I Халқаро ислом цивилизацияси форуми – тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўлидаги муҳим мулоқот майдони
Бугунги кунда жаҳонда тинчлик, ижтимоий барқарорлик, ҳамжиҳатлик ва маърифатга асосланган тараққиёт ғоялари тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Пойтахтимизда ўз ишини бошлаган “I Халқаро ислом цивилизацияси форуми: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” айнан шу эзгу мақсадларга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Форум муқаддас Ислом динининг инсонпарварлик, маърифатпарварлик ва тинчликпарварлик ғоялари атрофида турли мамлакатлардан олимлар, экспертлар ва жамоат арбобларини ягона мулоқот майдонида бирлаштирди.
Тошкент шаҳрида бошланган ва Самарқанд ҳамда Термиз шаҳарларида давом этадиган мазкур нуфузли анжуман Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси, Имом Мотуридий, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ҳамда Ислом олами таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти – ICESCO ҳамкорлигида ташкил этилди.

Форумнинг илк кунида дунёнинг кўплаб мамлакатларидан давлат ва жамоат арбоблари, вазирлар, муфтийлар, нуфузли уламолар, академиклар, тадқиқотчилар, музей ва кутубхона раҳбарлари, халқаро ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида жам бўлди.
Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мурожаатини Президент маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ўқиб эшиттирди.
Мурожаатда таъкидланганидек, юртимиз тарихида Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларида яратилган бетакрор илмий ва маданий мерос бугун ҳам инсоният тараққиётига хизмат қилиб келмоқда. Янги Ўзбекистон эса жаҳон ҳамжамияти билан ҳамкорликда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш йўлидан изчил бормоқда.

Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Бурҳониддин Марғиноний каби улуғ аждодларимиз яратган бебаҳо илмий-маънавий мерос жаҳон цивилизацияси хазинасининг ажралмас қисми ҳисобланади. Уларнинг асарлари бугунги кунда ҳам мамлакатимизда Учинчи Ренессанс ғояларини рўёбга чиқаришда муҳим маънавий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Форумда Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Диний-маърифий масалалар бўйича департаменти бошлиғи Музаффар Комилов, ICESCO Бош директори Салим ал-Малик, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназар, Кавказ мусулмонлари идораси раиси Шайхулислом Оллошукур Пошозода, Ислом олами уюшмаси Бош котиби Абдулкарим ал-Иссо (видеомурожаат орқали), ТУРКСОЙ Бош котиби Султон Раев ва бошқа нуфузли иштирокчилар маъруза қилди.

Ислом динининг эзгу ва ҳаётбахш ғоялари инсоният цивилизацияси тараққиётига улкан ҳисса қўшгани, айниқса, Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан алломаларнинг илмий мероси ислом тамаддуни ривожида беқиёс аҳамиятга эга экани таъкидланди. Шунингдек, бугунги кунда ушбу меросни чуқур ўрганиш ва унинг маърифатпарварлик ғояларини кенг тарғиб этиш Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири экани қайд этилди.
– Ислом цивилизацияси тарихий меросгина эмас, балки доимо ривожланиб борадиган жонли жараёндир. Унинг маърифат ва адолатга асосланган қадриятлари инсоният тараққиёти учун бугун ҳам муҳим аҳамият касб этади, – деди ICESCO Бош директори Салим ал-Малик.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназар кейинги йилларда мамлакатимизда муқаддас динимизнинг асл мазмун-моҳиятини ўрганиш, бой илмий-маънавий меросни тадқиқ этиш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилганини қайд этди.
ТУРКСОЙ Бош котиби Султон Раев форумни Ислом динининг инсонпарварлик ва тараққийпарварлик ғояларини кенг тарғиб этувчи муҳим маърифий платформа сифатида баҳолар экан, Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини алоҳида эътироф этди.

Форумнинг асосий мақсади ислом цивилизациясининг асл моҳиятини очиб бериш, унинг илм-фан, маданият ва маънавият тараққиётига қўшган улкан ҳиссасини намоён этиш, шунингдек, замонавий дунёда тинчлик, бағрикенглик ва маърифат ғояларини кенг тарғиб қилишдан иборат.
Шунингдек, мазкур анжуман Ўзбекистоннинг бой тарихий ва илмий меросини халқаро илмий жамоатчиликка кенг танитиш, Ислом цивилизацияси марказини глобал илмий-маърифий платформа сифатида намоён этиш ҳамда мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини халқаро миқёсда ёритишга хизмат қилади.

Форум давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий йилда БМТнинг Нью-Йорк ва Женева шаҳарларидаги қароргоҳлари ҳамда ЮНЕСКОнинг Париждаги бош қароргоҳида ўтказилиши режалаштирилган ислом цивилизацияси ва аждодларимиз меросига бағишланган махсус тақдимотлар учун ҳам муҳим тайёргарлик босқичи ҳисобланади.
Анжуманнинг биринчи кунида Ислом цивилизацияси марказининг халқаро илмий-маърифий платформа сифатидаги ўрни, Янги Ўзбекистондаги диний-маърифий ислоҳотлар, Учинчи Ренессанс ғоялари, туркий халқларнинг ислом цивилизациясига қўшган ҳиссаси, ҳадис, фиқҳ, калом ва илоҳиёт соҳаларидаги илмий мерос, қўлёзмаларни сақлаш ва рақамлаштириш, ислом санъати ҳамда таълим ва маърифатнинг цивилизация тараққиётидаги ўрни каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Назокат Усмонова, Аслиддин Алижонов (суратлар), ЎзА мухбирлари