Самарқанд халқаро туризм марказида “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети ташкил этилганлигининг беш йиллиги ҳамда битирувчиларга диплом топшириш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур университет 2018 йилда Хитойнинг Синдао шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг саммитида Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан билдирилган ташаббус асосида ташкил этилган.
Бугун олийгоҳнинг 300 нафар илк битирувчиси катта ҳаётга қадам қўймоқда.
Тадбирнинг очилиш маросимида “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети ректори, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов университетда амалга оширилган ишлар ҳақида тўхталиб, битирувчиларни табриклади ва уларнинг кейинги ишларига муваффақият тилади.
- Битирувчиларимизга ўтган тўрт йил мобайнида АҚШ, Хитой, Россия, Туркия, Ҳиндистон, Франция, Италия, Япония, Эрон, Австралия каби таълими ривожланган давлатлардан келган малакали профессор- ўқитувчилар инглиз тилида таълим берди, - деди А.Абдуҳакимов. - Эндиликда ҳар томонлама билимли ва зукко битирувчиларимиз янги Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини юксалтиришда нафақат Самарқандда, балки мамлакатимизда ҳам улкан ютуқларни қўлга киритишига ишонамиз.
2021-2022 ўқув йилида университетга 8 нафар хорижлик талаба қабул қилинган бўлса, 2022-2023 ўқув йилида 48 нафар хорижлик талаба ўқишга қабул қилинди. Янги ўқув йилида уларнинг сони янада ошиши кутилмоқда.
Ўзбекистон ҳукумати томонидан "Ипак йўли" туризм ва маданий мерос халқаро университетининг магистратура йўналишида таҳсил олиш учун хорижлик талабаларга ҳар йили 85 та квота ажратилмоқда.
- Тўрт йил давомида хорижлик профессор-ўқитувчилардан таҳсил олдик, - дейди университет битирувчиси Шоҳруҳ Султонов. - Ўқиш давомида устозларимиз бошчилигида хориж давлатларида ва халқаро ташкилотларда малака ошириб, ютуқларга эришдик, ишли бўлдик. Жумладан, ўзим икки марта "Йилнинг энг билимли талабаси" ва "Йилнинг энг кучли мутахассис талабаси" танловида ғолиб бўлдим. Ҳозирда Самарқанд шаҳрида очилган Оксфорд халқаро мактабида директор ўринбосари бўлиб ишлаяпман.
Тадбир сўнгида талабаларга диплом ва университет билан ҳамкорликда ишлаган ташкилотлар, профессор- ўқитувчилар ва ходимларга ташаккурномалар топширилди.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА