“Jahon adabiyoti” журналининг янги сони нашрдан чиқди
Журнал филология фанлари доктори, профессор Иброҳимжон Йўлдошевнинг “Низомий ва Навоий (Низомий мадҳида) номли адабий мақоласи билан бошланади. – Шарқ адабиётида “Хамса” яратиш анъанасини айнан Низомий Ганжавий бошлаб берган. Шунинг учун ҳам у хамсачиликнинг кашшофи дея эътироф этилади. Бу анъанани кейинчалик Алишер Навоий давом эттириб, туркий тилда илк бор ўз “Хамса”сини яратди, деб ёзади олим. Мақолани ўқинг. Унда икки буюк сўз устасининг жаҳон адабиёти хазинасига қўшган ҳиссаси, уларнинг салмоғи ҳақида сўз боради.
“Шеърият минтақалари” рукнида Фёдор Тютчев, Афанасий Фет, Константин Бальмот, Эдуард Асадов, Булат Окуджава, Элдар Рязанов, Андрей Дементьев, Роберт Рождественский, Евгений Евтушенко, Валентин Гаф ва Иосиф Бродский каби рус шоирлари ижодидан баҳраманд бўласиз. Атоқли рус шоири Евгений Евтушенконинг оналарга бағишланган қуйидаги шеъри ҳар қандай қалбни ларзага келтирди:
Кетаётир оналаримиз,
Аста-аста оёқ учида.
Қорнимиз тўқ, ухлаяпмиз биз,
Сезмаяпмиз ғафлат ичида.
Бирданига кетмас оналар,
Аммо бизга шундай туюлар.
Йиллар гўё узун зиналар,
Бир-бир босиб кетишар улар.
Биз уйғониб, ногоҳ талпиниб,
Қўл чўзамиз – муаллақ қолар.
Гўё шаффоф парда ёпилиб,
Онамизни бағрига олар.
Кечикибмиз, йиғлаймиз изз-изз,
Мужда маржон жолаларимиз.
Қатор бўлиб, оҳиста, унсиз
Кетаётир оналаримиз...
Шеърларни рус тилидан Худойберди Комилов таржима қилган. Шунингдек, журналнинг янги сони орқали Нобел мукофоти совриндорлари Ласло Краснохоркаининг “Ҳомер изидан” романи (инглиз тилидан Нурали Қаҳрамон таржимаси), Перл Бакнинг “Серҳосил замин”(Инглиз тилидан Рухсора Нур таржимаси) романлари билан танишасиз. Таниқли адиб Сергей Довлатовнинг “Акам” номли ҳикоясини рус тилидан Низом Комилов таржимасида ўқийсиз.
Бертольд Брехтнинг “Артуро Уининг омади” номли драмаси, Фредерик Старрнинг “Йўқотилган маърифат: Марказий Осиёнинг араб истилосидан Темургача бўлган олтин даври (русчадан Муродилла Ҳайдаров таржимаси) мақоласи билан танишасиз.
Журналнинг “Ёднома” саҳифасидан Муҳиддин Абдураҳимнинг “Сокин ва ўйчан” номли адабий мулоҳазалари жой олган.
“Адабиётшунослик. Фалсафа рукнида атоқли адабиётшунос (марҳум) Аҳмад Отабойнинг “Модернизмни қандай тушунамиз?” номли адабий мақоласи билан танишасиз.
А.Нарзуллоев, ЎзА