Ўзбекистон ва Қозоғистон стартаплар учун янги имкониятлар очмоқда
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Ерали Туғжанов билан учрашди.
Учрашувда икки мамлакат ўртасида IT соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, стартапларни қўллаб-қувватлаш ва Марказий Осиёни халқаро технологик марказ сифатида ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар IT Park Uzbekistan ва Қозоғистоннинг Astana Hub IT марказлари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш муҳимлигини таъкидладилар. Бунда рақобатдан кўра, тажриба алмашиш, имкониятларни бирлаштириш ва ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга оширишга устувор аҳамият қаратилиши қайд этилди.

Шунингдек, икки мамлакат стартаплари ва IT-компанияларининг ўзаро бозорларга кириб бориши, қўшма лойиҳаларни амалга ошириши ҳамда халқаро бозорларга биргаликда чиқиши учун қулай шароитлар яратиш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашувда Марказий Осиёни ягона минтақавий IT макон сифатида халқаро майдонда тарғиб қилиш, хорижий инвесторлар ва йирик технологик компаниялар эътиборини минтақага жалб этиш истиқболларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Бундан ташқари, рақамли инфратузилма, сунъий интеллект, маълумотлар марказлари ва инновацион лойиҳалар бўйича ҳамкорликни ривожлантириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва Қозоғистон IT экотизимлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, қўшма ташаббусларни амалга ошириш ва Марказий Осиёни халқаро технологиялар ҳамда инвестициялар учун истиқболли марказга айлантириш муҳимлиги таъкидланди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА