокчисига айланди. Хорватлар сўнгги йилларда мундиалнинг энг барқарор жамоаларидан бири сифатида эътироф этилмоқда. Терма жамоа 2018 йилги Жаҳон чемпионатида кумуш, 1998 ва 2022 йилги мусобақаларда эса бронза медалларини қўлга киритган.

Африка қитъаси вакили Гана терма жамоаси саралашнинг "I" гуруҳида 8 та ғалаба, бир дуранг ва бир мағлубият қайд этиб, ўз тарихида бешинчи бор мундиал йўлланмасини қўлга киритди. Ганаликлар аввал ҳам 2006, 2010, 2014 ва 2022 йилги Жаҳон чемпионатларида иштирок этган. Африка футболида ўзига хос ўринга эга бўлган ушбу жамоа йирик мусобақаларда кутилмаган натижалар қайд этиш салоҳияти билан ажралиб туради.

Гуруҳнинг тўртинчи иштирокчиси Панама бўлиб, Марказий Америка вакиллари КОНКАКАФ саралашининг иккинчи босқичида 12 очко жамғарди. Кейинчалик учинчи босқичнинг "А" гуруҳида ҳам шу натижани такрорлаб, мундиалга чиқиш вазифасини муваффақиятли уддалади. Панама терма жамоаси ўз тарихида иккинчи марта Жаҳон чемпионати финал босқичида иштирок этади.

"L" гуруҳидаги баҳслар 17–27 июнь кунлари бўлиб ўтади:
17 июнь
Англия — Хорватия (Арлингтон)
Гана — Панама (Торонто)
23 июнь
Англия — Гана (Фоксборо)
Панама — Хорватия (Торонто)
27 июнь
Панама — Англия (Ист-Ратерфорд)
Хорватия — Гана (Филадельфия)
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА