Истеъдодлар эътибордан четда қолмаслиги керак
Ёш истеъдодларни кашф этиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш – маданият соҳасидаги энг муҳим вазифалардан бири.
Маданият вазирлигида ўтказилган йиғилишида ижодий бирлашмалар томонидан амалга оширилаётган ишлар сарҳисоб қилиниб, келгусидаги устувор вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилишда маданият вазири Озодбек Назарбеков, Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходими Элёржон Жалилов, маданият вазири ўринбосари Санжар Бобожонов, вазирлик марказий аппарати ва ижодий бирлашмалар вакиллари, шунингдек, ҳудудий маданият бошқармалари раҳбарлари онлайн форматда иштирок этди.

Йиғилиш аввалида маданий тадбирларни ташкил этишда ҳомийлик кўмаги кўрсатаётган ижодий бирлашмалар ҳамраҳбарларига вазир Озодбек Назарбеков томонидан миннатдорлик билдирилди. Шу билан бирга, маданият ва санъат соҳасидаги ташаббусларни янада кенгайтириш, айниқса, ёш истеъдодларни излаб топиш ва уларнинг ижодий имкониятларини юзага чиқариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
«Муҳтарам Президентимиз томонидан бизга аниқ белгилаб берилган вазифа — ёш истеъдодларни излаб топиш борасида бугун нималар қиляпмиз?» – деган саволни ўртага ташлади маданият вазири Озодбек Назарбеков.
Дарҳақиқат, бугунги кунда ёшларнинг ижодий салоҳиятини кашф этиш, уларга муносиб шароит яратиш ва истеъдодини кенг намоён этиши учун имкониятлар эшигини очиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, маданият ва санъатнинг келажаги бугун кашф этилаётган ёш истеъдодлар билан чамбарчас боғлиқ.

Муҳокамалар давомида 21 та ижодий бирлашма вакилларининг ахборотлари тингланди. Уларнинг амалга оширган ишлари, истиқболдаги режалари, таклифлари ҳамда ёш истеъдодларни аниқлашга қаратилган ташаббуслари атрофлича кўриб чиқилди.
Шунингдек, ҳудудий маданият бошқармалари раҳбарларига ижодий бирлашмалар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, белгиланган вазифалар юзасидан аниқ йўл хариталарини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, шунингдек, уларнинг ўз вақтида ва сифатли ижро этилишини таъминлаш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Республика танловларини маҳалла, туман ва шаҳар, шунингдек, вилоят босқичларида самарали ташкил этиш ҳамда ўтказиш масаласи ҳам эътибордан четда қолмади. Бу борада тарғибот ишларини кучайтириш, ҳудудий оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар имкониятларидан кенг фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилиш якунида ижодий бирлашмалар фаолияти самарадорлигини ошириш, ёш истеъдодларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш, ҳудудлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда белгиланган вазифалар ижросини тизимли назорат қилиш юзасидан муҳим вазифалар белгилаб олинди. Ижодий бирлашмалар томонидан билдирилган муаммоларни умумлаштириш, уларни тегишли раҳбариятга тақдим этиш ва ечимини таъминлаш бўйича зарур чоралар кўришга келишиб олинди.
Айтиш керакки, маданият соҳасидаги ҳар бир ташаббус, ҳар бир ижодий лойиҳа ва ҳар бир изланиш ортида янги истеъдодларни кашф этиш, миллий санъатимизни янада ривожлантириш ва унинг келажагини мустаҳкамлашдек эзгу мақсад мужассам. Белгиланган вазифаларнинг изчил амалга оширилиши эса бу йўлда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Н.Усмонова, ЎзА