“Беш ташаббус олимпиадаси” нафақат спорт мусобақаси, балки ёшларнинг иқтидорларини намоён қилиш, янги чемпионларни кашф этиш ҳамда соғлом ҳаёт тарзини шакллантиришга хизмат қиладиган муҳим лойиҳа сифатида эътироф этилмоқда. Мусобақалар жараёнида спортга қизиқувчи ёшлар ўз маҳоратини синовдан ўтказиш, янги тажриба орттириш ва келажакда катта спорт майдонларига йўл очиш имкониятига эга бўлади.
Мамлакатимизда спорт ва соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишга қаратилган йирик лойиҳалардан бири – “Беш ташаббус олимпиадаси – 2025”га тантанали старт берилди.
Қашқадарёда ҳам ушбу оммавий спорт мусобақасининг янги мавсумига старт берилишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Президент ташаббуси билан жорий йилда аҳолининг оммавий спортдаги иштироки 15 миллион нафарга етказилиши режалаштирилган. Шу муносабат билан “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги мусобақалар янада кенг кўлам касб этиб, 6 та асосий йўналишда ўтказилади.
[gallery-21808]
Жумладан, маҳалла ёшлари – 13 та спорт тури бўйича 5 босқичли, ногиронлиги бўлган ёшлар – адаптив спорт турлари бўйича 3 босқичли, умумтаълим мактаблари ўқувчилари – 9 та спорт тури бўйича 3 босқичли, профессионал таълим муассасалари ўқувчилари – 5 та спорт тури бўйича 3 босқичли, талабалар – 5 та спорт тури бўйича 4 босқичли, ўқитувчилар ва идора ходимлари – 5 та спорт тури бўйича 3 босқичли мусобақаларда қатнашиш имконига эга бўлади.
Бундан ташқари, биринчи маротаба маҳаллалардаги 30 ёшдан катта аҳоли ўртасида мини футбол, волейбол, стритбол, стол тенниси, воркаут, шахмат ва шашка бўйича мусобақалар ташкил этилиши ҳам белгиланган.
Тантанали тадбир давомида “Беш ташаббус олимпиадаси – 2025”га расмий старт берилди. Мусобақаларда қатнашиш истагини билдирган ёшлар 5tashabbus.uz платформаси орқали рўйхатдан ўтди. Бу йилги мавсум нафақат ёшлар, балки турли ёш тоифаларидаги аҳолининг спортга кенг жалб этилиши билан аҳамиятлидир.
Тадбир доирасида “Беш ташаббус олимпиадаси – 2024”да фаол иштирок этган энг илғор ҳудуд, туман ва шаҳар вакиллари Спорт вазирлиги томонидан “Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Ушбу мукофот спорт соҳасида фидокорона меҳнат қилаётган мутахассислар ва ташкилотчиларга тақдим этилди.
Тадбир иштирокчилари ушбу мусобақанинг янги мавсуми янада юқори савияда, шижоат ва ижобий кайфият билан ўтишини таъкидлаб, барча ёшларни фаол иштирок этишга чорлаб қолди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари