Эҳтиёжманд хотин-қизларга 22 миллион сўмгача ижтимоий ёрдам кўрсатилади
Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди. Айниқса, оғир турмуш шароитига тушиб қолган, кўмакка ва суянчга муҳтож аёлларни тизимли қўллаб-қувватлаш мақсадида яратилган «Аёллар дафтари» жамғармаси бугунги кунда минглаб оилалар рўзғорига қут-барака ва умид олиб кирмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 11 сентябрдаги “Барқарор иш ўринларини яратиш ва кичик бизнесни жадал ривожлантириш орқали аҳоли даромадларини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқди.
Мазкур ҳужжат билан «Аёллар дафтари» орқали кўрсатиладиган ижтимоий ёрдам кўлами нафақат кенгайтирилди, балки эҳтиёжманд опа-сингилларимизнинг саломатлигини тиклаш ва уй-жой шароитларини яхшилаш билан боғлиқ кўплаб бюрократик тўсиқлар олиб ташланиб, маблағ ажратиш тартиблари максимал даражада соддалаштирилди.
Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Имомали Туев бу борада қуйидагиларни маълум қилди:
–Мазкур фармонига мувофиқ, “Аёллар дафтари” жамғармаси ҳисобидан кўрсатиладиган ижтимоий ёрдамнинг янги йўналишлари жорий этилди ҳамда уларни ажратиш тартиблари соддалаштирилди. Эндиликда, хотин-қизларга уй-жойини таъмирлаш учун БҲМнинг 50 бараваригача, яъни 22 миллион сўмгача ижтимоий ёрдам кўрсатилади.
Хўш, кимлар ушбу ёрдамдан фойдаланиши мумкин?
Бу ёрдам ижтимоий реестрга киритилган оилалар, оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатлари миқдорининг икки бараваридан ошмайдиган оилаларга ажратилади.
Мисол учун, оила 5 нафар аъзодан — эр-хотин ва 3 нафар вояга етмаган фарзанддан иборат. Оиланинг ойлик жами даромади 7 миллион сўмни ташкил этади. 7 миллион сўмни 5 нафар оила аъзосига тақсимлаганда, ҳар бир кишига 1,4 миллион сўмдан тўғри келади. Минимал истеъмол харажатларининг икки баравари 1 миллион 430 минг сўмни ташкил этгани сабабли, мазкур оила даромад мезони бўйича ушбу ёрдамни олиш ҳуқуқига эга бўлиши мумкин.
Ёрдам ажратиш тартиби қандай?
Уй-жойни таъмирлашга ҳақиқий эҳтиёж «маҳалла еттилиги» томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганилади. Бунда уй-жойнинг фуқаронинг ўзига, турмуш ўртоғига ёки у билан бирга яшовчи оила аъзоларидан бирига мулк ёхуд бошқа қонуний ҳуқуқ асосида тегишли экани инобатга олинади. Ўрганиш натижалари бўйича тегишли далолатнома расмийлаштирилади.
Шунингдек, туман (шаҳар) штаблари ажратилган маблағлар доирасида даромад мезонига мос келмайдиган, бироқ ижтимоий реестрга киритилмаган бўлса-да, камбағалликка тушиш хавфи мавжуд бўлган ҳамда бошқа эҳтиёжманд оилаларга ҳам ёрдам кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.
Қаерга мурожаат қилиш керак?
Ушбу ижтимоий ёрдамдан фойдаланиш учун яшаш жойингиздаги маҳалла хотин-қизлар фаолига ариза билан мурожаат қилишингиз мумкин.
Гулноза Бобоева,
ЎзА