Ижодий бирлашмаларни ташкил этиш масалалари муҳокама этилди
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигида ижодий бирлашмаларни ташкил этиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Айтиш керакки, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 1 июнь куни мамлакатимиз маданият ва санъат намояндалари билан ўтказган учрашувида жойларда санъатнинг турли йўналишларини янада ривожлантириш, “устоз-шогирд” анъаналарини кенгроқ йўлга қўйиш мақсадида санъатнинг турли йўналишлари бўйича ижодий бирлашмаларни ташкил этиш масаласига жиддий эътибор қаратган эди.
Муҳокамада Президентимиз фармонига мувофиқ маданият, санъат ва адабиёт йўналишларида жами 21 та ижодий бирлашма: адабиёт ва нашриётчилик, кино, театр, тасвирий санъат, мақом санъати, миллий ва академик чолғу ижрочилиги, эстрада, рақс, мода ва дизайн санъати ҳамда бошқа қатор йўналишларни қамраб олиш жараёнлари юзасидан таклифлар кўриб чиқилди.
Шунингдек, ижодий бирлашмаларнинг ижодий раҳбарлари ҳамда уларнинг ташкилий фаолиятига кўмаклашувчи ҳамраҳбарлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланиши қайд этилди. Ижодий раҳбарлар ўз йўналишлари бўйича янги истеъдодларни аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлаш ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришга масъул бўлади.
Муҳокама давомида мазкур тизимни самарали ташкил этиш, ижодкорлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда соҳада янги истеъдодларни кашф этиш ва рағбатлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Н.Усмонова,
ЎзА