Испанияда икки тез юрар поезд тўқнашди
Испаниянинг Толедо вилоятида икки тез юрар поезд тўқнашиши оқибатида камида 10 киши ҳалок бўлди. Урда бекати яқинида содир бўлган ҳодисадан сўнг Мадрид ва Андалусия ўртасидаги темир йўл қатнови тўхтатилди.
Дастлабки маълумотга кўра, фожиа маҳаллий вақт билан соат 08:54 да Мора, Оргас ва Урда аҳоли манзиллари оралиғида юз берган. “Renfe” компаниясига қарашли 2080-рақамли поезд “Iryo” ташувчисининг 6076-поездига урилган. Тўқнашувдан кейин “Iryo” поездининг орқа қисмидаги икки вагон издан чиқиб, қияликка тушиб кетган. Воқеа жойига қутқарувчилар, ўт ўчирувчилар, фуқаро муҳофазаси ходимлари ва тиббиёт гуруҳлари сафарбар этилган. Жабрланганларга ёрдам кўрсатиш учун муваққат тиббий нуқта ташкил этила бошланган.
Кастилия-Ла-Манча минтақаси раҳбари Эмилиано Гарсия-Пахе ҳодиса жойига келиб, ҳукумат режалаштирган тадбирлар бекор қилинганини айтди. Бош вазир Педро Санчес ва Халқ партияси етакчиси Альберто Нуньес Фейхо ҳам режадаги учрашувларини қолдирган. “Renfe” компанияси қатновдаги узилишдан жабрланган Мадрид, Сьюдад-Реал ва Андалусия йўналишлари йўловчилари чипталари бепул алмаштирилиши ёки бекор қилинишини билдирди.
Мусулмон Зиё, ЎзА