IT Park резидентлари билан очиқ мулоқот
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан Самарқанд вилоятда фаолият юритаётган IT Park резидентлари билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Мулоқот аввалида мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, юқори технологияларга асосланган иқтисодий моделни шакллантириш, IT-тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва миллий IT-хизматларни ташқи бозорларга олиб чиқиш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларга урғу қаратилди. Давлатимиз раҳбарининг мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан белгилаб берилган келгуси ўн йилликка мўлжалланган устувор вазифалар, жумладан, иқтисодиётни юқори технологиялар ва меҳнат унумдорлигига асосланган янги моделга ўтказишга қаратилган мақсадлар рақамли технологиялар соҳасидаги ислоҳотлар билан узвий боғлиқ экани таъкидланди.
Очиқ мулоқотда “Рақамли технологиялар халқаро маркази тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий Қонуни билан рақамли технологиялар, инновациялар ва стартаплар учун халқаро талабларга мос махсус ҳуқуқий муҳит яратилаётгани, инвестицияларни жалб қилиш, IT-хизматлар экспортини кенгайтириш, меҳнат муносабатлари, солиқ ва божхона, маълумотларни ҳимоя қилиш ҳамда интеллектуал мулк соҳаларида янги ҳуқуқий механизмлар жорий этилаётгани айтиб ўтилди.
Тадбирда қайд этилганидек, Самарқанд вилоятида IT Park резидентлари сони 2025 йилнинг III чорагидаги 169 тадан 2026 йил 10 сентябрь ҳолатига 228 тага етди. Резидентлар томонидан кўрсатилган хизматлар ҳажми 333,7 млрд сўмни ташкил этиб, бир йилда 2,1 баробарга, экспорт хизматлари эса 19,4 млн долларга етиб, 2,8 баробарга ошган.
Тадбир давомида IT Park резидентлари қонун нормаларининг амалиётда қўлланилиши, мавжуд имтиёз ва имкониятлардан фойдаланиш, инвестиция, экспорт, солиқ, меҳнат муносабатлари ва бошқа йўналишлар бўйича қатор саволлар билан мурожаат қилди ва тегишли жавоблар берилди.
М.Комилова, ЎзА