Иқтидорли талабалар рағбатлантирилмоқда (+видео)
Юксакликка интилаётган юрт, албатта, биринчи эътиборини таълимга қаратади. Мамлакатимиз раҳбари томонидан 2022 йил 1 январдан бошлаб юртимиздаги бир қанча олий таълим муассасаларига молиявий, академик ва ташкилий-бошқарув мустақиллиги берилди. Молиявий мустақиллик эса талабаларга моддий ёрдам бериш, рағбатлантириш имкониятини ҳам яратмоқда.
Хоразм вилоятидаги олий таълим муассасаларида ҳам истеъдодли ёшлар, иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ютуқларини рағбатлантириш ва муносиб тақдирлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– Ўтган 2024 йил мобайнида олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож 3 мингдан ортиқ талаба- ёшнинг контракт маблағлари “Ёшлар дафтари” жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилди,–- дейди Хоразм вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Шаҳноза Қаландарова. – Қолаверса, иқтидорли ўқувчи ва талаба- ёшларни рағбатлантириш мақсадида “Вилоят ҳокими стипендияси” жорий этилган бўлиб, ўтган йили 27 нафар ёшга 6 ой мобайнида тўлаб берилган. Бундан ташқари, “Ҳудуд тажрибаси” лойиҳаси бўйича 10 дан ортиқ тадбир ва мусобақани ўз ичига олган “Талаба фест” доирасида вилоятдаги 8 та ОТМ нинг 50 мингга яқин ёшлари қамраб олинган. Шунингдек, 30 нафар муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган, университетда ҳам фаол бўлган йигитларга контракт маблағларининг 35 фоизи қоплаб берилди.
Вилоятдаги олий таълим муассасаларида ҳам иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш, илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятини самарали йўлга қўйиш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Бунинг учун алоҳида давлат стипендиялари тайинланаяпти.
Хусусан, Абу Райхон Беруний номидаги Урганч давлат университетида 2024 йилда 267 нафар талаба иқтидорли талабаларни моддий рағбатлантиришга ҳужжат топширган. Уларнинг 193 нафарига устама ҳақ белгиланган. Бундан ташқари, университетда халқаро ва республика спорт, фан олимпиадалари ва турли хил тадбирларда совринли ўринларни олган 86 нафар талаба базавий стипендиянинг белгиланган баробарларда рағбатлантирилди.
[gallery-21636]
– Стипендия тайинлашда талабгорнинг таҳсил даврида вилоят, республика ва халқаро миқёсдаги нашрлардаги илмий мақолалари, соҳа бўйича халқаро ва республика даражасидаги танлов ҳамда бошқа нуфузли тадбирлардаги иштироки, эришган натижаси, ўқув жараёнида мутахассислик фанларини аъло баҳоларга ўзлаштиргани инобатга олинади, – дейди университетнинг иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Садоқат Оллоназарова. – Бундан ташқари, талабанинг университетда халқаро ва республика спорт, фан олимпиадалари ва турли хил тадбирларда совринли ўринларни олганига ҳам аҳамият қаратилади. Мисол учун, ўтган йили хорижий тилларни билиш даражасини баҳоловчи миллий ва халқаро тан олинган сертификат (филолог- C1, нофилологларга C1-Б2)га эга иқтидорли талабалар сони 70 нафарни ташкил этди.
Таъкидланганидек, олийгоҳда 2023-2024 ўқув йили якуни бўйича фанларни аъло ва яхши баҳоларга ўзлаштирган иқтидорли ва жамоат ишларида фаол бўлган 8 нафар талаба “Ректор стипендияси” совриндорлари бўлишди.
2024-2025-ўқув йили учун 17 нафар талаба Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ислом Каримов, Навоий, Беруний, Улуғбек, Бобур номли давлат стипендиялари совриндорлари бўлишди.
– Ўтган ўқув йилида кўплаб мақолаларим бир қанча маҳаллий ва хорижий журналларда нашр қилинди, – дейди ректор стипендияси соҳиби Азизбек Ибрагимов. – “Орзу лирикаси поэтикаси” номли илмий монографиям, “Сўндирилган юлдуз”, “Ҳаж армони” номли кичик саҳна асарларидан иборат тўпламлар, “Нотиқ учун…” деб номланган иккита китобим ва “Онам экан” деб номланган шеърий тўпламим нашрдан чиқди. Мен сардорлик қиладиган “Жадид” талабалар театри жамоаси турли республика кўрик-танловларида фахрли ўринларни қўлга киритди. Ушбу ютуқларим ректор стипендиясига сазовор бўлишимга сабаб бўлди. Биз каби иқтидорли талабаларнинг бундай рағбатлантирилиши, келажакда олдимизга янада каттароқ мақсадлар қўйиш ва ўз устимизда кўпроқ ишлашга ундайди. Стипендия маблағларини айни дамда хорижий тилларни ўрганишга сарфламоқдаман.
Университетнинг тарих йўналишида таҳсил олаётган Азиза Сафарбоева “Қадимги Хоразм аҳолиси заргарлик санъати тарихи” мавзусида илмий тадқиқот олиб бормоқда.
– Ўзбек заргарлиги жуда қадимий тарихга эга. Унга ибтидоий жамоа тузуми даврида асос солинган, – дейди Азиза Сафарбоева. – Қадимги Хоразм заргарлик санъати ўзбек миллий- бадиий маданият тарихининг ажралмас қисми бўлиб, у халқнинг олис ўтмишидаги олий мақсадларини ўрганишда ёрдам беради. Мен бу ҳақда 40 дан ортиқ мақола ва 5 та китоб ёздим. Шу орқали ўндан ортиқ халқаро ташкилотларнинг аъзоси бўлдим. Йигирмадан зиёд халқаро курсларни битиррдим. Қозоғистон Республикаси “Қўш қанот” ижод жамғармасининг “Халқаро хизматлари учун” кўкрак нишони билан тақдирландим. Таълим олишим учун менга ажратилаётган маблағларни, давлатимизнинг эртанги кунига ярайдиган баркамол фарзанд сифатида оқлашни истайман.
Хулоса қилиб айтганда, иқтидорли, истеъдодли талабаларни рағбатлантириш, кам таъминланган оила фарзандларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мамлакатимизда энг эзгу анъанага айланган. Бироқ талаба- ёшлар ҳам ана шундай имконият ва ғамхўрликдан тўғри фойдаланиб, ўз йўналишида янада фаол бўлишлари ва илмий -тадқиқот фаолиятларини янада ривожлантиришлари лозим.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/6F0YsnkmxcM" title="Iqtidorli talabalar ragʻbatlantirilmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов(сурат, видео), ЎзА мухбирлари