Рақамли технологияларни жорий этишда қандай муаммолар мавжуд?
Иқтисодиёт ва молия вазирлигида электрон тижорат ва ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлар иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Унда “IT Park” резидентлари, маркетплейслар, мобиль операторлар, интернет провайдерлари, тўлов тизимлари ҳамда бошқа тадбиркорлик субъектлари вакиллари қатнашди.
Учрашувда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, электрон тижорат соҳасидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва замонавий IT ечимларини кенг жорий қилиш масалалари муҳокама қилинди. Тадбиркорлар томонидан соҳада учраётган айрим тўсиқлар, хусусан, электрон тижорат платформалари фаолиятидаги солиқ тартиблари, товарларни классификация қилиш жараёнида QR-код тизимини қўллаш ҳамда рақамли хизматларни ривожлантиришга оид таклифлар билдирилди.
Мулоқотда сўз олган Иқтисодиёт ва молия вазирлиги масъул ходими Сарвар Назаров рақамли технологияларни иқтисодиётга кенг татбиқ этиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири эканини таъкидлади.
– Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш учун, аввало, тадбиркорлар фаолиятида учраётган муаммоларни ўрганиш ва уларни бартараф этиш муҳим. Электрон тижорат, сунъий интеллект ва замонавий IT технологиялари иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширишда катта аҳамиятга эга. Мазкур учрашув эса соҳадаги мавжуд муаммоларни аниқлаш, уларнинг ечимларини ишлаб чиқиш ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқотни кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятли, – деди у.
Шунингдек, тадбир давомида сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, инновацион стартапларни қўллаб-қувватлаш ва рақамли хизматлар бозорини кенгайтириш бўйича фикр алмашилди.
Якунда иштирокчилар томонидан билдирилган таклиф ва мурожаатлар тегишли вазирлик ва идораларга юборилиши, улар асосида амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши маълум қилинди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА