Инсон манфаатларини таъминлаш, халқимиз турмуш фаровонлигини янада юксалтириш – барча саъй-ҳаракатларимизнинг асосидир
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 24 февраль куни Қашқадарё вилоятига ташриф буюрди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 24 февраль куни Қашқадарё вилоятига ташриф буюрди.Қашқадарё вилоятининг иқтисодий салоҳияти улкан. Бугунги кунда мамлакатимизда қазиб чиқарилаётган табиий газнинг 70 фоизи, нефтнинг қарийб 78 фоизи, газ конденсатининг 80 фоизи, ғалланинг 13 фоиздан ортиғи, пахтанинг 14 фоиздан зиёди ушбу вилоят ҳиссасига тўғри келади.
Вилоятда саноат изчил ривожланмоқда. Ялпи ҳудудий маҳсулотда бу соҳанинг улуши 38 фоизни ташкил этаётгани ҳам шундан далолат беради. “Шўртан нефть-газ”, “Муборак нефть-газ” корхоналари, “Шўртан газ-кимё" мажмуаси, Муборак газни қайта ишлаш заводи, Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи, Толлимаржон иссиқлик электр станцияси, “Ҳисор нефть-газ” каби йирик ишлаб чиқариш қувватлари мамлакатимиз саноатида салмоқли ўрин тутади.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси ҳам жадал ривожланмоқда. Бугунги кунда ялпи ҳудудий маҳсулотнинг 51,6 фоизи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида ишлаб чиқарилмоқда. Иш билан банд аҳолининг қарийб 80 фоизи шу тармоқда меҳнат қилмоқда.
Қишлоқ хўжалигида мўл ҳосил етиштирилмоқда, таркибий ўзгартиришлар давом эттирилмоқда. Сўнгги беш йилда 3 минг 200 гектар пахта майдони қисқартирилиб, картошка, мева-сабзавот ва полиз экинлари етиштириш йўлга қўйилган. Охирги уч йилда фермер хўжаликларининг 22 фоиздан зиёди кўп тармоқли хўжаликка айлантирилган.
Барча соҳаларда амалга оширилаётган ана шундай ислоҳотлар натижасида кейинги беш йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 2 баробар ошган, ҳудудий экспорт ҳажми 100 миллион долларга етган ва 2011 йилга нисбатан 2,5 баробар кўпайган. Бундай ўсиш суръатлари одамларнинг турмуш шароитида, вилоят шаҳар ва қишлоқлари қиёфасида намоён бўлмоқда.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларида амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари бу икки қадимий шаҳар қиёфасини тубдан ўзгартирди. Қарши шаҳрининг ҳудуди 9 минг гектардан 17 минг гектарга, Шаҳрисабз шаҳрининг ҳудуди 3 минг 300 гектардан 4 минг 900 гектарга кенгайтирилди.
Мустақиллигимизнинг 25 йиллик тўйи нишонланган 2016 йилда Қашқадарё устидаги қадимий Амир Темур кўприги реконструкция қилиниб, дарёнинг икки қирғоғида Қарши аҳли ва меҳмонлар дам оладиган сўлим масканлар барпо этилди. Тошкент – Қарши йўналиши бўйича юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” тезюрар электр поезди қатнови йўлга қўйилди.
Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастурида бу борадаги ишларни изчил давом эттириш, мамлакатимизнинг барча ҳудудлари қатори Қашқадарё вилояти ривожини ҳам янги босқичга кўтариш бўйича улкан режа ва мақсадларни баён этган эди. Президентимиз Қашқадарёга ташрифи давомида ана шу режалар ижроси, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва истиқболли лойиҳалар билан танишди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қарши туманида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги истиқболли лойиҳаларни кўздан кечирди.
“Нишон кўзгу” кўп тармоқли фермер хўжалиги томонидан Қарши шаҳрида автоматлаштирилган кушхона, гўштни сақлаш ва қадоқлаш комплекси ташкил этилмоқда. Бунинг учун хориждан замонавий ускуналар олиб келинган. Ушбу лойиҳа иқтисодий самарадорлик билан бирга, улкан ижтимоий аҳамиятга ҳам эга. Замонавий кушхона ва музлаткич озиқ-овқат маҳсулотларининг мўл-кўллиги ҳамда хавфсизлигини таъминлайди. 100 дан ортиқ иш ўрни яратилади. Давлатимиз раҳбари бундай кушхоналарни барча ҳудудларда ташкил этиш озиқ-овқат хавфсизлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Яккабоғ туманида ташкил этилаётган “Қорабайир отчилик мажмуаси” хўжалиги наслчиликни сақлаш ва ривожлантириш, қорабайир зотли отларни кўпайтиришга ихтисослашган. Мажмуада 200 тагача йилқи боқилиб, ички ва ташқи бозорга сотилади. Қирқдан ортиқ киши иш билан таъминланади.
Давлатимиз раҳбари Косон туманида барпо этиладиган чорвачилик комплекси лойиҳасини кўздан кечирди.
Қашқадарё вилоятида қишлоқ хўжалиги изчил ривожланиб, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва бошқа тармоқларда юқори натижаларга эришилмоқда. Кўп тармоқли фермер хўжаликлари ташкил этилаётгани, хусусий мулкчиликка кенг йўл очилгани халқимиз фаровонлигини янада ошириш имконини бермоқда.
Икки минг бош қорамол боқишга мўлжалланган замонавий типдаги чорвачилик комплекси аҳолини гўшт ва сут билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Мажмуа қурилиши учун 12 гектар, чорва молларига озуқабоп экинлар етиштириш учун 750 гектар ер майдони ажратилади. Бу ерда йилига 4 минг 280 тонна сут ва 210 тонна гўшт етиштириш, 140 иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Умумий қиймати 14 миллиард сўм бўлган лойиҳани келгуси йилнинг биринчи чорагида ишга тушириш режалаштирилган.
Президентимиз чорвачилик комплексига хориждан наслдор қорамоллар олиб келиш, уларни зарур технологиялар асосида парваришлаш, етиштирилган маҳсулотни қайта ишлашни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Мутахассисларга зарур тавсиялар берди.
Нишон туманида Вьетнам технологияси асосида балиқ етиштиришга ихтисослашган агрофирма ташкил этилмоқда. Агрофирма вилоятдаги балиқчилик хўжаликларига ўз фаолиятини самарали ташкил этиши учун машина-механизм хизматлари, балиқ увилдириқлари, омухта ем етказиб беради. Етиштирилган балиқни сотиш ёки қайта ишлашни йўлга қўяди.
Агрофирмада балиқ увилдириқлари етиштирилиб, сув омборига ўтказилади. Бу ерда балиқ чавоқлари етиштирувчи инкубацион цех, 600 тонналик музлаткич, балиқ маҳсулотларини қайта ишловчи корхона, 800 тонна махсус омухта ем ишлаб чиқарувчи цех ташкил этилиши режалаштирилган. Йилига 500 тонна балиқ қайта ишловчи агрофирмада 90 иш ўрни ташкил этилади.
Қашқадарёнинг сув ҳавзалари имкониятларидан самарали фойдаланиб, вилоятда балиқчиликни ривожлантириш, балиқ истеъмолини кўпайтириш зарурлиги таъкидланди. Бу халқимиз «луқмаи ҳалол» деб эъзозлайдиган балиқ гўштининг мўл-кўл бўлишини таъминлайди, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлайди.
Қамаши туманида 5 минг курка боқишга мўлжалланган мажмуа ташкил этилади. Голландиядан келтириладиган маҳсулдор зот ва замонавий технологиялар асосида мажмуада йилига 20 минг курка жўжаси етиштирилиб, аҳолига етказиб берилади. Уни жорий йилнинг декабрь ойида ишга тушириш, 30 иш ўрни яратиш мўлжалланмоқда. Мазкур лойиҳа самарасида ҳар бир хонадонга 100 тадан курка жўжаси тарқатилиши оилалар даромадини оширишда муҳим ўрин тутиши таъкидланди.
Қамаши туманида қуён етиштириш, қуён гўшти ва терисини қайта ишлашга ихтисослашган хўжалик ташкил этилмоқда. “Қамаши момиқ қуёнлари” агрофирмаси томонидан амалга оширилаётган ушбу лойиҳа самарасида 30 минг қуён етиштирилиб, йилига 120 тонна гўшт ва 40 минг дона тери тайёрланади. Хўжаликда 30 киши ишлайди. Бундан ташқари, қуёнлар 500 хонадонга тарқатилади. Аҳоли парҳез гўшт ва қўшимча даромад билан таъминланади.
Давлатимиз раҳбари “Қарши насос станциялар каскадини қайта тиклаш – III фаза” лойиҳаси билан танишди. Ушбу ирригация тармоғи эскиргани, қувур ва станцияларга Амударё сувининг лойқаси чўкиб қолгани сабабли сув исроф бўларди. Олинган сувга нисбатан энергия сарфи ошиб кетарди.
Лойиҳа Қарши насос станциялар каскадининг 1-6-насос станцияларининг 9 насос агрегатини, 850 метр қувурларни янгилаш, сув келтирувчи канални лойқадан тозалаш ишларини амалга оширишни кўзда тутади. Бунинг учун 128 миллион 934 минг доллар маблағ сарфланади. Шунингдек, НС-1 ва НС-2 оралиғидаги каналнинг 8 километр қисмини ва каналнинг чап қирғоқ дамбасини таъмирлаш режалаштирилган.
Лойиҳани бажариш натижасида 402 минг гектар суғориладиган майдоннинг сув таъминоти яхшиланади. Насос станцияларида йилига 106,55 миллион кВт соат электр энергияси тежалади.
Президентимиз бу ирригация тармоғи вилоят қишлоқ хўжалигида муҳим аҳамиятга эга эканини, таъмирлаш ва қайта тиклаш ишларини жадаллаштириш зарурлигини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари Қарши туманида енгил саноатни ривожлантириш борасидаги янги лойиҳалар билан танишди. Биринчи лойиҳа – 2017-2019 йилларда вилоятда енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган замонавий корхоналар ташкил этиш ва мавжудларини модернизация қилиш бўйича манзилли дастур бўлиб, унда 17 корхона ташкил этиш режалаштирилган.
“Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти ҳамда қатор тижорат банклари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилаётган дастур доирасида 3000 га яқин иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Бугунги кунда вилоятда 7 тўқимачилик корхонаси фаолият юритмоқда. Мазкур корхоналар ҳудудда етиштирилаётган пахта толасининг 10 фоизини қайта ишлаш қувватига эга.
Шавкат Мирзиёев тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “ЛТ Текстиль Интернейшнл” Ўзбекистон – Хитой – Нидерландия қўшма корхонаси лойиҳаси билан танишар экан, Қашқадарё вилояти мамлакатимизда пахта толасини етиштириш бўйича етакчи ўринни эгаллаши, бу имкониятдан унумли фойдаланиш, етиштирилган пахта толасини қайта ишлаб, бозорга тайёр маҳсулот чиқариш катта самара беришини алоҳида қайд этди.
Мазкур корхонанинг ишга туширилиши ҳудудда етиштирилаётган пахта толасини шу ернинг ўзида қайта ишлаш, аҳолининг реал даромадларини ошириш имкониятини яратади. Йилига 22 минг тонна рақобатбардош аралаш ип калава ва 50 миллион квадрат метр ип газлама ишлаб чиқариш режалаштирилаётган корхона маҳсулотларининг 80 фоизи экспортга йўналтирилади.
Президентимиз шу ернинг ўзида Яккабоғ туманидаги илгариги “Яккабоғ текс” корхонаси негизида барпо этилаётган “Universal Taraqqiyot Tekstil” қўшма корхонасига қўшимча инвестиция киритиш лойиҳаси билан ҳам танишди. Корхонада вилоятда етиштирилган пахта толаси қайта ишланиб, мато ва чойшаблар ишлаб чиқарилади. 400 иш ўрни яратилиши кўзда тутилаётган корхона тўлиқ қувват билан ишга туширилгач, йилига 6 миллион квадрат метр мато, 2 миллион жуфт чойшаб тайёрланади.
Замонавий ва энергия тежамкор технологик ускуналар бугун барча ишлаб чиқариш жабҳаларига татбиқ этилмоқда. Қарши шаҳридаги илгариги пахта тозалаш заводи негизида ташкил этилаётган “Wood Décor Production” қўшма корхонаси ана шундай замонавий технологиялар билан жиҳозланмоқда. Швейцариянинг машҳур “Rieter”, Япониянинг "Murata", "Yamata", Германиянинг "Mayer" компанияларининг юқори самарадорликка эга дастгоҳлари ўрнатилаётган корхонада дунё бозорида рақобатбардош ип калавадан тортиб тайёр маҳсулотгача ишлаб чиқарилади. Президентимиз тақдим этилаётган лойиҳа самарадорлигини ошириш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.
Мамлакатимизда пахта толаси ва ипак хомашёсини қайта ишлаш, хорижий инвестицияларни жалб этиш йўли билан рақобатбардош, ташқи бозорларда харидоргир тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми ва турини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ғузор туманидаги илгариги пахта тозалаш корхонаси негизида газлама ишлаб чиқаришга мўлжалланган инвестиция лойиҳаси билан танишар экан, Президентимиз янги иш ўринлари яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. Бугун одамлар аниқ ва муқим иш жойлари талаб қилмоқда. Бу талабни қондириш кўп жиҳатдан тадбиркорларга боғлиқ. Лойиҳа ишга тушгач, 600 иш ўрни яратилади.
Пахта экин майдонлари оптималлаштирилиши ва ишнинг мавсумийлигини ҳисобга олиб, “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси тизимда меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар бандлигини таъминлаш, қўшимча даромад олиш мақсадида Қашқадарё вилоятидаги ёғ-мой корхоналарининг бўш майдонларида янги инвестициявий лойиҳаларни амалга оширмоқда. Косон туманида ташкил этиладиган мева-сабзавотларни қуритиш цехи шулардан бири. 100 дан зиёд иш ўрни яратиладиган корхонада 10 минг тонна маҳсулот қайта ишланади. Қарши шаҳрида ташкил этиладиган музлаткичда 500 тонна қишлоқ хўжалик маҳсулотлари сақланади.
Президентимизга Қарши туманида ташкил этиладиган 20 минг парранда боқиш режалаштирилаётган мажмуа лойиҳаси ҳақида ҳам сўзлаб берилди. Йил давомида аҳолини сифатли парҳез гўшт маҳсулотлари билан таъминлашга мўлжалланган мажмуа фаолият бошлагач, 22 киши доимий иш жойига эга бўлади.
Давлатимиз раҳбари "Шўртан газ-кимё" мажмуасининг тозаланган метани негизида синтетик суюқ ёқилғи (GTL) ишлаб чиқаришни ташкил этиш" ва "Шўртан газ-кимё" мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш" лойиҳалари билан танишди.
"Шўртан газ-кимё" мажмуасининг тозаланган метани негизида синтетик суюқ ёқилғи (GTL) ишлаб чиқаришни ташкил этиш" лойиҳаси газ-кимё саноати йўналишида дунёнинг илғор технологик ечимларини ўзида акс эттирган. Ушбу лойиҳа МДҲ доирасидаги энг йирик мега-лойиҳалардан биридир.
Лойиҳа “Ўзбекнефтгаз” компанияси таъсислигида амалга оширилиши мамлакатимизнинг ёқилғи-энергетика хавфсизлигини таъминлашда катта аҳамиятга эга бўлиш баробарида соҳанинг жадал суръатларда тараққий этаётганидан далолат беради.
Лойиҳа доирасида йилига 3,6 миллиард метр куб табиий газни қайта ишлаш орқали 1,5 миллион тонна юқори сифатли "Евро-5" талабларига жавоб берадиган синтетик ёқилғи ишлаб чиқарилади. Шундан 743 минг тоннаси дизель ёқилғиси, 311 минг тоннаси авиакеросин, 431 минг тоннаси нафта ва 21 минг тоннаси суюлтирилган газни ташкил этади.
Янги завод ишга туширилиши натижасида иқтисодиётнинг реал тармоқларини ривожлантириш, мамлакатимизнинг транзит салоҳиятини янада ошириш, шунингдек, нефть маҳсулотларига бўлган эҳтиёжнинг асосий қисмини қаноатлантириш ва нефть импортини камайтириш орқали хорижий валютани тежашга эришилади.
Қурилиш-монтаж ишлари 2020 йилнинг иккинчи ярмида ниҳоясига етказилиши, заводда қўшимча 682 янги иш ўрни яратилиши мўлжалланган.
