Испаниядаги поездлар тўқнашувида ҳалок бўлганлар шахси аниқланди
Испанияда содир бўлган тез юрар поездлар мудҳиш тўқнашувида ҳалок бўлган 69 кишининг шахси тўлиқ аниқланди, 29 нафар жароҳатланганлар шифохонада даволаняпти.
Бу ҳақда “Синьхуа” агентлиги мамлакатнинг Интеграциялашган маълумот маркази (CID) маълумотига таяниб хабар берди. Қурбонларнинг 54 нафари Испаниядан, 15 киши хориждан. Улар орасида болалар йўқ: 40 эркак, 29 аёл. Чет элликлар орасида тўрт нафар АҚШ, икки нафардан Австралия ва Япония вакиллари, шунингдек Аргентина, Канада, Чехия, Франция, Мексика, Португалия ҳамда Тунисдан йўловчилар бўлган.
Марҳумларни таниш жараёни Толедо ва Сюдад-Реаль Суд тиббиёти ва криминалистика институти томонидан олиб борилди. Ҳалокатга учраганларнинг 56 нафари бармоқ изи, қолган 13 нафари эса ДНК таҳлили орқали аниқланди. Барча қурбонларнинг оила аъзолари ва хорижий фуқароларнинг тегишли консулликлари хабардор қилинди.
Кастилия-Ла-Манча минтақавий ҳукумати маълум қилишича, жабрланганлар 4 шифохонага жойлаштирилган. 9 киши жонлантириш бўлимида, 20 бемор оддий хонада. Дастлаб касалхонага ётқизилган 110 ярадордан 81 нафарига жавоб берилган, баъзилар Мадрид ва Андалусиядаги тиббиёт муассасаларига ўтказилган.
Ҳодиса жойида тозалаш ва тиклаш жараёни якунланяпти. “Iryo” ва “Renfe” компанияларига тегишли тўқнашган поездларнинг барча вагонлари темир йўл изидан олинди. Шунга қарамай, Фуқаролик гвардиясининг 50 га яқин ходими бахтсиз ҳодиса юз берган ҳудудда қидирув ишларини давом эттирмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА