Иқтисодиётнинг барча асосий тармоқларида бизнес муҳити яхшиланди
Сентябрь ойида Бизнес муҳити индекси бўйича энг сезиларли ўсиш саноатда қайд этилди. Қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳам ижобий динамика кузатилди, қишлоқ хўжалигида эса кўрсаткич ўзгаришсиз қолди. Бизнес юритишда тўсиқларга дуч келмаётган тадбиркорлар улуши ўсишда давом этди. Шу билан бирга, солиққа тортиш ва банк тизими билан боғлиқ муаммолар кўпроқ қайд этила бошлади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази республика бўйлаб тадбиркорлар ўртасида ҳар ой ўтказиладиган сўровлар асосида Ўзбекистондаги бизнес муҳити таҳлили натижаларини тақдим этди. Олинган маълумотлар асосида бизнеснинг жорий ҳолатига берилган баҳолар ва келгуси уч ойга оид кутилмаларни акс эттирувчи Бизнес муҳитининг умумлашган индикатори ҳисоблаб чиқилди.
Марказ илмий ходими Зоҳиджон Ғоипов бу ҳақда батафсил маълумот берди:
– Сентябрь ойида умумлашган Бизнес муҳити индекси 64 бандни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7 бандга юқори бўлди.
Индекс қийматининг 50 банддан юқори бўлиши тадбиркорлик муҳитида оптимистик баҳолар устунлик қилаётганини кўрсатади.

Баҳолаш натижаларига кўра, бизнеснинг жорий ҳолати индекси ўтган йилга нисбатан 8 бандга ўсиб, 60 бандни ташкил этди. Бизнес кутилмалари индекси 5 бандга ўсиб, 67 бандга етди.
Тадбиркорларнинг ҳар ўн нафаридан тўрт нафари (43 фоиз) сўнгги уч ойда бизнес ҳолати яхшиланганини қайд этди.
Респондентларнинг қарийб ярми (49 фоиз) бизнеснинг жорий ҳолатини «яхши» деб баҳолади. Ҳар тўртта корхонадан бирида (25 фоиз) эса сўнгги уч ойда ходимлар сони кўпайган.
Тадбиркорларнинг қарийб учдан икки қисми (63 фоиз) келгуси уч ойда маҳсулотларига талаб ошишини кутмоқда.
Ўтган йилга нисбатан Бизнес муҳити индекси саноат, қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ўсди, қишлоқ хўжалигида эса деярли ўзгаришсиз қолди.
Саноатда умумлашган Бизнес муҳити индекси сезиларли даражада ўсиб (+16 банд), 59 бандни ташкил этди. Ўсиш келгуси уч ойда бизнеснинг ривожланиш истиқболларига оид кутилмалар индексининг 15 бандга ошиб, 58 бандга етгани, шунингдек, бизнеснинг жорий ҳолати индексининг 18 бандга ўсиб, 61 бандни ташкил этгани билан изоҳланади.

Ўтган йилга нисбатан саноат соҳасида келгуси уч ойда бизнес ҳолати яхшиланишини кутаётган тадбиркорлар улуши 71 фоизга (+11 ф.б.), маҳсулотларга талаб ошишини кутаётганлар улуши эса 61 фоизга (+7 ф.б.) етди.
Хизмат кўрсатиш соҳасида умумлашган Бизнес муҳити индекси сезиларли даражада яхшиланиб (+7 банд), 64 бандни ташкил этди. Ўсиш бизнеснинг жорий ҳолатига берилган баҳолар (+8 банд) ҳамда келгуси уч ойда ривожланиш истиқболларига оид кутилмалар (+7 банд) яхшиланиши билан изоҳланади.
Хизмат кўрсатиш соҳасидаги корхоналарнинг ярмидан кўпи (51 фоиз) бизнеснинг жорий ҳолатини «яхши» деб баҳолади (+5 ф.б.). Ушбу соҳа вакилларининг 70 фоизи келгуси уч ойга нисбатан ижобий кутилмалар билдирган (+1 ф.б.). Шунингдек, сўнгги уч ойда бизнес ҳолати яхшиланганини қайд этган корхоналар улуши 42 фоизга етиб, 5 фоиз бандга ошди.
Қишлоқ хўжалигида умумлашган Бизнес муҳити индекси ўзгаришсиз қолиб, 65 бандни ташкил этди. Аграр соҳада бизнеснинг жорий ҳолатига берилган баҳолар 3 бандга ўсиб, 59 бандга етди. Тадбиркорларнинг келгуси даврга оид кутилмалари эса 3 бандга пасайганига қарамай, нисбатан юқори даражада сақланиб, 72 бандни ташкил этди.
Сўнгги уч ойда бизнес ҳолати яхшиланганини тадбиркорларнинг 43 фоизи қайд этди (2025 йилда 42 фоиз). Бизнеснинг жорий ҳолатини «яхши» деб баҳолаганлар улуши 46 фоизни ташкил этиб, ўтган йилги кўрсаткичдан (45 фоиз) бироз юқори бўлди.
Қурилиш соҳасида умумлашган Бизнес муҳити индекси ўтган йилга нисбатан сезиларли даражада ўсиб (+7 банд), 70 бандни ташкил этди. Соҳада келгуси даврга оид кутилмалар индекси 17 бандга ўсиб, 78 бандга етди. Бизнеснинг жорий ҳолатига берилган баҳолар эса 2 бандга пасайиб, 62 бандни ташкил этди.
Сўнгги уч ойда бизнес ҳолати яхшиланганини қурилиш корхоналарининг 48 фоизи қайд этди (ўтган йилда 44 фоиз). Шу билан бирга, корхоналарнинг 54 фоизи бизнеснинг жорий ҳолатини «яхши» деб баҳолади (ўтган йилда 53 фоиз).
Келгуси уч ойда ўз маҳсулотларига талаб ошишини кутаётган қурилиш корхоналари улуши 73 фоизга етди (ўтган йилда 60 фоиз). Бизнес юритишда тўсиқларга дуч келмаётган тадбиркорлар улуши 72 фоизга етиб, 5 фоиз бандга ошди.
Энг юқори кўрсаткич қурилиш соҳасида (78 фоиз) қайд этилди. Кейинги ўринларда хизмат кўрсатиш соҳаси (74 фоиз), саноат (66 фоиз) ва қишлоқ хўжалиги (63 фоиз) жойлашди.

Бизнес юритишдаги асосий тўсиқлар орасида солиққа тортиш билан боғлиқ муаммолар улуши 23 фоизга (+5 ф.б.), банк тизими билан боғлиқ муаммолар эса 15 фоизга (+3 ф.б.) етди. Бошқа молиявий қийинчиликларга дуч келаётган тадбиркорлар улуши 11 фоизга (+1 ф.б.) ошди. Талаб етарли эмаслигини қайд этган респондентлар улуши эса 4 фоизга (-3 ф.б.) камайди.
Солиқ соҳасидаги асосий қийинчиликлар солиқ маъмуриятчилиги (17 фоиз) ва солиқ ставкалари даражаси (6 фоиз) билан боғлиқ.
Тармоқлар кесимида қишлоқ хўжалигида солиқ маъмуриятчилиги (13 фоиз, +2 ф.б.) ва кредит олишдаги қийинчиликлар (7 фоиз, -2 ф.б.) кўпроқ қайд этилди.
Саноатда бошқа молиявий қийинчиликлар улуши 16 фоизни (+9 ф.б.), солиқ маъмуриятчилиги билан боғлиқ муаммолар эса 13 фоизни (+5 ф.б.) ташкил этди.
Қурилиш соҳасида солиқ маъмуриятчилиги билан боғлиқ муаммолар улуши 17 фоизга (+5 ф.б.), бошқа молиявий қийинчиликлар улуши ҳам 17 фоизга (+8 ф.б.) етди.
Хизмат кўрсатиш соҳасида тадбиркорларнинг 21 фоизи (+5 ф.б.) солиқ маъмуриятчилиги билан боғлиқ муаммоларни, 6 фоизи (-2 ф.б.) эса ер олишдаги қийинчиликларни қайд этди.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА