Ижод, изланиш, маҳорат байрамига айланган халқаро фестиваль
Мамлакатимиз рассом ва дизайнерлари, қўлигул уста ва ҳунармандлари, ҳайкалтарошларининг машаққатли меҳнати, юксак маҳорати сабабли Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий мажмуаси каби муҳташам ва муаззам масканлар қад ростламоқда. Ўзбекистон Бадиий академияси ташаббуси билан ташкил этилган Халқаро тасвирий ва амалий санъат фестивали маҳоратли ижодкорларни ягона маърифий платформага тўплагани билан аҳамиятли бўлди.
Бир ҳафта давом этган мазкур ижодий фестиваль халқаро мақоми билан алоҳида аҳамият касб этди. Унда туркий давлатлар билан бирга Россия, Хитой, Корея, Франция, Руминия ва бошқа кўплаб хорижий давлатлар ижодкорларининг асарлари мухлислар эътиборига ҳавола этилди.
Халқаро тасвирий ва амалий санъат фестивали кейинги йилларда мамлакатимизда нафис санъат соҳасида эришилган ютуқларни халқаро миқёсда кенг намойиш этиш, мўйқалам соҳибларининг ўзаро фикр ва тажриба алмашиши учун имконият яратишда алоҳида аҳамият касб этди.
[gallery-28967]
Мазкур фестиваль мамлакатимиз ёшлари ижодини кенг жамоатчилик, халқимиз эътиборига ҳавола этгани билан ҳам диққатга сазовор бўлди. У бир вақтнинг ўзида мамлакатимизнинг турли ҳудудларида ҳам юксак савияда ўтказилди.
Фестиваль доирасида турли кўргазмалар, маҳорат дарслари, анжуманлар, талабалар ижодига оид либослар намойиши, ижодий пленерлар бўлиб ўтди. Умумий ҳисобда ушбу фестиваль юзлаб ижодий тадбирларни ўзада мужассам этгани билан аҳамиятли бўлди. Тадбир қатнашчилари мамлакатимизда кейинги йилларда барпо этилган маърифий иншоотлар билан танишди. Юртимиздаги ўзгаришлар хорижлик меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Фестиваль мўйқалам соҳибларига янги илҳом ва изланиш завқини тақдим этгани аниқ.
Тадбир якунида ижодий ишлари энг яхши деб топилган муаллифлар тақдирланди.
Н.Усмонова, Ф.Абдурасулов (сурат), ЎзА мухбирлари