Таниқли ижодкорлар иштирокида маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг бадиий адабиётга бўлган қизиқишини ошириш, китобхонлик маданиятини ривожлантириш ҳамда миллатлараро тотувлик ва дўстликни мустаҳкамлаш мақсадида “Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида қатор маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди.
Лойиҳа доирасида институтга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузуридаги Болалар ва ўсмирлар адабиёти кенгаши раиси, таниқли шоир, “Шуҳрат” медали соҳиби Ориф Тўхташев, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси, “Дўстлик” ордени ва “Шуҳрат” медали соҳиби, филология фанлари номзоди Алланазар Абдиев ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Муҳаммадали Ғаффоров ташриф буюрди.

Меҳмонлар дастлаб институтнинг янги ўқув биносида Ажиниёз Қўсибой ўғлининг 200 йиллиги муносабати билан ташкил этилган музей фаолияти билан танишди. Музей экспозициясидан ўрин олган экспонатлар, атоқли шоир ҳаёти ва ижодига оид маълумотлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Улар музей фаолиятига юқори баҳо бериб, эсдаликлар китобига самимий тилакларини ёзиб қолдирди.

Шунингдек, таниқли ижодкорлар институтда таҳсил олаётган ёшлар билан учрашди. Мулоқот давомида меҳмонлар қорақалпоқ, ўзбек ва жаҳон адабиётининг ўзаро узвий алоқалари, адабиётнинг ёш авлод маънавий камолотидаги ўрни, ижодкорлик масъулияти ҳамда бадиий ижоднинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, ижодий фаолиятларини ривожлантириш юзасидан қимматли тавсияларга эга бўлди.

Лойиҳа доирасидаги тадбирлар “Биз – бир оила фарзандларимиз!” мавзусидаги миллатлараро тотувлик байрами билан давом этди. Унда институтнинг “Тўмарис” халқ ансамбли, “Сий перде”, “Тараннум”, “Балдаурен” ансамбллари ҳамда иқтидорли талабалар томонидан турли миллатларнинг миллий қўшиқлари ва рақслари ижро этилди. Ранг-баранг бадиий чиқишлар турли миллат ва элат вакилларининг ягона Ватан атрофида бирлашуви, ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатлик каби эзгу қадриятларни ўзида мужассам этди. Меҳмонлар кўп миллатли институт жамоаси ва талабаларининг аҳиллиги, ўзаро дўстлиги ҳамда миллий қадриятларга бўлган ҳурматини алоҳида эътироф этди.

Ташриф доирасида ижодкорлар Нукус шаҳридаги “Кўк ўзак” маҳалла фуқаролар йиғинида ёшлар ва ҳудуд фаоллари билан ҳам учрашди. Учрашув давомида маънавият, адабиёт, ёшлар тарбияси ва эзгу ташаббусларнинг жамият ҳаётидаги аҳамияти юзасидан фикр алмашилди. Шундан сўнг меҳмонлар маҳалла боғига кўчат экиб, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига ўз ҳиссаларини қўшишди.

Таъкидлаш жоизки, “Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида ташкил этилган ушбу тадбирлар талаба-ёшларнинг адабиёт ва санъатга қизиқишини ошириш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда жамиятда дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири