Истеъдодли ёшлар яна Зоминда
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири раҳбарлигида 2026 йил 30 июнь куни ўтказилган 124-сонли мажлис баёнида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида истеъдодли ёш ижодкорларнинг 1997 йилдан буён ўтказиб келинаётган анъанавий “Зомин семинари”ни юқори савияда ташкил этиш бўйича кенг кўламли тайёргарлик ишлари амалга оширилди.
Бугун семинар иштирокчилари Зомин тумани марказида миллий анъаналаримизга хос самимият ва кўтаринки руҳда, карнай-сурнай садолари остида тантанали кутиб олинди. Меҳмонлар шарафига “Мероншоҳ” тантаналар мажмуасида тушлик дастурхони ёзилиб, дилдан суҳбат қурилди.
Тадбир қатнашчиларини Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Жиззах вилояти бўлими раҳбари Меҳрибон Абдураҳмонова, Зомин тумани ҳокими Алишер Абдуғаниев, Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари Дилмурод Худойшукуров, маҳаллий ёш ижодкорлар, жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари самимий қарши олдилар.
[gallery-30288]
Шундан сўнг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саид бошчилигида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва мамлакатимизнинг барча вилоятларидан ташриф буюрган семинар иштирокчилари Зомин туманининг Ўриклисой дам олиш масканида жойлашган Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли дамолиш сиҳатгоҳига кузатиб қўйилди. Айнан шу масканда 7–9 июль кунлари анъанавий ижодий анжуманнинг асосий тадбирлари бўлиб ўтади.
Уч кунлик дастур доирасида саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтган 76 нафар ёш ижодкор, ижод мактабларининг 45 нафар иқтидорли ўқувчиси ҳамда “Ёш ватандош ёзувчи” лойиҳаси асосида хорижий мамлакатлардан таклиф этилган ўзбек тилида ижод қилувчи ёш қаламкашлар иштирокида адабий мулоқотлар, маҳорат дарслари, ижодий учрашувлар, шеърият кечалари, давра суҳбатлари ва устоз-шогирд анъаналарига бағишланган баҳс-мунозаралар ташкил этилади.
Кўп йиллардан буён адабий ҳаётнинг муҳим анъанасига айланган “Зомин семинари” ёш ижодкорларнинг бадиий маҳоратини юксалтириш, уларнинг ижодий изланишларини қўллаб-қувватлаш, истеъдодларни кашф этиш ва уларни мамлакатимиз адабиётининг забардаст вакиллари билан яқиндан мулоқот қилишда ўзига хос ижод мактаби вазифасини ўтаб келмоқда.
Бугун кечга яқин сиҳатгоҳ ҳудудида семинарнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари