Иқтисодий прагматизмнинг янги уфқи
Иқтисодий дипломатияни фаоллаштиришга қаратилган саъй-ҳаракат доирасида Чехия Республикаси Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги асосий стратегик шерикларидан бири сифатида кўрмоқда. Бу ҳақда Чехия Бош вазири Андрей Бабиш минтақага яқинда амалга оширган ташрифи якуни бўйича миллий телевидениега берган кенг қамровли интервьюсида маълум қилди.
Чехия ҳукумати раҳбари Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликнинг бугунги суръатини “фантастик” дея баҳолаб, Прага ташқи сиёсатни фақат иқтисодий прагматизм ва ўзаро манфаатли шериклик асосида йўлга қўйиш ниятида эканини таъкидлади.
Андрей Бабиш ўз чиқишида Ўзбекистон билан транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликда эришилган ютуқларга алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, мамлакатимиз темир йўл тизимини модернизация қилиш бўйича йирик лойиҳа юзасидан музокара муваффақиятли ўтгани қайд этилди.
Чехия Бош вазири таъкидлашича, Ўзбекистонда яратилган очиқ ва рақобатбардош инвестиция муҳити туфайли Европанинг йирик машинасозлик компанияси ҳисобланган “Škoda Transportation” халқаро тендерда ғолиб чиқди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг транспорт соҳасига илғор технология жорий этишга қаратилган сиёсати ва қарорига мувофиқ, 10 та замонавий юқори технологик темир йўл поезди таркиби етказиб бериш бўйича келишувга эришилди. А.Бабишнинг сўзларига кўра, бу Чехия саноатининг “улкан муваффақияти” бўлиб, узоқ муддатли технологик алмашинув учун янги истиқбол очади.
Шунингдек, интервью давомида гуманитар ва сайёҳлик алмашинувини кенгайтириш мавзуси кўтарилган. Фуқароларимизнинг Чехия соғломлаштириш туризмига нисбатан анъанавий юқори қизиқишини инобатга олган ҳолда, мамлакат ҳукумати жаҳонга машҳур Карлови Вари курорти инфратузилмасини кенг кўламли модернизация қилишни режалаштирмоқда.
Вазирлар Маҳкамаси раҳбари маълумотига кўра, давлат йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш – учиш-қўниш йўлагини узайтириш ва кенгайтириш мақсадида маҳаллий аэропортни ривожлантирмоқчи. Ушбу чора йирик йўловчи лайнерларини қабул қилиш ва янги тўғридан-тўғри рейслар йўлга қўйиш учун қулай шарт-шароит яратади. Қолаверса, Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатларидан борадиган сайёҳлар учун логистикани сезиларли даражада енгиллаштиради.
Интервью якунида Чехия Республикаси хориждаги бизнесини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши, ишончли ҳамда жозибадор иқтисодий шерик мақомини мустаҳкамлаб бораётган Марказий Осиёнинг Ўзбекистондек тез ривожланаётган давлати билан алоқаларни мустаҳкамлаш курси қатъий давом этиши таъкидланди.
Абдуазиз Хидиров, ЎзА