Ўзбекистон ва Хитой атом энергетикаси соҳасида стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлайди
Жаҳонда энергетика ресурсларига бўлган талаб ортиб бораётган бир шароитда атом энергетикаси барқарор ва ишончли энергия таъминотини таъминлашнинг муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистоннинг атом энергетикаси соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириши, илғор технологиялар ва хорижий тажрибани ўзлаштириши алоҳида аҳамият касб этади.
Айни йўналишда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Шерзод Хўжаев ҳамда “Ўзатом” агентлиги директори Азим Аҳмедхўжаевнинг Хитой Халқ Республикасига ташрифи доирасида Хитой давлат энергетика бошқармаси директори Ван Хунчжи ва Хитой атом энергияси агентлиги раиси Шан Чжунде билан учрашувлар бўлиб ўтди.
Мулоқотлар чоғида икки давлат ўртасида энергетика соҳасидаги стратегик шерикликни янада ривожлантириш, хусусан, атом энергетикаси йўналишида янги ҳамкорлик имкониятларини ишга солиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Хусусан, Хитойнинг атом энергетикаси соҳасида тўплаган бой тажрибаси, замонавий технологиялари ва илмий-техник салоҳиятидан фойдаланиш истиқболларига алоҳида урғу берилди.
Шунингдек, атом электр станцияларини хавфсиз ва самарали ишлатиш, ядровий ва радиациявий хавфсизлик талабларига риоя этиш, малакали мутахассисларни тайёрлаш ҳамда соҳада ўзаро тажриба алмашиш каби муҳим йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама марказида бўлди.
Учрашувлар якунида томонлар атом энергетикаси соҳасида узоқ муддатли, барқарор ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини таъкидлади.
Энергетика вазирлиги ахборот хизматига кўра, мазкур мулоқотлар Ўзбекистонда атом энергетикасини ривожлантириш, соҳада халқаро тажриба ва замонавий технологияларни жорий этиш, шунингдек, икки давлат ўртасидаги энергетик шерикликни мустаҳкамлаш йўлида муҳим аҳамият касб этади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА