Ипак йўли бўйлаб саёҳат қилиш — тарихий афсона ва сирли оламнинг бир қисмига айланиш демак
Буюк ипак йўли нафақат тарихий савдо йўли, балки халқлар, маданиятлар ва цивилизацияларни бирлаштирган улкан мерос.
Бугун ушбу тарихий йўналиш бўйлаб саёҳат қилишни истаган сайёҳлар эътибори яна Ўзбекистонга қаратилмоқда. Бу ҳақда Буюк Британиянинг нуфузли “The Telegraph” газетасида эълон қилинган мақолада сўз боради. Нашрда “Буюк ипак йўли бўйлаб ноёб саргузашт” сарлавҳаси остида чоп этилган мақолада Ўзбекистон Марказий Осиёнинг энг муҳим тарихий-маданий туризм масканларидан бири сифатида эътироф этилган. Унда, айниқса, асрлар давомида халқаро савдо, маданий алмашинув ва турли цивилизациялар учрашув нуқтаси бўлиб келган Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларининг ўзига хос қиёфасига алоҳида эътибор қаратилган.
Мақола муаллифлари Ўзбекистоннинг меъморий обидаларини Буюк ипак йўлининг ҳақиқий рамзлари сифатида баҳолайди. Хусусан, Хивадаги Тошҳовли саройи, Бухородаги Калон масжиди, Самарқанддаги Регистон майдони ва Бибихоним масжидининг маҳобати, нафис безаклари ва бетакрор меъморий ечимлари алоҳида тилга олинган.
Мазкур мерос ҳақида мақолада шундай эътирофлар ўрин олган: “Ипак йўли ипакдан қурилмаган. У фақат ипак ташиш учун хизмат қилган савдо йўли ҳам эмас. Бу икки жозибали сўз ортида аслида қуруқликдаги савдо йўллари ва денгиз қатнови йўналишларидан иборат улкан тармоқ мужассам. Ушбу йўналишлар орқали чўллар, даштлар, кўллар ва тоғ тизмаларини турли йўллар билан кесиб ўтиш ёки уларни айланиб ўтиш мумкин бўлган. Унинг бўйида жойлашган кўплаб қадимий шаҳарлар номининг ўзиёқ тасаввуримизни жунбушга келтиради. Биз эса хаёлан янада узоқларга — афсонавий ва сеҳрли ўлкаларга, Хонбалиқ, Шангри-Ла ва Шамбала каби сирли маконларга саёҳат қиламиз. Бу йўлнинг машҳурлигига унинг ниҳоятда улкан кўлами ҳам сабаб бўлган. Савдо йўналишлари қарийб 21 минг милга чўзилиб, 40 дан ортиқ мамлакат ҳудудидан ўтган, Хитой ва Ҳиндистонни Фаластин ҳамда Италия билан боғлаган. Айрим товарлар ҳатто Буюк Британия ва Ирландиягача етиб борган. Улкан мовий осмон остида ёки юлдузларга тўла тунларда Ипак йўли бўйлаб саёҳат қилиш — тарихий афсона ва сирли оламнинг бир қисмига айланиш демакдир” .
Нашр Ўзбекистоннинг туристик жозибасини фақат тарихий ёдгорликлар билан чекламайди. Миллий анъаналар, ҳунармандчилик санъати, ўзига хос гастрономия ва халқимизнинг самимий меҳмондўстлиги ҳам мамлакатни хорижлик сайёҳлар учун жозибадор масканга айлантираётган муҳим омиллар сифатида қайд этилган. Мақола якунида Ўзбекистон халқаро туризмни ривожлантириш, Буюк ипак йўлининг асосий сайёҳлик марказларидан бири сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлаш учун улкан салоҳиятга эга экани эътироф этилган. Хорижий нуфузли нашрларда мамлакатимизнинг тарихий-маданий бойлиги ва сайёҳлик имкониятлари ҳақидаги мақолаларнинг эълон қилиниши Ўзбекистоннинг халқаро туристик имижини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА