Инсон қадри ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг муҳим шарти
Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамиятдаги ўрни ва фаоллигини ошириш, тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан биридир. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш ва жамиятда гендер тенгликни таъминлаш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, оилада ва жамиятда аёлга нисбатан ҳурмат, эътибор ва масъулият муҳитини шакллантириш, зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига муросасиз муносабатни қарор топтириш бугунги куннинг долзарб вазифасидир.
Бухоро шаҳридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва Дўстлик уйида Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамитяи институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фондининг Бухоро бўлинмаси, Омбудсманнинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили ҳамда ҳамкор ташкилотлар ташаббуси билан “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида “Хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг сабаблари, оқибатлари ва унинг олдини олиш чора-тадбирлари” мавзусида тарғибот тадбири ўтказилди.
25 ноябрь — Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш халқаро куни муносабати билан ташкил этилган учрашув “UNITE — Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш учун бирлашинг: адолатни таъминланг, жабрланганларни ҳимоя қилинг, жазосизликка чек қўйинг” шиори остидаги халқаро кампания доирасида бўлиб ўтди.
Унда Халқ депутатлар маҳаллий Кенгашларнинг депутатлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари ҳамда ҳамкор ташкилотлар масъуллари иштирок этишди.
[gallery-32603]
Мулоқот давомида хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг келиб чиқиш сабаблари, унинг жисмоний, руҳий, иқтисодий ва бошқа кўринишлари, жабрланувчилар ҳаёти ва жамият тараққиётига салбий таъсири атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, мамлакатимизда ушбу йўналишдаги мавжуд статистик маълумотлар, ҳуқуқий асослар, зўравонликнинг олдини олиш ва жабрланганларни ҳимоя қилиш механизмлари хусусида тушунчалар берилди.
Тадбирда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” ги ҳамда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунларнинг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу ҳужжатларда белгиланган ҳуқуқий кафолатлар, ҳимоя ордери бериш тартиби, ваколатли ташкилотларнинг вазифалари ва жабрланганларга кўмак кўрсатиш чоралари иштирокчиларга тушунтирилди.
Учрашувда сўзга чиққанлар мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.Таъкидланганидек, хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ёки тегишли идораларнинг вазифаси эмас. Бу — оила, маҳалла, таълим муассасалари, фуқаролик жамияти институтлари ва бутун жамиятнинг умумий масъулияти. Муаммонинг олдини олишда ҳуқуқий саводхонликни ошириш, зўравонлик ҳолатларини яширмаслик, жабрланганларга ўз вақтида ёрдам кўрсатиш ва бундай хатти-ҳаракатларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш муҳим аҳамиятга эга.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири