Харидорнинг маҳсулот учун тўғри ҳисоб-китоб қилиши, товарнинг айби бўлса алмаштириб берилиши ёки пул қайтарилишини таъминлашга кўмаклашиш жараёнини кўз олдингизда гавдалантиринг. Буни қисқагина қилиб истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш деймиз.
Аслида эса бу ҳолат анча кенг қамровли бўлиб, унинг замирида тараққиётга дахлдорлик масаласи бор. Истеъмолчи ҳуқуқлари ҳимояланган жамиятда ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчи субъектлар сифат ҳамда хавфсизлик талабларига жиддий риоя қилади. Бу бир томондан бозорда соғлом рақобат муҳитини шакллантирса, иккинчи томондан ички бозорнинг барқарор ривожланишига хизмат қилади.
Сифатли маҳсулотлар ва шаффоф хизматлар бозорда ишонч уйғотади, хорижий сармоялар учун ҳам жозибадор муҳит яратади. Натижада иқтисодий ўсиш суръатлари ошади, янги иш ўринлари яратилади ва миллий маҳсулотлар рақобатбардошлиги кучаяди.
Икки йил олдин “Рақобат тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига қўшимча таъсирчан ваколатлар берилди.

Соҳадаги ишлар қамрови ва самарадорлигини ошириш мақсадида Рақобатни ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилди. Унда иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, бозорга киришни эркинлаштириш, тадбиркорларга тенг шароитлар яратиш бўйича навбатдаги қадамлар белгиланган.
Ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқи ҳимояланишини билса, бозор муносабатларида адолат устувор бўлади. Бу ҳолат фақат иқтисодиётга эмас, балки ижтимоий барқарорликка ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Мавзуни Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Навоий вилояти ҳудудий бирлашмаси кенгаши фаолияти мисолида давом эттирамиз.
Ташкилотга жорий йилнинг ўтган даврида истеъмолчи сифатида бузилган ҳуқуқларини тиклашни сўраб аҳолидан 250 дан ортиқ мурожаат келиб тушган.
– Мазкур мурожаатларнинг 170 дан ортиғи ижобий ҳал этилиши натижасида 1 миллиард 237 миллион сўмдан ортиқ миқдорда истеъмолчилар кўриши мумкин бўлган зарарнинг олди олинди, – дейди федерациянинг Навоий вилояти ҳудудий бирлашмаси раиси Тожиддин Эрмирзаев. – Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни ва қонуности меъёрий ҳужжатлари ижроси таъминланмоқда. Эришилаётган ютуқлар, йўл қўйилаётган хато-камчиликлар юзасидан фикр ва мулоҳазалар доимий таҳлил қилиб борилади. Шунингдек, аҳолининг истеъмолчилик маданияти ҳамда ҳуқуқий саводхонлик даражасини ошириш бўйича келгусида амалга оширилиши режалаштирилаётган мақсад ва вазифалар ҳам эътиборимизда. Истеъмолчилар ҳуқуқлари таъминланган мамлакатларда ноқонуний савдо, фирибгарлик ва паст сифатли маҳсулотларнинг тарқалиши кескин камаяди. Бу эса қонунга ҳурмат, жамиятда ишонч муҳитини мустаҳкамлайди. Шу йўлда фаолиятимизни янада жонлантиришга ҳаракат қиляпмиз.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси юртимиздаги йирик нодавлат нотижорат ташкилотларидан бири. 2018 йилдан буён Халқаро истеъмолчилар ташкилотининг тўлақонли аъзоси ҳисобланади.
Ҳуқуқий ҳимоя тизими фуқароларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини билиши ва улардан фойдалана олишини таъминламоқда. Бу билим ва тажриба истеъмол маданиятини ошириб, жамиятда масъулиятли харид қилиш ва ресурслардан оқилона фойдаланиш одатларини шакллантирмоқда.
Халқаро стандартларга мос ҳуқуқий база мамлакатнинг жаҳон бозоридаги мавқеини мустаҳкамлайди. Бу нафақат миллий маҳсулотларни экспорт қилиш имкониятларини оширади, балки халқаро ҳамкорлик ва инвестиция лойиҳалари учун кенг йўл очади.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш – бу фақат бир шахс ёки бир харидорнинг манфаатини асраш эмас. У иқтисодиётда барқарорлик яратади, соғлом рақобатни рағбатлантиради, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилади, жамиятда ишонч ва адолатни мустаҳкамлайди.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбири