Италияда юзлаб мактабларга портлаш таҳдиди ҳақида хабарлар юборилди
Италияда юзлаб мактабларга портлаш хавфи ҳақида бир хил мазмундаги электрон хатлар келиб тушди. Мазкур таҳдидли хабарлар юзасидан полиция тергов ишларини бошлади.
Мамлакат таълим вазири Жузеппе Валдитара “La7” телеканалига берган интервьюсида хабарлар сохта бўлиши мумкинлигини билдирди. Унинг таъкидлашича, таҳдидларнинг бир вақтда кўплаб таълим муассасаларига юборилгани уларнинг ҳақиқийлигига шубҳа уйғотмоқда.
Римдаги мактаблардан бири ота-оналарга йўллаган билдиришномасида барча ўқувчилар эвакуация қилингани ва ўқитувчилар назорати остида эканини маълум қилди.
“Reuters” хабарига кўра, таҳдидли хатлар «Михаил Андропов, Мизогинистон вилояти раҳбари» номи билан имзоланган. Худди шундай имзо 6 ноябрь куни Ирландия ва Болгариядаги ОАВ таҳририятларига юборилган хабарларда ҳам учраган.
Сўнгги кунларда Европанинг қатор мамлакатларида аэропортлар, авиакомпаниялар, банклар, супермаркетлар ва телекомпанияларга ҳам портлаш таҳдидлари келиб тушган. Айрим авиарейслар йўналиши ўзгартирилиб, самолётлар қўшимча текширувдан ўтказилган. Бироқ текширилган ҳаво кемаларида портловчи моддалар аниқланмаган.
Сўнгги маълумотларга кўра, таҳдидли электрон хатлар Италиядаги қарийб 6,3 мингта таълим муассасасига юборилган. Ўлкада камида 300 та мактаб эвакуация қилингани айтилмоқда.
Италия бош вазири Жоржа Мелони текширувларда реал хавф мавжудлигини тасдиқловчи далиллар аниқланмаганини билдирди. У вазиятни муҳокама қилиш ва хавфсизлик чораларини мувофиқлаштириш учун ҳукумат аъзолари, разведка ҳамда киберхавфсизлик идоралари раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказмоқчи.
Форли шаҳри маъмурияти ҳам расмий баёнотида мактабларда ўтказилган текширувлардан сўнг хавф бартараф этилгани, портлаш эҳтимолини тасдиқловчи далиллар топилмаганини маълум қилди.
Шу каби таҳдидли хатлар Шимолий Ирландия ва Шотландиядаги мактабларга ҳам юборилган. Маҳаллий полиция уларни ишончсиз деб баҳолаган. Ҳозирча хабарларни ким тарқатгани аниқланмаган.
А.Маматов, ЎзА