Давлатимиз раҳбарининг кўрсатмалари асосида "Шўртан газ-кимё" мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш" лойиҳаси концепцияси қайтадан кўриб чиқилиб, ишлаб чиқариш жараёнига синтетик нафта хомашёсини жалб қилиш масаласи ўрганилди. Лойиҳа ишга тушгач, заводнинг полимер ишлаб чиқариш қуввати ҳозирги 125 минг тоннадан 450 минг тоннагача, яъни 3,6 баробарга оширилиши таъминланади. Натижада нефть-кимё йўналишини ривожлантиришга кенг йўл очилади. Биринчи босқичда юқори қийматли хомашё синтетик нафтани қайта ишлаб, янги турдаги полиэтилен ва полипропилен билан биргаликда пиролиз дистилятини ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Пиролиз дистилятидан янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришда фойдаланиш имконияти ҳудудда технологик кластерни барпо этишга замин яратади, истиқболда кимё, автомобилсозлик, фармацевтика, қурилиш ва тўқимачилик соҳалари янада ривожланишида муҳим омил бўлади.
Лойиҳа завод майдонида амалга оширилиб, қурилиш ишлари комплекснинг ишлаб чиқариш жараёнига таъсир этмаган ҳолда олиб борилади.
Таъкидлаш жоизки, заводнинг мавжуд интеллектуал ва технологик салоҳиятидан фойдаланган ҳолда қўшимча ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг таннархини сезиларли даражада камайтириш ва инвестициялар самарадорлигини янада оширишга эришилади. Қурилиш-монтаж ишлари 2020 йилнинг тўртинчи чорагида якунланади ва лойиҳа доирасида 250 янги иш ўрни яратилади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз иқтисодий ривожида муҳим ўрин тутадиган ушбу лойиҳаларни молиялаштириш, ускуналарни ўз вақтида келтириш, қурилиш ишларининг «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш, корхоналарни белгиланган муддатларда ишга тушириб, аҳолини иш билан таъминлаш бўйича зарур кўрсатмалар берди.
Президентимиз Қарши туманидаги "Нукробод" қишлоқ фуқаролар йиғинининг Яккаёғоч массивида янгиланган намунавий лойиҳалар асосида барпо этилган арзон уй-жойларни бориб кўрди.
Одамлар ҳаётини янада фаровонлаштириш мақсадида мамлакатимизнинг барча ҳудудида янги лойиҳадаги арзон, замонавий, шинам уй-жойлар қурилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 21 октябрдаги “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтармоқда.
Ушбу қарорга мувофиқ Яккаёғоч массивида ер участкаси 2 сотих бўлган уч хонали уйлар қурилди. Бу уйларнинг фойдаланиш майдони 63,5 квадрат метр бўлиб, унда иккита ётоқхона, меҳмонхона, ошхона, ювиниш хоналари ва қозонхона мавжуд. Ҳовлисида хўжалик бинолари қурилган.
Икки қаватли 16 хонадонли турар жой бинолари икки ва уч хонали қилиб қурилган. Уйларда ётоқхона, меҳмонхона, ошхона ва ювиниш хоналари ҳудуднинг иқлим шароити, санитария ва хавфсизлик талаблари, халқимизнинг ҳаёт тарзига оид барча жиҳатлар ҳисобга олинган ҳолда барпо этилган.
Ўз уй-жойига эга бўлиш ҳар бир инсон ҳаётида қанчалик муҳим эканини барчамиз яхши биламиз, деди Президентимиз. Халқимиз уйи борнинг ўйи йўқ, деб бекорга айтмаган. Бунинг чуқур маъноси бор. Бундай уй-жойлар тақсимотида халқимизга хос ҳақиқат ва адолат мезонларига қатъий риоя этилиши керак.
Қурилиш материалларининг таннархини камайтириш ҳисобига уйларнинг нархини янада арзонлаштириш, ичимлик суви, ички йўллар, электр энергияси ва табиий газ билан таъминлаш, атрофини ободонлаштириш бўйича зарур кўрсатмалар берилди.
Президентимиз янги уй соҳибларидан бири Алишер Аҳмедов хонадонида бўлиб, бу ерда яшаш учун яратилган шароитлар билан танишди, дилдан суҳбатлашди. Ёш оила аъзолари давлатимиз раҳбарига эътибори ва ғамхўрлиги учун самимий миннатдорлик билдирди.
Шавкат Мирзиёев Мирмирон массивидаги янгиланган намунавий лойиҳалар асосида қурилган уйларда истиқомат қилувчи аҳоли учун иссиқхона ташкил этиш лойиҳаси билан танишди. Ушбу иссиқхона 25 гектар майдонда металл, тахта, плёнка ва бошқа маҳаллий қурилиш материалларидан фойдаланилган ҳолда барпо этилади. Бу ерда лимон, мандарин ва папайя каби цитрус мевалар, помидор, бодринг, гулкарам, ҳар хил кўкатлар етиштирилиши режалаштирилган. Ушбу лойиҳа амалга оширилиши натижасида иссиқхонада йилига 3 миллиард сўмлик маҳсулот етиштирилади. Уларнинг бир қисми ички бозор талабларини қондирса, қолгани экспортга йўналтирилади. Натижада аҳоли қиш мавсумида ҳам арзон мева-сабзавот маҳсулотлари билан таъминланади. 229 иш ўрни яратилиши аҳоли турмуш фаровонлигининг ортишига хизмат қилади.
Янги дастур ишлаб чиқамиз, деди Президентимиз. Унга кўра арзон уй-жойларнинг умумий майдони кенгайтирилади, нархлар ҳам шунга мувофиқлаштирилади. Қўшимча ерда одамлар чорвачилик билан шуғулланиши, хоҳласа, мана шундай иссиқхоналар қуриб, деҳқончилик қилиши мумкин. Муҳими, улар ҳам уйли, ҳам ишли-даромадли бўлади.
Президентимиз бундай иссиқхоналарни қуриш ва улардан фойдаланишда замонавий технологияларни қўллаш, ишга малакали мутахассислар билан бирга, коллеж битирувчиларини ҳам кенг жалб этиш борасида зарур кўрсатмалар берди.
Шу ерда профилактика инспекторлари ва қишлоқ врачлик пунктлари ходимлари яшаб, хизмат кўрсатадиган турар жой лойиҳаси намойиш этилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қарши шаҳридаги “Қарши лезер” қўшма корхонасида бўлиб, Қашқадарё вилоятида чарм-пойабзал соҳасини янада ривожлантириш дастури, мева-сабзавот етиштириш, янги логистика маркази ташкил қилиш, Яккабоғ, Китоб, Шаҳрисабз туманларида токзорлар барпо этиш бўйича қатор истиқболли лойиҳалар билан танишди.
Қашқадарё вилоятида чарм-пойабзал саноатини ривожлантириш ҳудудда етиштириладиган тери хомашёсини сифатли қайта ишлашни ташкил қилишда муҳим ўрин тутади. Шу мақсадда вилоятда 2017-2018 йилларга мўлжалланган умумий қиймати 12,9 миллион долларлик 18 инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича манзилли дастур ишлаб чиқилди.
Мазкур дастурга мувофиқ Қарши шаҳри, Деҳқонобод, Китоб ва Нишон туманларида 5 пойабзал, Китоб туманида чарм-атторлик маҳсулотлари, “Қарши лезер” корхонасида тайёр чарм ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилади. Бу вилоятда йилига 1 миллион дона терини қайта ишлаш, 460 минг жуфт пойабзал ва 100 минг дона чарм-атторлик маҳсулотлари тайёрлаш, 200 дан ортиқ янги иш ўрни ташкил этиш имконини беради.
“Қарши лезер” қўшма корхонасида амалга оширилаётган қиймати 9,1 миллион долларлик лойиҳа намойиш этилди. Лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиши натижасида юқори сифатли, рақобатбардош тайёр чарм ишлаб чиқариш, йилига 45 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилмоқда. Босқичма-босқич ишга тушириладиган корхонада 300 дан ортиқ иш ўрни яратилиб, уларга асосан коллеж битирувчилари қабул қилинади.
Президентимиз қўшма корхона таъсисчилари ва хорижлик инвесторлар билан суҳбатда ишлаб чиқаришни самарали ташкил этиш, бунинг учун мутасадди идоралар, вилоят ҳокимлиги билан яқиндан ҳамкорлик қилиш, ташқи бозорни ўрганиб, экспорт географиясини мунтазам кенгайтириб бориш зарурлигини таъкидлади.
Қашқадарё вилоятида мева-сабзавотни қайта ишлаш ва экспорт қилиш имкониятлари жуда юқори. Шаҳрисабз шаҳрида ташкил этилаётган “Шаҳрисабз” логистика маркази ушбу мақсадларга хизмат қилади. Илгариги пиллачилик фабрикаси ўрнида иш бошлайдиган логистика маркази мева-сабзавотларни етиштириш, тайёрлаш, қабул қилиш, саралаш, қайта ишлаш, жаҳон талабларига мос лабораторияларда текшириш, қадоқлаш ҳамда ҳўл, музлатилган ва қуритилган ҳолда экспорт қилиш билан шуғулланади.
Марказ тўла қувват билан ишга тушгач, йилига 25 минг тоннадан зиёд маҳсулот Европа, МДҲ мамлакатлари, Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея ва бошқа давлатларга экспорт қилинади. Минг киши иш билан таъминланади. Вилоятдаги фермер, деҳқон, шахсий томорқа хўжаликларига етиштирган маҳсулотини сотиш ҳисобига йилига ўртача 80 миллиард сўм атрофида даромад олиш имконияти яратилади.
Чироқчи туманида йилига 8 минг тонна салат барглари, брокколи, рангли карам ва бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, мева-сабзавот етиштириш, сақлаш ва қайта ишлашга ихтисослаштирилган “Биг агро экспорт” масъулияти чекланган жамияти барпо этилмоқда. 194 гектар майдондан иборат қиймати 14 миллион доллар бўлган ушбу корхонада 2 гектарда кўчат етиштиришга ихтисослашган иссиқхона, 4000 тонна сиғимли совуткич қурилиши кўзда тутилмоқда. Мазкур лойиҳа амалга оширилиши натижасида йилига 6,8 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилиниб, туманда 90 доимий, 500 мавсумий иш ўрни яратилади.
Яккабоғ, Китоб ва Шаҳрисабз туманларида 2017-2019 йилларда жами 5 минг гектарда янги токзорлар барпо этиш мўлжалланмоқда. Яккабоғ туманида йилига 4 минг тонна узумни қайта ишлаш лойиҳаси амалга оширилади.
Давлатимиз раҳбари ушбу лойиҳалар билан танишар экан, воҳада қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришни янада кўпайтириш ва уни қайта ишлашни кенгайтириш, аҳолини ушбу маҳсулотлар билан узлуксиз таъминлаш, экспортни ошириш, пировард натижада аҳолининг турмуш даражасини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Шу ернинг ўзида мамлакатимиз олимлари томонидан ўрмон фонди ерларида шифобахш ўсимликлар етиштириш лойиҳаси тақдимоти ўтказилди. Лойиҳага кўра жорий йилдан бошлаб Қашқадарё вилоятининг тоғ ва тоғолди ҳудудларида заъфарон плантациялари ташкил этишга киришилади. Ушбу ўсимлик тиббиёт ва озиқ-овқат саноатида кенг ишлатилади. Уни кўпайтириш мамлакатимизда доривор ўсимликлар хомашёсини маҳаллий шароитда етиштириш ва озиқ-овқат зиравори сифатида экспорт қилиш имкониятларини кенгайтиради.
Президентимиз Ўзбекистон флораси доривор гиёҳларга бой эканини, хусусан, заъфарон ўсимлигидан қадимдан халқ табобатида кенг фойдаланиб келинганини таъкидлади. Мамлакатимизда дори воситаларини ишлаб чиқаришда шифобахш заъфарон муҳим хомашё манбаи бўлиб хизмат қилишини қайд этди. Соҳа мутахассисларига бундай ўсимликлар турини кўпайтириш ва плантацияларни кенгайтириш бўйича тавсиялар берди.
Қарши шаҳрида мутасадди раҳбарлар ва вилоят фаоллари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Унда вилоят иқтисодиётини янги босқичга кўтариш, инфратузилмаларни ривожлантириш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини яхшилаш, аҳолини иш билан таъминлаш ва турмуш даражасини янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ушбу тадбирларда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастуридаги мақсад-вазифалар ўз ифодасини топди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи давом этмоқда.