Ижтимоий ҳимоя: олис манзиллар чорлаганда
Мамлакатимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг муаммоларини манзилли ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада, тоғли ва тоғолди ҳудудларида фаолият юритаётган ижтимоий ходимларнинг хизмати муҳим аҳамият касб этади.
Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидаги олис “Илғор” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам аҳолига комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатиш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Маҳаллада 1 минг 116 та оила ва 878 та хонадон мавжуд бўлиб, 118 нафар ногиронлиги бўлган шахс рўйхатга олинган. Йил бошидан буён аҳолидан 200 дан ортиқ мурожаат қабул қилинган ва уларнинг қарийб 90 фоизи ижобий ҳал этилган. Бу эса фуқароларнинг муаммоларини жойида ўрганиш ва уларга индивидуал ёндашув асосида ёрдам кўрсатиш самарадорлигини кўрсатади. Ҳудудда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар билан ишлаш жараёнида уларнинг моддий аҳволи, саломатлиги, бандлиги ва бошқа эҳтиёжлари атрофлича ўрганилмоқда. Аниқланган муаммолардан келиб чиқиб, ҳар бир оила учун зарур ёрдам чоралари белгиланяпти.
Жумладан, маҳаллада яшовчи Азамат Хотамовнинг оиласи ҳам ижтимоий кўмакка муҳтож хонадонлардан бири сифатида ўрганилди. Уч нафар вояга етмаган фарзанднинг отаси бўлган Азамат аканинг турмуш ўртоғи Нигора Нурматова узоқ йиллардан буён оғир хасталик билан курашиб келади. А.Хотамовнинг ўзида ҳам соғлиғи билан боғлиқ муаммолар мавжуд бўлиб, ўнг қўли ва ўнг оёғи ҳаракатида чекловлар бор.

Мазкур ҳолат оиланинг моддий таъминотига ҳам таъсир кўрсатган. Шу боис ижтимоий ходим томонидан хонадоннинг аҳволи ўрганилиб, мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича зарур чоралар кўрилди. Дастлаб оиланинг моддий аҳволини яхшилаш мақсадида болалар нафақасини тайинлаш бўйича амалий ёрдам кўрсатилди. Кейинчалик Азамат Хотамов ва унинг турмуш ўртоғи ногиронликни белгилаш масаласини ҳал этиш учун туман тиббиёт бирлашмасига йўналтирилди. Натижада уларга ногиронлик белгиланди.
Шунингдек, Азамат аканинг бандлигини таъминлаш чоралари кўрилиб, у мактабга ишга жойлаштирилди. Бу саъй-ҳаракатлар оиланинг даромад манбаини шакллантириш ва турмуш шароитини яхшилашда муҳим қадам бўлди.
Оилага кўрсатилаётган ёрдам бир марталик кўмак билан чекланиб қолмади. Ижтимоий ходим хонадонга мунтазам бориб, уларнинг шароитини ўрганиб бормоқда. Зарур ҳолларда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда муаммоларни ҳал этиш чоралари кўриляпти. Хусусан, 2025 йилги куз-қиш мавсумида электр энергияси ва табиий газ харажатларини қоплаш учун оилага 1 миллион сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам берилди. 2026 йил январь ойида “Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Рамазон ойида эса “Вақф” жамғармаси томонидан 1 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам ҳам ажратилди.
Бундай чора-тадбирлар эҳтиёжманд оилаларнинг кундалик муаммоларини енгиллаштириш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва ҳаётга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Бундан ташқари, Илғор маҳалласи ижтимоий ходими Азамат Қўлдошов ҳам ўз фаолиятида аҳолига ҳар қандай шароитда ёрдам кўрсатишни бурчи деб билади. У ҳудуддаги эҳтиёжманд фуқароларнинг ҳолидан хабар олиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва зарур ижтимоий хизматларни етказиш учун бор имкониятдан фойдаланади. Айниқса, техника воситалари етиб бориши қийин бўлган ҳудудларда унинг меҳнати ва фидойилиги яққол намоён бўлади. Бундай манзилларга Азамат Қўлдошов от миниб боради. У ерда истиқомат қилувчи аҳоли билан суҳбатлашиб, уларнинг эҳтиёжларини аниқлайди ва муаммоларни ҳал этишга кўмаклашади.
— Ижтимоий хизмат ҳар бир инсонга, унинг яшаш жойи қанчалик олис бўлмасин, етиб бориши керак, — дейди Азамат Қўлдошов. — Баъзан техника воситалари ҳаракатлана олмайдиган манзилларга от миниб боришга тўғри келади. Мен учун энг муҳими — ёрдамга муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиш, уларнинг муаммоларини тинглаш ва имконим борича ечим топишга кўмаклашиш. Одамларнинг юзида мамнуниятни кўриш, уларнинг ташвишларини енгиллаштириш менга куч бағишлайди. Шунинг учун ҳам ўз касбимдан фахрланаман.

Дарҳақиқат, ижтимоий ходимнинг вазифаси фақат мурожаатларни қабул қилиш ёки моддий ёрдам кўрсатишдан иборат эмас. Бу, аввало, инсон тақдирига бефарқ бўлмаслик, унинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва муносиб ечим топишга кўмаклашишдир. “Илғор” МФЙда амалга оширилаётган ишлар ҳам ижтимоий хизматларни аҳолига яқинлаштириш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ҳаётида ижобий ўзгаришларга эришишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Муҳими, манзилли ижтимоий хизмат орқали ҳар бир инсон эътибор ва ғамхўрликни ҳис этиши, ўз муаммолари билан ёлғиз эмаслигини англаши керак. Бу эса аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг асосий мазмунидир.
А.Мусаев, ЎзА