Сиёб деҳқон бозорида 10 ойда 8 тонна маҳсулот истеъмолга яроқсиз деб топилди
Самарқанд шаҳридаги Сиёб деҳқон бозорида жорий йилнинг январь-октябрь ойлари давомида озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш, аҳолига сифатли ва истеъмолга яроқли маҳсулотлар етказиб берилиши мунтазам назорат қилинди.
Вилоят озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бошқармасининг маълумотларига кўра, бу даврда бозорга келтирилган гўшт ва гўшт маҳсулотлари, балиқ, тухум, ўсимлик ёғи, дон, полиз экинлари, асал, тузланган ва қуритилган мева маҳсулотлари ҳамда турли зираворлар бўйича жами 55 минг 530 та партия маҳсулот кўрикдан ўтказилган.
Назорат тадбирлари давомида 8 миллион 165 минг 321 килограмм, 99 минг 630 боғлам ва 4 миллион 865 минг 775 дона маҳсулот истеъмолга яроқли деб топилди.
Шу билан бирга, санитария ва хавфсизлик талабларига мувофиқлиги юзасидан ўтказилган кўриклар натижасида 702 партиядаги маҳсулот истеъмолга яроқсиз деб топилди. Уларнинг умумий миқдори 8049 килограмм, 1550 боғлам ва 1350 донани ташкил этди. Истеъмолга яроқсиз деб топилган маҳсулотлар орасида гўшт ва гўшт маҳсулотлари, парранда гўшти, балиқ, дон, полиз маҳсулотлари, асал, тузланган ва қуритилган мева ҳамда зираворлар бор.
Назорат тадбирлари вилоятдаги бошқа бозорларда ҳам олиб борилмоқда.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири