Истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимояси долзарб масалага айланмоқда
Рақобат қўмитасига келиб тушаётган мурожаатлар сони истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи тобора долзарб аҳамият касб этаётганини кўрсатмоқда.
Сўнгги йилларда ушбу соҳага оид мурожаатлар сони сезиларли даражада ошиб бормоқда. Хусусан, Рақобат қўмитасига 2023 йилда қарийб 19 минг, 2024 йилда 28 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич қарийб 53,5 мингга етгани кузатилмоқда.
Мурожаатлар сонининг ошиши, бир томондан, истеъмолчиларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги фаоллиги ортиб бораётганини англатса, иккинчи томондан, айрим тадбиркорлик ва хўжалик юритувчи субъектлар томонидан қонунчилик талабларига тўлиқ амал қилинмаётгани, товар ва хизматлар сифатига доир муаммолар мавжудлигидан далолат беради.
Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 65-моддасида мамлакат иқтисодиёти турли мулк шаклларига таяниши, давлат томонидан ҳалол рақобат учун зарур шарт-шароитлар яратилиши ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларининг устуворлиги таъминланиши қатъий белгилаб қўйилган. Шунингдек, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий ҳимояси кафолатланиши, хусусий мулкнинг дахлсизлиги алоҳида таъкидланган.
Шу муносабат билан Рақобат қўмитаси мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча тадбиркорлик субъектларини истеъмолчилар ҳуқуқларига ҳурмат билан ёндашишга, маҳсулот ва хизматлар сифати, шунингдек, шаффоф рақобат тамойилларига қатъий риоя этган ҳолда фаолият юритишга чақиради.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА