Мамлакатимизда иқтисодиётнинг барча тармоқларини жадал ривожлантириш, инвестициявий жозибадорлик ҳамда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларини кенгайтиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти томонидан мамлакатимиз ҳудудларида мавжуд юқори кучланишли электр тармоқлари ва подстанцияларида бу борада амалга оширилган ишлар тизим фаолиятини янада яхшилашда муҳим омил бўлаётир.
“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Холиқ Элмуродов бу борада амалга оширилган ишлар ва уларнинг натижалари ҳақида гапириб берди.
– 2021 йилнинг 9 ойлик якунларига кўра, ҳудудлар кесимида эришилган ютуқлар, мавжуд камчилик ва уларнинг ечимларига оид амалга оширилган ишларни қуйидагича таҳлил қилиш мумкин, – деди Х.Элмуродов.
– Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида Беруний, Тўрткўл, Элликқалъа туманларининг асосий қисмини электр энергияси билан таъминлаб келган 220 кВли “Беруний” подстанциясида қуввати 93 фоиз юклама билан ишлаётган 1 та 125 МВАли АТ-1 трансформатори мавжуд эди.
Ушбу трансформаторда режали таъмир ва электр синов ишларини бажариш учун электр тармоқларида қисман чекловлар киритилиши лозим бўлганлиги сабабли таъмирлаш ишларида муаммолар юзага келди. Бу муаммони ечиш ҳамда электр энергиясига бўлган талабни, саноатни ривожлантириш ва тадбиркорлик субъектларининг эҳтиёжини қоплаш мақсадида жорий йилда 220 кВли “Беруний” подстанциясига қуввати 125 МВА бўлган АТ-2 иккинчи трансформатори ўрнатилиб, АТ-1 трансформатори юкламаси меъёрига келтирилди.
Юқорида амалга оширилган дастурларининг самарадорлиги натижасида Беруний, Тўрткўл, Элликқалъа туманларида куз-қиш мавсумларидаги электр таъминотида рўй бериши мумкин бўлган чекловларнинг олди олиниб, мавжуд ишлаб чиқариш корхоналари қувватларини кенгайтириш ва янги тадбиркорлик объектларининг ташқи электр таъминотига уланишига, электр таъминотидаги мустаҳкамликнинг оширилишига ҳамда кейинги 3-5 йилликда электр энергиясига бўлган талаб тўлиқ қопланишига эришилди.
Андижон вилоятида 2021 йилда 103 фоиз ўта юклама билан ишлаётган 220 кВли “Хакан” подстанциясида жорий йилда 1 та 125 МВА трансформатор ўрнига 200 МВАли трансформатор ўрнатилиб, вилоятда жами 75 МВА қўшимча қувват яратилди. Амалга оширилган ишлар натижасида Андижон шаҳри, Андижон, Олтинкўл, Избоскан, Жалақудуқ ва Хўжаобод туманларининг энергия таъминоти яхшиланди, куз-қиш мавсумларидаги электр энергияси чекловларига барҳам берилиб, электр хўжалик объектларининг турғунлиги ва истеъмолчиларнинг электр энергиясига бўлган талаби батамом таъминлангани аҳамиятлидир.
Бухоро вилоятида 2021 йилда “Қуйимозор” подстанциясида 2 та 30 МВА трансформатор ўрнига 1 та 125 МВАли трансформатор ўрнатилди ҳамда қўшимча 1 та 63 МВАли трансформатор ўрнатилиб, натижада вилоятда қўшимча жами 128 МВА қувват жорий этилишига эришилди. “Қуйимозор” подстанциясидан таъминланувчи Аму-Бухоро машина канали тизимининг ташқи электр тармоқлари мустаҳкамлиги оширилди.
Бухоро вилоятининг электр таъминотидаги қувват танқислиги муаммолари ечилди ва мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ҳамда янги тадбиркорлик субъектларининг электр энергияси билан таъминланишига кенг имкониятлар яратилди.
Жиззах вилоятида кучланиши 110 кВли “ДНС-2” подстанциясини реконструкция қилиш натижасида кучланиши 220 кВли подстанцияга айлантирилиб, янги 2 та 125 МВА қувватли трансформаторни ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда. Юқори кучланишли подстанцияларда мавжуд қувватларнинг янада оширилиши натижасида вилоятнинг Даштобод, Зомин, Зафаробод, Шароф Рашидов туманларининг электр таъминоти яхшиланиб, янги қурилган цемент заводлари, ижтимоий соҳа объектлари бошқа тадбиркорлик субъектлари ташқи электр таъминоти ишончлилиги таъминланди.
Қашқадарё вилоятида 2020-2021 йилларда Шаҳрисабз туманида 220 кВли “Амир Темур” подстанцияси соҳа маблағлари ҳисобидан қурилиб, қуввати 125 МВА бўлган 1 дона трансформатор ўрнатилди. Янги подстанция қурилиши вилоятдаги подстанцияларнинг юкламаларини меъёрга келтириш билан бир қаторда 110 кВли “Яккабоғ–1” ва “Яккабоғ–2” ҳаво электр узатиш тармоқларида ўта юклама ҳосил бўлиши ҳолатлари олди олинди, “QARSHI CONCH CEMENT” МЧЖ ҚК ташқи электр таъминоти билан таъминланди.
Бу ишлар натижасида Қашқадарё вилоятида қўшимча қувват яратилиб, Қарши шаҳрида, Ғузор, Деҳқонобод, Китоб, Яккабоғ, Шаҳрисабз, Чироқчи ва Қамаши туманларининг электр таъминотидаги қувват танқислиги муаммолари ечилди ва мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ҳамда янги тадбиркорлик субъектларининг электр энергияси билан таъминланишига имкониятлар яратилди.
Шунингдек, бу борадаги ишлар Навоий, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент каби вилоятларда тизимли ташкил этилди. Масалан, Тошкент шаҳрида 2021 йилда 220 кВли “Юксак” подстанциясида 1 та қўшимча 63 МВА трансформатор ўрнатилди. Тошкент шаҳрида эксплуатация қилиниб келинаётган подстанцияларда соҳада амалга оширилаётган инвестиция дастурлари самарадорлиги натижасида пойтахт энергетика тармоғи ишончлилиги оширилди, зарур ҳолатларда битта подстанциянинг юкламасини бошқа подстанцияга вақтинча бериш имконияти пайдо бўлди.
Соҳада амалга оширилган инвестиция дастурларининг самарадорлиги натижасида вилоятда ёзги максимум ва куз-қиш мавсумларидаги юкламаларнинг ортиши билан юзага келадиган қувват танқислигига барҳам берилиб, электр хўжалик объектлари турғунлигини ва истеъмолчиларнинг электр энергиясига бўлган талаби батамом таъминланди. “Ўзбекистон МЭТ” АЖ тасарруфидаги подстанцияларда энергия самарадорлигини оширишга қаратилган аниқ чоралар кўрилган бўлиб, жами 67 дона ҳаволи ўчиргич элегазли ўчиргичларга алмаштирилди.
Жамиятимиз тасарруфидаги подстанцияларга хизмат кўрсатишни яхшилаш ҳамда соҳа мутахассисларини тайёрлаш мақсадида йил якунигача 6 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Юқорида кўрсатиб ўтилган ишларнинг амалга оширилишидан олдин республикамиз аҳолиси истеъмолчиларида, ижтимоий соҳа объектларида, катта-кичик ишлаб чиқариш корхоналарида куз-қиш мавсумлари даврида ва янги барпо этилаётган тадбиркорлик субъектларини электр энергияси билан таъминлаш учун қувват етказиб бериш имконияти чекланганлиги ҳамда тизимдаги электр қуввати танқислиги оқибатида чекловлар киритилишига сабаб бўлаётган эди.
Соҳада амалга оширилган инвестиция дастурларининг самарадорлиги натижасида электр энергияси таъминотида кенг кўламли йўллар очилишига, мавжуд ва янги ишлаб чиқариш объектлари қувватини оширишга ҳамда аҳолининг турмуш тарзини яхшилашга хизмат қилиб, чекловлар олдини олиш ва мустаҳкам, ишончли электр таъминотига эришилгани қувонарлидир.
ЎзА мухбири
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА ёзиб олди