Фармон ва ижро
Президентимизнинг 2025 йил 8 майдаги “Камбағал оилаларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонига асосан жойларда тизимли ишлар қилинмоқда. Ушбу ҳужжат орқали мамлакатда камбағалликка қарши курашда янги, аниқ ва адолатли механизмлар жорий этилмоқда.

Хусусан, янги тартиб асосида ёрдамлар эндиликда ҳар бир оиланинг аниқ эҳтиёжига қараб белгиланади, бунда замонавий технологиялардан фойдаланилган ҳолда шаффофлик таъминланади. Жорий йил 15 майдан бошлаб камбағал оилалар уларнинг молиявий, ижтимоий ҳолатига қараб уч тоифага (қизил, сариқ ва яшил) ажратилади. Муҳими, мазкур тоифаларга ажратиш ишлари инсон аралашувисиз, махсус ахборот тизими орқали амалга оширилади. Бу эса коррупция ва таниш-билишчиликнинг олдини олади.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи Миразиз Мирсултоновнинг баён қилишича, ҳозирда, ҳудудда жами 28 минг 801 та камбағал оила, уларнинг 125 минг 102 нафар аъзоси аниқланди. Улар махсус ахборот тизими орқали тоифаларга ажратилган. Жумладан, 4 минг 69 та оила (17 минг 610 аъзо) қизил тоифа, 22 минг 716 та оила (98 минг 993 аъзо) сариқ тоифа, 1 минг 263 та оила (5 минг 368 аъзо) эса яшил тоифага мансуб деб белгиланди.


Ҳар бир тоифа учун индивидуал ёрдам пакетлари шакллантирилган бўлиб, ижтимоий барқарорликни таъминлашда бу ёндашув жуда катта аҳамият касб этмоқда. Келгусида бу тизим нафақат эҳтиёжмандларга ёрдам бериш, балки уларни мустақил ва фаровон ҳаётга қайтариш йўлида самарали воситага айланиши кутилмоқда.
А.Мусеав,ЎзА.