Самарқанддаги “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида “Ипак йўли моддий маданий меросини ўрганиш ва сақлашнинг долзарб масалалари” мавзусида биринчи халқаро илмий-амалий симпозиум ўз ишини бошлади.
ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, “Ипак йўли” халқаро тадқиқот институти ҳамда “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда қадимий Буюк ипак йўлида жойлашган 20 га яқин мамлакат реставратор ва олимлари, архитектура соҳасида фаолият юритаётган мутахассислар иштирок этмоқда.
Симпозиумнинг очилиш маросимида ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сара Ношади мазкур тадбирни ташкил этишдан кўзланган мақсад ва вазифалар, дунё мамлакатлари, хусусан, қадимий Буюк ипак йўли ўтган давлатлардаги моддий маданий мерос объектларини асраб-авайлаш борасида олиб борилаётган ишларга тўхталди.
– Самарқанд азалдан узоқ йиллик ўтмиши, бир неча асрлик тарихий обидаларга бойлиги билан дунё нигоҳида бўлиб келган, – дейди Сара Ношади. – Шу боис илк халқаро симпозиумни кўҳна кентда ташкил қилдик. Мазкур анжуманда архитектура ва археология ёдгорликларини консервация, реставрация килиш ва музейлаштириш тажрибаси ҳамда мамлакатларининг моддий маданий меросини сақлаш ва оммалаштиришнинг замонавий усуллари мутахассислар томонидан муҳокама этилиб, энг яхши лойиҳалар Ипак йўли бўйида жойлашган мамлакатлар моддий меросини сақлаб қолиш учун амалда татбиқ этилади.
Ўзбекистон экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири, “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети ректори Азиз Абдуҳакимовнинг конфереция иштирокчиларига йўллаган табригида қайд этилишича, бугунги кунда мамлакатимизда 8210 та моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объекти давлат муҳофазасига олинган. Уларнинг 4788 таси археология, 2265 таси архитектура объектлари, 625 таси монументал санъат асарлари, 530 таси диққатга сазовор жойлардир. Юртимизда маданий мерос объектларини тиклаш ва таъмирлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда ва бунга ўз ишининг етук мутахассислари, халқ усталари ва хорижлик мутахассислар жалб этилмоқда. Шу билан бирга олий ўқув юртларида “Архитектура ёдгорликлари реконструкцияси ва реставрацияси”, “Музейшунослик”, “Археология” таълим йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрланмоқда.
“Ипак йўли” халқаро тадқиқот институти директори Мавлуда Юсупова ҳам юртимизда маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, улардан туристик объект сифатида фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги вазифалар ҳақида сўз юритди.
Халқаро анжуман доирасида “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида ЮНEСКОнинг Ипак йўли бўйлаб барқарор мерос туризми кафедраси очилди.
– Ушбу кафедрани ташкил қилишдан мақсад Ипак йўли моддий маданий меросини, жумладан, мамлакатимиздаги моддий ва номоддий маданий мерос объектларини асраб-авайлаш ҳамда туризм икониятларини кенгайтиришдан иборат, – дейди ушбу кафедра ҳамраиси Мастура Сиддиқова.– Шунингдек, юртимизга келаётган сайёҳлар оқимини кўпайтириш, халқаро университетлар профессор-ўқитувчилари билан ҳамкорликда кадрлар тайёрлаш, грант лойиҳаларни амалга ошириш ва туризм маҳсулотларини кўпайтириш режалаштирилган.
Симпозиумда маҳаллий ва хорижлик мутахассислар, олимлар томонидан Ипак йўли маданий мерос объектларини реставрация ва консервация қилиш, тасвирий ва безак санъати масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашилмоқда.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари