Иорданияда Янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлик салоҳияти ва маърифий лойиҳалари намойиш қилинди
Бугун – 19 ноябрь куни Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги пойтахти Аммон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” номли фундаментал асарининг араб тилидаги нашри тақдимоти бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишлаб ўтказилган ушбу тадбирда Иордания Подшоҳлиги парламенти — Мажлис ал-Умма аъзолари, давлат ва жамоат арбоблари, таниқли сиёсатчилар, йирик бизнес вакиллари, нуфузли “ақл марказлари”нинг етук экспертлари, шунингдек, Араб Шарқидаги қатор етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Қайд этиш зарурки, Ўзбекистон Президентининг мазкур асари жаҳон давлат арбоблари, халқаро ташкилотлар вакиллари ва нуфузли сиёсатчиларнинг юксак эътиборини қозониб, хорижий нашриётларда ҳам катта қизиқиш уйғотди.
Бугунги кунда ушбу концептуал асар араб, инглиз, итальян, рус ва урду тилларига таржима қилиниб, турли халқлар китобхонлари эътиборига ҳавола этилмоқда.
Халқаро майдонда муҳим сиёсий-интеллектуал воқеага айланган, турли халқлар шуурида кенг акс садо уйғотган мазкур асарнинг араб тилидаги нашри тақдимоти ҳам катта қизиқиш ва кўтаринки руҳда ўтди.
Мазкур тақдимотда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида сўнгги ўн йил давомида эришилган юксак марраларнинг мазмун-моҳияти очиб берилди ҳамда мамлакатнинг очиқ, прагматик, конструктив, фаол ва тинчликсевар ташқи сиёсати кенг хорижий жамоатчиликка намоён этилди.
“Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” китобида мамлакат ички ва ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари, тараққиётнинг стратегик мақсад ва истиқболлари, Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш, миллий давлатчиликни мустаҳкамлаш ҳамда иқтисодий салоҳиятни юксалтириш борасидаги ислоҳотлар, шунингдек, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг асосий вазифалари атрофлича ёритилган.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг асарида “Давлат — инсон учун” ва “Инсон қадри учун” тамойиллари асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар, мамлакат тақдиридаги тарихий бурилиш ҳамда давлат ва жамият тафаккурининг тубдан янгиланиш жараёнларига алоҳида эътибор қаратилган.

Ушбу асар олти боб ва хотимадан иборат. Китобхон асарни мутолаа қилар экан, ўзини шунчаки китоб ўқиётгандек эмас, балки гўё муаллиф билан юзма-юз мулоқотга киришиб, самимий ва мазмунли суҳбат қураётгандек, замонамизнинг энг долзарб ва мураккаб саволларига бевосита жавоб топаётгандек ҳис этади.
“Тарих синовларидан ўтган ҳақиқат шуки, ўзини ўзгартиришга қодир бўлган, вақтни — имкониятга, имкониятни — ютуққа, ютуқни тараққиёт пойдеворига айлантира олган халқ — буюк халқдир. Мен ана шундай улуғ эътиқод билан яшаётган халққа раҳбар бўлиб, хизмат қилишни ўзим учун улкан шараф ва масъулият деб биламан”, — деб ёзади Ўзбекистон Президенти ўз асарининг эпиграфида.
Бу фикрлар Президентнинг мамлакат ва халқ тақдирига дахлдор ҳаётий-фалсафий қарашларини, тараққиётнинг бош омили сифатида инсонга бўлган юксак ишончини ифода этади. Дарҳақиқат, Янги Ўзбекистонни барпо этиш ғояси, энг аввало, халқнинг бунёдкорлик салоҳиятига таяниш ҳамда унинг асрлар давомида шаклланган тарихий тажрибаси, миллий қадриятлари ва эзгу интилишларини замонавий тараққиёт мақсадлари билан уйғунлаштиришга асосланади.
Асарнинг яна бир муҳим умумбашарий аҳамияти шундаки, унда жаҳондаги зиддият ва қарама-қаршиликларни бартараф этишнинг сиёсий-дипломатик механизмлари, шунингдек, келгуси тараққиётни таъминлашга қаратилган узоқ муддатли стратегик ёндашувлар илгари сурилган.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” номли асари тақдимоти доирасида Янги Ўзбекистоннинг тарихий илдизлари, бугунги бунёдкорлик салоҳияти ва келажакка қаратилган эзгу мақсадларини ёрқин акс эттирувчи, мамлакатда кечаётган туб ўзгаришлар ва миллий юксалишнинг ўзига хос тараққиёт модели — “Янги Ўзбекистон феномени” мазмун-моҳиятини очиб берувчи, араб тилига таржима қилинган 9 та китоб ва китоб-альбом ҳам кенг жамоатчиликка ҳавола этилди.

Ўзбекистоннинг бой тарихий мероси, бугунги бунёдкорлик кўлами, миллий юксалиш суръатлари ва Янги Ўзбекистоннинг яратувчанлик руҳини ўзида мужассам этган мазкур асарлар мазмунан теранлиги, илмий-маърифий қиммати ва юксак бадиий савияси билан тақдимот иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотиб, чуқур таассурот қолдирди.
Хусусан, “Шавкат Мирзиёев — жаҳон миқёсидаги давлат ва сиёсат арбоби” китоб-альбомида Ўзбекистон Президентининг ички ва ташқи сиёсат борасидаги ташаббуслари, мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда уларнинг глобал аҳамиятига халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва хорижий давлатлар етакчилари томонидан берилган юксак баҳо ва эътирофлар ўз ифодасини топган.
“Мустақиллик зафарномаси” китоб-альбоми эса Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллик қутлуғ санасига бағишланган. Унда кўп миллатли Ўзбекистон халқининг истиқлол йилларида босиб ўтган ғоят мураккаб, айни пайтда шарафли тарихи, миллий давлатчиликни мустаҳкамлаш, мамлакатни ҳар томонлама ривожлантириш йўлидаги улкан саъй-ҳаракатлари, айниқса, миллий юксалиш ва бунёдкорликнинг янги босқичига айланган Янги Ўзбекистон даврида эришилаётган тарихий ютуқлар ва юксак марралар кенг ёритилган.
“Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс — тараққиёт концепти” бадиий-публицистик асари мамлакатда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек эзгу стратегик мақсад, унинг ғоявий асослари, тараққиёт устуворликлари ва ушбу йўналишда қўлга киритилаётган натижаларнинг аҳамиятини очиб беради.
Асарда Шавкат Мирзиёевнинг фалсафий қарашлари, ислоҳотчилик тафаккури ва мамлакат келажагига қаратилган стратегик ёндашувлари бадиий-публицистик руҳда ёритилган. Китобнинг яна бир эътиборли жиҳати шундаки, унга Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Муҳаммад Шаҳбоз Шариф кириш сўзи ёзган.
“Янги Ўзбекистон: тинчлик, инсонпарварлик ва бағрикенглик диёри” китоб-альбомида эса Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатда миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни мустаҳкамлаш, жамиятда тинчлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини қарор топтириш, шунингдек, хорижий давлатлар билан очиқ ва прагматик, дўстона ва ўзаро манфаатли алоқаларни изчил ривожлантириш борасидаги эзгу сиёсатининг мазмун-моҳияти очиб берилган.
Умуман, мазкур нашрлар Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида босиб ўтган мураккаб ва шарафли тараққиёт йўлини, халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти ва яратувчанлик руҳини, давлат ва жамият ҳаётида юз бераётган туб ўзгаришларни тарихий ҳужжатлар, таҳлилий материаллар ва ноёб фотосуратлар орқали яхлит ва таъсирчан тарзда намоён этади.
Шу маънода, улар нафақат Ўзбекистоннинг миллий тарихи ва бугунги тараққиётининг ўзига хос ёрқин ва жонли солномаси, балки Янги Ўзбекистоннинг халқаро қиёфаси ва келажак авлодларга қолдирадиган бой меросини акс эттирувчи муҳим маънавий-маърифий манбалардир.

Тақдим этилган барча асарлар Иордания кутубхоналарига кўп нусхада совға қилинди ва китобхонлар қўлига етиб борди.
Шунингдек, Иордания пойтахти Аммон шаҳрида “Ўзбекистон: цивилизациялар, шахсиятлар, кашфиётлар” номли китоблар кўргазмаси ҳамда “Мовароуннаҳр — асрлар оша таралган ислом цивилизацияси зиёси” мавзусида халқаро илмий конференция бўлиб ўтди. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг халқаро тақдимоти ҳам ўтказилди.
Тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Иордания Жаҳон ислом илмлари ва таълим университети президенти Жаъфар ал-Мағрибий ал-Фанатиса, Ўзбекистоннинг Иорданиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Нодиржон Турғунов, шунингдек, икки мамлакатнинг таниқли олимлари, диний соҳа вакиллари ҳамда тадқиқотчилари иштирок этди.
Тақдимотлар давомида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси томонидан “Янги Ўзбекистон феномени”га бағишлаб араб тилида тайёрланган қатор видеороликлар намойиш этилди.
Ушбу халқаро тақдимотлар Ўзбекистоннинг бой исломий ва илмий меросини жаҳон ҳамжамиятига кенг танитиш, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган маърифий лойиҳалар мазмун-моҳиятини теран англатиш, шунингдек, Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги илмий-маданий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
ЎзА