Ижтимоий ҳимоя: талаба ташаббуси билан хайрли ишлар йўлга қўйилди
Андижон давлат педагогика институти олигофренопедагогика йўналиши 3-босқич талабаси Имонахон Ҳабибуллаева ўзи яшаётган Қўрғонтепа туманидаги Савай маҳалласида “Нурли қалблар” деб номланган кундузги парвариш муассасасини ташкил этди.
Бугунги кунда олий таълимнинг муҳим вазифаларидан бири талабага нафақат назарий билим бериш, балки уни ташаббускор, амалий кўникмаларга эга, тадбиркор ва янги иш ўринлари ярата оладиган салоҳиятга эга мутахассис сифатида тайёрлашдир.
Бу борада Андижон давлат педагогика институтида ташаббускор ва малакали мутахассислар тайёрлаш, ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, институтнинг 3-босқич талабаси Имонахон Ҳабибуллаева ўз мутахассислиги йўналишида ташкил этган “Нурли қалблар” кундузги парвариш муассасасида 50 нафардан ортиқ имконияти чекланган болалар учун махсус парвариш ва ривожлантирувчи машғулотлар олиб борилмоқда.


Муассасада фаолият олиб бораётган 25 нафар ходимнинг 6 нафари Андижон давлат педагогика институти талабаларидир. Улар бир вақтнинг ўзида таълим олмоқда, амалий фаолият билан шуғулланиб, касбий кўникмаларини мустаҳкамламоқда.
Талаба Имонахон Ҳабибуллаева таълим, амалиёт ва тадбиркорликнинг уйғунлашиши амалда қандай натижа бериши мумкинлигини кўрсата олди. Унинг ташаббуси билан 25 кишининг бандлиги таъминланди, 50 нафардан ортиқ жисмоний имконияти чекланган болага хизмат кўрсатиш тизими йўлга қўйилди, талабалар учун амалий тажриба майдони яратилди.
Андижон давлат педагогика институти ректори, профессор Бахтиёр Расулов талаба ташаббуси билан ташкил этилган “Нурли қалблар” кундузги парвариш муассасасида бўлиб, муассаса фаолияти, яратилган шароитлар ва имконияти чекланган болалар иштирокидаги машғулотлар билан танишди.
Шунингдек, ректор муассасада дуал таълим асосида таҳсил олаётган ва меҳнат қилаётган талабалар билан ҳам мулоқот ўтказиб, уларнинг назарий билимларини амалиётда қўллаш жараёни, касбий кўникмалари ва келгусидаги режалари билан қизиқди.


Маскан фаолияти билан танишиш асносида ректор муассаса фаолиятини янада ривожлантириш, талаба ташаббусини қўллаб-қувватлаш ҳамда институт билан тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш, хусусан, “Нурли қалблар” муассасасини институтнинг амалиёт базасига айлантириш бўйича таклифни илгари сурди. Ана шу таклиф асосида институт ва муассаса ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
Мазкур ҳамкорлик институт талабаларига билимларини амалиёт билан мустаҳкамлаш, махсус педагогика йўналишда амалий тажриба орттириш ва бўлажак мутахассис сифатида шаклланиш учун кенг имконият беради.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири