Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иқлим миграцияси: глобал хавфдан стратегик мослашувгача

Сўнгги йилларда иқлим ўзгариши дунёнинг кўплаб минтақаларидаэкологик ҳодисадан кўра кенгроқ - ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий трансформацияни ҳаракатга келтирувчи асосий омиллардан бирига айланмоқда.

Ҳароратнинг ошиб бориши, ёғингарчилик миқдорининг камайиши, сув ресурсларининг нотекис тақсимланиши ва ер деградацияси миллионлаб одамларнинг яшаш ва ишлаш имкониятларини чекламоқда. Натижада янги турдаги миграция – иқлим миграцияси шаклланмоқда. Бу миграция анъанавий меҳнат кўчишидан фарқли равишда иқтисодий танлов эмас, балки экологик мажбурият сифатида юзага чиқмоқда. 

БМТ маълумотларига кўра, 2050-йилга бориб дунё бўйича 200 миллиондан ортиқ одам иқлим ўзгаришидан келиб чиқадиган шароитлар сабабли янги яшаш жойи излашга мажбур бўлади. Бу мигрантлар ички кўчиш (internal displacement) ва қисман трансчегаравий ҳаракатни ўз ичига олади. Жаҳон банкининг “Groundswell” ҳисоботида эса 2030-2050 йиллар оралиғида табиий иқлим шароитлар натижасида юзага келадиган ички миграция энг юқори сценарий бўйича 143 миллион кишидан ошиши мумкинлиги таъкидланади. 

Халқаро “IPCC” ҳисоботида глобал исишнинг 1,5°C даражасидан ошиши билан кўплаб қуруқ ва ярим қуруқ ҳудудларда қурғоқчилик хавфи ошиши, сув манбаларининг босим остида қолиши, меҳнат унумдорлигининг тушиши мумкинлиги қайд этилади. Бу хулосалар географик жиҳатдан сувга тасирчан минтақалар учун тўлиқ мос келади ва жиддий чоралар кўриш кераклиги ҳақида ўзига хос “огоҳлантириш” сигнали хисобланади. 

Олимлар томонидан олиб борилган глобал тадқиқотларда сув танқислиги ва ҳосилдорликнинг пасайиши миграция эҳтимолини сезиларли ошириши кўрсатилган. “Groundswell” лойиҳаси ҳам экологик стресс даромад манбаларини қисқартириб, аҳолининг ҳудудни тарк этиш қарорини тезлаштиришини исботлайди. Айниқса, сув етишмовчилиги, экстремал иссиқлик тўлқинлари ва ер деградацияси яшаш шароитларини ёмонлаштириб, одамларни мажбурий кўчишга ундайди.

Маълумки, ёғингарчиликнинг пасайиши, ҳароратнинг ошиши ва сув ресурсларининг чекланиши қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари учун ҳаётий рискни оширади. Ҳосилдорлик пасаяди, хўжалик харажатлари ортади, қишлоқ аҳолиси учун иқтисодий объектлар заифлашади. Масалан, Африканинг Саҳел минтақасида қурғоқчилик натижасида 2000-2020 йилларда миллионлаб фермерлар даромад манбаларини йўқотиб, шаҳар марказларига кўчишга мажбур бўлган. Жаҳон банки таҳлилларига кўра, сув таъминоти пасайган ҳудудларда миграция эҳтимоли 20-30 фоизга ошади. 

Сув ресурсларининг камайиши ва узоқ давом этадиган қурғоқчиликлар натижасида қишлоқ хўжалиги соҳаси анча заифлашади. Бу ҳолат аҳолининг тирикчилик манбаини йўқотиш хавфи билан тўқнашади. Шу каби омиллар Эроннинг шарқий вилоятларида кузатилган - сув танқислиги сабабли фермерлар даромади 40 фоизгача қисқарган ва бу ички миграцияни кучайтирган. 

Қишлоқ ҳудудлардаги хизматларнинг чекланганлиги ва шаҳар инфратузилмасига босимнинг ошиши ижтимоий стрессни кучайтиради. Масалан, Бангладешда иқлим мигрантларининг Дакка шаҳрига оқими уй-жой, соғлиқни сақлаш ва бандлик тизимида жиддий номутаносибликларни келтириб чиқарган. 

Одамлар ўзларини ҳимоя қилиш учун иқлим стрессидан қочиш йўлини танлайди - яъни миграция. Бу миграция одатда шаҳар марказларига йўналади ёки трансчегаравий ҳолатларда бошқа мамлакатларга ҳам чўзилиши мумкин. Миграция жараёни эса шаҳар инфратузилмасини кучли босим остига қўяди: уй-жой тақчиллиги, транспорт тизими стресси, санитария хизматлари, соғлиқни сақлаш, меҳнат ресурслари ва ҳаво ифлосланиши муаммолари чуқурлашади. 

Экологлар фикрича, иқлим миграцияси шароитида давлатлар миграцияни олдиндан прогноз қилиш, уни иқтисодий тизимга интеграция қилиш ва экологик омилларни юмшатиш вазифасини бажариши зарур. Бу фискал, институционал ва административ имкониятларнинг уйғунлигини талаб қилади.

Агар давлатлар фақат оқибатлар билан курашса, миграция жараёнларини бошқариб бўлмайди. Масала шундаки, иқлим миграцияси қисқа муддатли эмас, балки структуравий характерга эга. Миграция бошқаруви фақат миграцияни чеклаш эмас, балки уни ижтимоий-иқтисодий тизимга мослаштириш сиёсатини талаб этади. Масалан, Марокаш қурғоқчил давлат бўлиб, сўнгги 40 йил ичида ўртача йиллик ёғингарчилик ҳажми пасайган ва қурғоқчилик даврлари частотаси ошган. Жаҳон банкининг 2022 йилги маълумотларига кўра, ўлкада аҳоли жон бошига тўғри келадиган сув ресурслари 1960-йиллардаги ~2500 м³ дан ҳозирги кунда 600 м³ дан паст даражага тушган, бу эса “сув танқислиги” чегарасидан анча паст кўрсаткич ҳисобланади. Қишлоқ хўжалиги Марокашда умумий сув истеъмолининг тахминан 85–87%ни ташкил қилади. 

Миграциянинг асосий драйверларидан бири айнан қишлоқ хўжалигидаги даромаднинг иқлим “шоклари” сабаб камайиши бўлди. Мазкур босимни камайтириш мақсадида Марокаш ҳукумати “National Water Plan” ва “Plan Maroc Vert” доирасида кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширди. 2008 йилдан кейин томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган майдонлар 160 минг гектардан 600 минг гектардан ортиқ ҳудудгача кенгайди. Натижада сувдан фойдаланиш самарадорлиги 30–40% гача ошгани қайд этилган. 

Таҳлилларга кўра, сув тежовчи технологиялар, “яшил” энергетика, агроинновациялар ва ҳудудий бандлик дастурлари экологик миграцияни мажбурий эмас, танловга айлантиради. Масалан, сув танқислиги шароитида аграр сектор модернизацияси миграцияни секинлаштиради, томчилатиб суғориш каби технологиялар сув истеъмолини сезиларли камайтиради, инфратузилмавий сармоя (сув омборлар, қайта тақсимлаш тизими) иқлим “шокларини” юмшатади.

Арзон уй-жой, транспорт, яшил ҳудудлар ва меҳнат интеграцияси бўлмаса, миграция ижтимоий муаммога айланади. Илмий прогнозларга кўра, 2050-йилгача глобал миқёсда иқлим миграцияси бўйича уч асосий сценарий мавжуд.

  • мослашув чораларининг етишмаслиги → 200 млн+ миграция оқими;
  • қисман мослашув → 120-150 млн миграция оқими; 
  • стратегик мослашув ва глобал ҳамкорлик → 80-100 млн миграция оқими. 

Умуман олганда, миграцияни чеклаш эмас, балки уни иқтисодий тизимга интеграциялаш, экологик рискларни камайтириш ва давлат салоҳиятини мустаҳкамлаш асосий мақсад бўлиши керак. Экспертлар наздида, ким иқлим трансформациясини вақтида бошқариб, миграцияни барқарор ривожланиш омилига айлантира олса, у минтақанинг узоқ муддатли хавфсизлиги ва ижтимоий барқарорлигини таъминлайди. 

Муҳаммад Хўжаназаров,

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабаси