Рақамли технологиялар вазирлиги ва IT Park Uzbekistan томонидан "Offshore Outsourcing Conference" халқаро конференцияси ташкил этилди.
Тадбир Ўзбекистондан IT-хизматларни экспорт қилиш ва барқарор глобал IT-аутсорсинг экотизимини яратиш бўйича янги имкониятларни муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилди. Конференция 250 та компаниядан 280 дан ортиқ меҳмонлар, жумладан, халқаро ва маҳаллий IT-корпорациялар вакиллари ва соҳа экспертларини бирлаштирди.
Иштирокчилар профессионал мулоқот, тажриба алмашиш ва янги бизнес ҳамкорларни топиш учун имкониятга эга бўлди.
Тадбирнинг асосий жиҳатларидан бири жаҳон IT-саноатининг етакчи вакиллари билан алоқалар ўрнатиш, глобал бозорларга чиқиш учун янги ҳамкорлар ва мижозларни излаб топишдан иборат.
[gallery-21960]
Бундан ташқари, иштирокчилар Ўзбекистонда халқаро бизнес учун яратилган имкониятлар билан танишди.
Тадбирда рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов иштирок этди.
—Президентимиз томонидан 2017 йилда Ўзбекистонни IT-хабга айлантириш бўйича узоқни кўзлаб юқори мақсад қўйилган эди. Ўзбекистонда хорижий капитал иштирокидаги IT-компаниялар сони 10 тадан ҳам кам эди. Ҳозирги кунга келиб эса ҳар ойда 30 га яқин хорижий IT-компаниялар юртимизда ўз фаолиятини бошламоқда, – деди вазир.
IT Park Uzbekistan'нинг халқаро ҳамкорлар учун тақдим этадиган имкониятлари, шунингдек, саноатни ривожлантиришда маданият ва инновацияларнинг ўрни муҳокама мавзуcига айланди.
Тадбирда IT Park мутахассислари ҳудудларда IT-инфратузилмани ривожлантириш, резидентларни қўллаб-қувватлаш, бизнесни рўйхатдан ўтказиш ва мамлакатнинг меҳнат қонунчилиги ҳақида маълумотлар беришди.
Н.Раҳмонова,Муҳаммад АМИН (сурат),
ЎзА