Истеъдодлар ва инсон капитали бўйича глобал мулоқот
Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан ташкил этилган “Ўзгараётган дунёда инсон капиталини шакллантириш” мавзусида “Global Talent Forum” халқаро форум бошланди.
Инсон капиталини ривожлантириш ва мамлакатнинг стратегик вазифаларини амалга ошириш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда давлат бошқаруви самарадорлигини оширишга қодир мутахассисларни тайёрлаш борасидаги халқаро тажриба ва миллий ёндашувларни бирлаштиришга қаратилган тадбирда АҚШ, Туркия, Буюк Британия, Хитой, Қозоғистон, Малайзия, Сингапур, Германия, Япония, Озарбайжон каби 15 га яқин давлатдан 100 нафардан ортиқ экспертлар, халқаро ташкилот вакиллари, давлат тузилмалари, таълим муассасалари ва стипендия дастурлари вакиллари иштирок этмоқда.
Форум очилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директори Гулноза Исмоилова сўзга чиқиб, илк бор дунёнинг ўндан ортиқ давлатларидан келган инсон капиталини ривожлантириш ва иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш билан шуғулланувчи жамғарма ва тузилмалар масъуллари иштирокида ўтказилаётган тадбир ушбу йўналишда ўзаро фикр ва тажриба алмашиш учун қулай имконият эканлигини таъкидлади. Ўз навбатида Ўзбекистонда истеъдодли ёшларни кашф этиш, уларнинг иқтидорини юзага чиқариш ва давлат раҳбари даражасида қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди. Хусусан, истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси Президент ҳузурида қайтадан ташкил этилгани ва фаолияти изчил ривожлантириб борилаётганини таъкидлади.
– 2018-2025 йилларда жамғарма томонидан 2300 нафарга яқин ёшлар 45 мамлакатга таълим олишга юборилди, – деди Гулноза Исмоилова. – Уларнинг аксарияти айни пайтда иқтисодиёт, таълим, фан, тиббиёт ва давлат бошқаруви соҳаларида фаолият юритмоқда. Ҳар йили икки марта эълон қилинадиган танловларимиз орқали 700 нафардан ортиқ иқтидорли ёшлар сараланиб, дунёнинг нуфузли ТОП-300 талик рейтингига кирувчи университетларда таҳсил олмоқда. 2025-2026 йилларда ўтказилган учта очиқ танлов якунларига кўра, 500 нафарга яқин ёшлар “Эл-юрт умиди” стипендияси соҳибига айланди. Ғолибларнинг 80 фоизи дунёнинг етакчи (TOP-100) университетларига ўқишга қабул қилинди. Кейинги йилларда стипендиантлар орасида хотин-қизларнинг кўпайиб бораётгани юртимизда қизлар таълим-тарбиясига жуда катта эътибор қаратилаётганидан далолат беради. Президентимизнинг ёшлар келажаги билан боғлиқ ислоҳотлари уларнинг таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, илм-фан алоқаларини мустаҳкамлаш ва етакчи хорижий университетлар билан ҳамкорликни ривожлантириш вазифалари билан уйғунликда олиб борилмоқда. Хусусан, сўнгги саккиз йил ичида мамлакатимизда олий таълим қамрови 9 фоиздан 44 фоизга ошди.
Форумда Туркия олий таълим кенгаши президенти Эрол Ўзвар, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти кўникмалар маркази раҳбари Эл Иза Моҳамеду, Халқаро таълим институти (IIE)нинг Жанубий-Шарқий Осиё бўйича раҳбари Жонатан Лембрайт, Қозоғистондаги “Болашак” халқаро дастурлар маркази бошқаруви раиси Абай Рахмет ва бошқалар сўзга чиқиб, Самарқанддаги форум технологик ўзгаришлар мамлакатларни кадрлар тайёрлашга бўлган ёндашувларни қайта кўриб чиқишга ундаётган бир даврда ўтказилаётгани билан муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидладилар. Сунъий интеллект, рақамлаштириш ва энергетик ўтиш меҳнат мазмунини ҳамда мутахассисларга қўйиладиган талабларни ўзгартирмоқда. Жаҳон иқтисодий форумининг “Future of Jobs Report 2025” ҳисоботига кўра, 2030 йилга бориб бугунги кунда қўлланилаётган касбий кўникмаларнинг ўртача 39 фоизи ўзгариши ёки эскириши мумкин. Технологик компетенциялар билан бир қаторда таҳлилий фикрлаш, мослашувчанлик ва умр бўйи таълим олиш қобилиятининг аҳамияти ҳам ортиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан, халқаро таълим ҳамкорлиги ўқув мазмунини янгилаш, илмий-тадқиқот муҳитини ривожлантириш ва мамлакат ичидаги янгиланишлар учун мутахассислар тайёрлашга ёрдам беради.
Янги ишлаб чиқариш қувватларига муҳандис ва технологлар, рақамли иқтисодиётга маълумотлар билан ишлаш ва киберхавфсизлик бўйича мутахассислар, қишлоқ хўжалигига эса сувни тежаш ва биотехнологиялар соҳасидаги замонавий ечимлар зарур. Соғлиқни сақлаш ва давлат бошқарувида ҳам маҳаллий шароитларни инобатга олган ҳолда халқаро тажрибани жорий эта оладиган инсонлар керак.
Истеъдодларнинг глобал мобиллиги ҳақидаги мунозара айнан шу боғлиқликка бағишланди. Иштирокчилар хорижий таълим касбий ўсишга қандай хизмат қилиши ва битирувчиларга ватанга қайтгач, олган билимларини амалда қўллашга қандай шароитлар ёрдам беришини муҳокама қилдилар. Бунда иш берувчилар билан ҳамкорлик, илмий-тадқиқот лойиҳаларида иштирок этиш ва касбий ривожланиш имкониятлари алоҳида аҳамиятга эга.
[gallery-32251]
Алоҳида панель сессиясида стипендиялар мамлакат рақобатбардошлигига йўналтирилган узоқ муддатли сармоя сифатида кўриб чиқилди. Муҳокама марказидан кадрлар тайёрлаш йўналишларини танлаш, истеъдодларни қўллаб-қувватлаш самарадорлиги ва таълим дастурларининг миллий тараққиётга қўшадиган ҳиссаси ўрин олди.
Шунингдек, форумда инсон капиталини ривожлантиришда молия институтларининг ролига бағишланган махсус сессия, келгуси ўн йиллик учун ҳамкорлик муҳокамаси, икки томонлама учрашувлар ўтказилди.
Тадбир доирасида “Эл-юрт умиди” жамғармаси битирувчиларининг “Samarkand Tea Time” анъанавий учрашуви ўтказилиши, иш берувчилар ҳамда банклар, вазирлик ва идораларнинг кадрлар билан ишлаш хизматлари вакиллари билан тўғридан-тўғри мулоқот ҳам ўрин олган.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари