Институтда маърифий учрашув ўтказилди
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида ёшлар ўртасида тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етиш, турли ёт ғоялар ва маънавий таҳдидларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш, маърифат ва билимнинг инсон ҳаётидаги аҳамиятини тарғиб қилишга бағишланган учрашув ташкил этилди.
Тадбирда институт ректори в.б. Қ.Қодиров, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси Н.Жамалов, Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳар Ички ишлар бошқармаси терроризмга қарши курашиш бўлими тезкор вакили, катта лейтенант Н.Муҳаммаддинов, Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний номидаги ўрта махсус ислом билим юрти проректори Қ.Мамбетов, институтнинг ёшлар масалалари бўйича масъуллари ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.

Учрашув давомида тинчлик ва барқарорлик инсон тараққиёти, жамият фаровонлиги ва ёш авлод келажаги учун энг муҳим омиллардан бири экани таъкидланди. Бугунги глобаллашув шароитида ёшларни турли ахборот хуружлари, бузғунчи ғоялар ва маънавий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, уларда мустақил фикрлаш, воқеа-ҳодисаларга танқидий ва таҳлилий ёндашиш кўникмаларини шакллантириш долзарб вазифа эканига эътибор қаратилди.

Жаҳолатнинг олдини олишнинг энг самарали йўли – илм-фан, таълим-тарбия ва маърифат экани, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни китобхонлик, илмий-ижодий изланишлар, спорт ва турли фойдали машғулотларга кенг жалб этиш зарурлиги ҳақида фикрлар билдирилди.
Тадбирда тинчлик ва осойишталикни асраш, жамият ҳаётида фаол фуқаролик позициясини намоён этиш, билим ва маърифат орқали турли салбий таъсирларга қарши туриш бўйича зарур тавсиялар берилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири