Ижтимоий ходим – оилалар учун кўмакчи
Маҳаллада ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар билан ишлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва зарур ёрдамни манзилли ташкил этишда ижтимоий ходимларнинг ўрни тобора ортиб бормоқда.
Улар учун энг катта рағбат кўрсатилган ёрдамдан сўнг инсоннинг ҳаётида ижобий ўзгариш бўлганини кўриш, оила аъзоларининг миннатдорчилиги ва эртанги кунга ишончининг ортишидир.
Бугунги қаҳрамонимиз Қашқадарё вилояти Миришкор туманидаги Миришкор маҳалласи ижтимоий ходими Малика Аминова. У 2024 йил ноябрь ойидан буён аҳоли билан ишлаб, ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Ҳозир Миришкор маҳалласида 3 минг 974 нафар аҳоли истиқомат қилади. Малика Аминова фаолияти давомида 48 та оила бўйича “Ижтимоий иш” очилиб, уларнинг ҳар бири учун индивидуал режа ишлаб чиқилган. Шу асосда оилаларга эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда тегишли ижтимоий хизматлар кўрсатилмоқда.
Бундай ёндашувнинг самараси муайян оилалар мисолида ҳам яққол кўринади.

Жумладан, 28 ёшли Дилшод Қўчқоров II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар рўйхатида туради. Ижтимоий ходим томонидан унинг оилавий ва ижтимоий шароити ўрганилганда, саломатлиги билан боғлиқ жиддий муаммолар мавжудлиги, даволаниш ва моддий кўмакка эҳтиёжманд экани аниқланган.

Шундан сўнг оилага “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан озиқ-овқат маҳсулотлари ва моддий ёрдам кўрсатилди. Оила “Ижтимоий реестр”га киритилиб, бола нафақаси тайинланди.
Шунингдек, Дилшод Қўчқоров “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида уйда қараб туриш хизмати билан қамраб олинди. Унга онаси қараб турувчи сифатида бириктирилиб, оилага ижтимоий кўмак кўрсатиш ишлари давом эттирилди.

Оиланинг эҳтиёжлари бу билан чекланмади. Дилшоднинг онаси Муҳаббат опага ҳам “Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан 20 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам ажратилди. Бу маблағ эвазига у вилоят кўп тармоқли шифохонасида даволаниб қайтди.
Айни пайтда мазкур оила давлат таъминотидаги оилалар рўйхатига киритилган.

Малика Аминова каби ижтимоий ходимларнинг кундалик фаолияти ортида ана шундай инсон тақдирлари, оилавий муаммолар ва уларнинг ечими мужассам. Муҳими, ижтимоий хизмат нафақат моддий ёрдам кўрсатиш, балки инсонни қўллаб-қувватлаш, унинг имкониятларини рўёбга чиқариш ва ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашишга қаратилмоқда.
Зеро, бир оиланинг муаммоси ҳал этилса, нафақат бир инсоннинг, балки бутун оиланинг эртанги кунга ишончи мустаҳкамланади.
Ўлмас Баротов,
ЎзА мухбири