Ислом тамаддунининг тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли
Жорий йилнинг 7-11 июль кунлари Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида “I Халқаро ислом цивилизацияси форуми: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” халқаро форуми ташкил этилмоқда. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида мазкур йирик нуфузли форумга бағишланган брифинг ўтказилди.
“I Халқаро ислом цивилизацияси форуми: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” Халқаро форуми Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси, Имом Мотуридий, Имом Бухорий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ҳамда Ислом олами таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти – ICESCO ҳамкорлигида ташкил этилмоқда. Унда 50 дан ортиқ мамлакатдан давлат ва жамоат арбоблари, вазирлар, муфтийлар, етук уламолар, академиклар, тадқиқотчилар, музей ва кутубхона раҳбарлари, халқаро ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашади.

“I Халқаро ислом цивилизацияси форуми: тинчлик, бағрикенглик ва илм–маърифат йўли”нинг асосий мақсади ислом цивилизациясининг ҳақиқий моҳиятини очиб бериш, унинг илм-фан, маданият ва маънавий тараққиётга қўшган улкан ҳиссасини намоён этиш, тинчлик, бағрикенглик ва маърифат ғояларини кенг тарғиб қилишдан иборат.
Форум, шунингдек, Ўзбекистоннинг бой тарихий ва илмий меросини халқаро илмий жамоатчиликка танитиш, Ислом цивилизацияси марказини глобал илмий-маърифий платформа сифатида намоён этиш ҳамда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини кенг ёритишга хизмат қилади.

Мазкур тадбир давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий йилда БМТнинг Нью-Йорк ва Женева шаҳарларидаги қароргоҳларида, шунингдек, ЮНЕСКОнинг Париждаги офисида ислом цивилизацияси ва аждодларимиз меросига бағишлаб ўтказилиши режалаштирилаётган махсус тақдимотлар учун муҳим тайёргарлик босқичи ҳам ҳисобланади.

Анжуман доирасида 11 та ялпи мажлис ташкил этилиб, уларда Ислом цивилизацияси марказининг халқаро илмий-маърифий платформа сифатидаги ўрни, янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, Учинчи Ренессанс ғоялари ва унинг маънавий асослари, туркий халқларнинг ислом цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси, ҳадис, фиқҳ, калом ва илоҳиёт соҳаларидаги илмий мерос, қўлёзмаларни сақлаш, ўрганиш ва рақамлаштириш масалалари, ислом санъати ва маданий мерос тадқиқотларининг истиқболлари, таълим ва маърифатнинг цивилизация тараққиётидаги аҳамияти каби масалалар муҳокама қилинади.
Форумнинг асосий иш кунидан кўплаб медиа воқеалар ва тақдимотлар ҳам ўрин олган. Форумнинг якуний ялпи мажлисида ислом цивилизацияси соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга оид янги ташаббуслар муҳокама қилиниб, келгуси ҳамкорлик йўналишлари белгиланади.

Ушбу нуфузли тадбир доирасида буюк алломалар меросига бағишланган тўртта халқаро илмий конференция ўтказилади. Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасида “Имом ал-Бухорийнинг «Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ» асари – Уммат китоби” мавзусидаги конференция ташкил этилади. Унда Имом Бухорийнинг илмий мероси, ҳадисларни саралаш мезонлари, “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарининг жаҳон илм-фанидаги ўрни ва аҳамияти муҳокама қилинади.
“Имом Мотуридий мероси – ислом цивилизациясининг мўътадиллик ва ақл-идрок пойдевори” мавзусидаги конференцияда Имом Мотуридий таълимоти, мотуридийлик мактаби уламоларининг илмий мероси ҳамда мазкур таълимотнинг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида фикр алмашилади.

Термиз шаҳрида бўлиб ўтадиган “Термиз ҳадис мактаби: алломалар мероси ва замонавий тадқиқотлар” мавзусидаги конференцияда Имом Термизий ва Термиз ҳадисшунослик мактабининг илмий аҳамияти, термизлик уламолар мероси ҳамда замонавий тадқиқотлар натижалари тақдим этилади.

Иштирокчилар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музей экспозицияси, Имом Бухорий инновацион музейи билан танишади, шунингдек, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Ҳаким Термизий, Султон Саодат ва Маҳдуми Аъзам зиёратгоҳларига ташриф буюради.
Тадбирлар доирасида ноёб қўлёзмалар ва тарихий артефактлар кўргазмалари, илмий тақдимотлар, маданий дастурлар ва расмий учрашувлар ўтказилади.
Форум якунида Ислом цивилизацияси меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш соҳасида халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш каби қўшма лойиҳалар бўйича янги ташаббуслар илгари сурилади.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири