Кейинги йилларда қизларни олий таълим билан қамраб олиш бўйича кўплаб имкониятлар яратилмоқда. Уларнинг аҳамияти, амалиётда қандай ўз тасдиғини топаётгани хусусида ЎзА мухбири Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги бошқарма бошлиғи Дилшода Мирзажонова билан суҳбатлашди.
Юртимизда хотин-қизларнинг олий таълим муассасаларига кириш имкониятлари тобора кенгаймоқда. Айниқса, эҳтиёжманд оилалардаги қизларни олий таълимга кенгроқ жалб этиш бўйича янги тизим жорий этилди.
– Яъни, ҳар бир вилоят ҳокимлиги томонидан маҳаллий бюджет ҳисобидан 150 нафардан олий маълумотли бўлиш истагидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг шартнома пули тўлаб берилиши белгиланди. Ушбу имтиёз айнан кимларга қўлланилади?
– Албатта, бу янги тизим. Шундай бўлсада, ушбу тизимни амалиётга жорий этиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган. Бу имтиёздан фақат кам таъминланган оилалардаги хотин-қизлар, ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, яъни етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизлар ҳамда ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, яъни боқувчисини йўқотган (турмуш ўртоғи вафот этган), вояга етмаган фарзандларни ёлғиз тарбиялаётган эҳтиёжманд аёллар фойдалана олади.
– Ушбу имтиёз ўз эгаларига манзилли етиб бориши, бюджет маблағлари мақсадли йўналтирилиши учун нималарга эътибор қаратиш зарур?
– Олий таълим муассасаларига базавий тўлов-контракт асосида қабул қилинган ва 2 — 4-курсларда таҳсил олаётган, тегишли қарорда белгиланган мезонларга мос келувчи хотин-қизлар тест натижалари эълон қилинган кундан бошлаб аризани ҳар йили 10 календарь кун ичида олий таълим муассасаси қабул комиссиясига тақдим этади.
Ҳар бир давлат олий таълим муассасаси белгиланган мезонлар асосида талабгорлар рўйхатини таҳлил қилиб, 5 календарь иш кунида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига юборади. Вазирлик томонидан ҳар йили 5 календарь иш куни ичида талабгорларнинг рўйхати, талаб этилган ҳужжатлар баллар кетма-кетлигига қатъий риоя этилган ҳолда бакалавриат таълим йўналишлари ва ўқув йили учун тўлов-контракт миқдорлари аниқ кўрсатилган ҳолда ёзма равишда доимий яшаш жойи бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига юборилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизларнинг олий таълим олишини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш комиссияси тузилади. Комиссия тақдим этилган талабгорлар рўйхатини кўриб чиқади.
Комиссия 5 календарь иш кунида ишчи гуруҳ томонидан тақдим этилган тегишли ҳужжатларни ўрганиб, талабгорларнинг тўплаган баллари, ҳудудлардаги таълим йўналишлари бўйича кадрларга бўлган эҳтиёж ҳамда талабгорларнинг таҳсил олаётган босқичларини инобатга олиб, 150 нафар хотин-қизларни саралаб олади ва Оила ва хотин-қизлар қўмитасига юборади.
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси 10 календарь иш кунида талабгорларнинг тавсияномаларини тасдиқлайди ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига юборади.
Комиссия ҳар ўқув йилида 1 октябрдан кеч бўлмаган муддатда базавий тўлов-контракт суммалари тўлаб берилиши белгиланган (тавсиянома берилган) хотин-қизлар рўйхатини ҳамда шартномани имзолаш бўйича хулосаларни тегишлилиги бўйича давлат олий таълим муассасаларига ёзма равишда киритади ва белгиланган тартибда шартномаларни расмийлаштиради. 2022/2023 ўқув йилида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан жами 2 минг 53 нафар эҳтиёжманд хотин-қизларнинг шартнома пули тўлаб берилди.
– Албатта, ушбу имтиёздан кўпчилик фойдаланишни хоҳлайди, лекин имтиёз ҳар бир ҳудуддан фақат 150 нафар талабага қўлланилади. Имтиёз ҳақиқий эгасига етиб бориши учун зарур чораларни кўриш Комиссия аъзоларидан алоҳида масъулиятни талаб қилади. Бу борада фикрингиз...
– Дарҳақиқат, ушбу жараёнда энг асосий масала — имтиёз ҳақиқий эгасига етиб бориши, яъни жами талабгорлар орасидан энг муҳтож талабгор хотин-қизларни саралаш ва уларга амалий ёрдам кўрсатишдир. Белгиланган тартибга кўра, Комиссия аъзолари туман (шаҳар)ларга бириктирилади, туман (шаҳар) ҳокимининг ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи ҳамда тегишли маҳалладаги хотин-қизлар фаолларидан иборат таркибда ишчи гуруҳ тузилади.
Ишчи гуруҳ талабгорларнинг доимий яшаш жойи бўйича ҳақиқий ижтимоий ҳолатини ўрганади. Ўрганиш натижаларига кўра ишчи гуруҳ ҳар бир талабгор бўйича далолатнома тузади ва Комиссияга тақдим қилади. Бу ўринда ишчи гуруҳига ҳам катта масъулият юкланади.
– Белгиланган тартибга кўра, талабгорлар аризани олий таълим муассасаси қабул комиссиясига тақдим этади, деб таъкидладингиз. Комиссияга қўшимча яна қандай ҳужжатлар тақдим этилади?
– Олий таълим муассасаси қабул комиссияси томонидан талабгорларнинг ижтимоий ҳолати тўғрисида маълумотлар «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали олинади. Шунингдек, ишчи гуруҳлар томонидан зарур ҳолларда кўрсатилган мезонларни тасдиқловчи маълумотлар ва тегишли ҳужжатлар «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали олинади.
– Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ушбу имтиёзни манзиллилигини таъминлаш учун қандай ҳаракатларни амалга оширади?
– Вазирлик масъуллари томонидан ушбу имтиёзнинг мазмун ва моҳияти тарғиб этилади, қарорнинг амалиётга татбиқ этиш жараёнини ўрганади, мавжуд муаммоларни аниқлайди, уларнинг сабабларини ўрганади ва бартараф этиш чораларини кўради. Шунингдек, аҳоли ва соҳа мутахассислари фикрини ўрганади, зарур ҳолатларда ушбу қарорга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритади.
Албатта, бу хотин-қизлар учун жуда катта имконият, бу каби ижтимоий дастурларни амалиётга самарали татбиқ этиш натижасида қанчадан қанча хотин-қизларнинг ҳаёт даражаси ижобий томонга ўзгармоқда, бу ўз навбатида, ижтимоий давлатнинг аҳамияти ва ҳаётий кўринишини амалда намоён этмоқда.
Н.Усмонова, ЎзА