Беш ташаббус — келажак чемпионлари майдони
Республикамизда, жумладан Сирдарё вилоятида ҳам сўнгги беш йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган Беш ташаббус олимпиадаси ва Паралимпияда ёшларнинг салоҳияти, иродаси ва шижоатини намоён этадиган йирик спорт майдонига айланди.
Ушбу мусобақа нафақат спорт беллашуви, балки ёш авлодни соғлом турмуш тарзига йўналтириш, уларни юксак мақсадлар сари руҳлантиришга хизмат қиладиган муҳим ижтимоий лойиҳа сифатида ҳам алоҳида аҳамиятга эга.
Мамлакатимизда спортга, айниқса ёшлар спортига давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида қаратилаётгани барчамизга маълум. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илгари сурилган “Беш муҳим ташаббус” доирасида ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, улар учун замонавий спорт инфратузилмасини яратиш, иқтидорли спортчиларни қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Энг аҳамиятли жиҳати шундаки, Беш ташаббус олимпиадаси ва Паралимпияда доирасида ўтказиладиган спорт мусобақаларига Сирдарёда ҳам старт берилди. Унда иштирок этадиган спортчилардан юксак маҳорат, мустаҳкам ирода ва шижоат талаб этилади. Ёшлар нафақат турли спорт турлари бўйича рақобатлашади, балки жисмоний ва маънавий баркамолликни ҳам намоён этади. Спорт майдонидаги ҳар бир ҳаракат, ҳар бир беллашув ёшларнинг иқтидори ва интилишига ишора қилиб, келажак чемпионлари учун мустаҳкам замин яратади.
Сирдарёда спорт таълим муассасалари тасарруфида жами 20 та ташкилот фаолият юритади. Жумладан, 1 та Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази, 4 та спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактаби, 13 та спорт мактаби ҳамда 2 та футбол йўналишидаги муассаса (академия ва мактаб) мавжуд. 2025–2026 ўқув йилидан бошлаб 4 та спорт мактаби ҳудуднинг ўзига хос имкониятлари ва эришилган натижаларидан келиб чиқиб, аниқ спорт турларига ихтисослаштирилди.
Ҳозирда вилоят спорт таълим муассасаларида 26 053 нафар ёш мунтазам машғулот олиб бормоқда, уларнинг 6 540 нафарини қизлар ташкил этади. 9 547 нафар спортчи турли спорт унвонлари ва разрядларга эга бўлиб, улар орасида халқаро тоифадаги спорт усталари, спорт усталари ҳамда спорт усталигига номзодлар бор.
2025 йилда Сирдарё спортчилари республика ва халқаро мусобақаларда жами 1 663 та совринли ўринни қўлга киритди. Шундан 452 таси олтин, 487 таси кумуш ва 724 таси бронза медалдир. Олимпия спорт турлари бўйича эришилган 879 та медаль эса вилоятдаги спорт мактаблари фаолияти самарасини яққол намоён этади.
Параспорт ҳам эътибордан четда эмас. Имконияти чекланган ёшлар учун 103 та махсус машғулот гуруҳи ташкил этилган бўлиб, 503 нафар ёш спортга жалб қилинган. Улар республика мусобақаларида 77 та совринли ўринни эгаллашди: 19 та олтин, 31 та кумуш ва 27 та бронза медаль. Бепул машғулотлар ва замонавий жиҳозлар орқали имконияти чекланган шахслар ҳам соғлом турмуш тарзи ва спортга кенг жалб этилмоқда.
Шу билан бирга, рақамлаштириш ва электрон тизимлар билан спорт унвонлари ва разрядларини бериш жараёнлари шаффоф ва тизимли тарзда амалга оширилмоқда. Мураббийлар малакаси ҳам мунтазам оширилмоқда — бугунги кунда 813 нафар малакали мураббий спортчиларни тайёрламоқда.
– 2025 йилги мавсумда йўл қўйилган камчиликлардан хулоса чиқарган ҳолда, 2026 йилги мавсумда тарғибот ва ташвиқот ишларини янада кучайтириш орқали ёшлар қамровини кенгайтириш, республика миқёсида медаллар сони ва натижаларимизни оширишимиз зарур, – дейди Сирдарё вилояти спорт бошқармаси бошлиғи Анвар Бўронов. – Ўтган йилги Беш ташаббус олимпиадаси ва Паралимпияда 286 минг нафар ёш рўйхатдан ўтган бўлса, шундан 247 минг нафари бевосита мусобақаларда қатнашди. Паралимпия спорт турлари бўйича 4 600 нафар ёш рўйхатдан ўтиб, 3 600 нафари мусобақаларда иштирок этди. Республика босқичида 9 та олтин, 12 та кумуш ва 15 та бронза, жами 36 та медаль жамғарилди. Муҳими, янги мавсумда ёшлар қамровини 300 минг нафарга етказиш ва республика босқичида камида кучли учликдан жой олишни режа қилганмиз.
Беш ташаббус олимпиадаси ва Паралимпияда ёшлар учун нафақат жисмоний, балки маънавий-руҳий баркамолликни тарбиялайдиган майдонга айланди. Ушбу мусобақа келажак чемпионларини ватанимиз шарафини халқаро майдонларда муносиб ҳимоя қилишга тайёрлайдиган муҳим босқич бўлиб хизмат қилмоқда.
[gallery-27804]
Зеро, спорт — соғлом авлод, соғлом жамият ва порлоқ келажак гаровидир. “Беш ташаббус” келажак чемпионлари майдони сифатида ёшларни бирлаштириб, уларнинг иродаси ва шижоатини намоён этаётир.
Ғулом Примов,
Анвар Туйчиев (сурат), ЎзА