“ИННОПРОМ. Марказий Осиё” саноатчилар кўргазмаси иш бошлади (+видео)
20-22 апрель кунлари Тошкентда “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” VI халқаро саноат кўргазмаси ўз ишини бошлади. Саноатчиларнинг бундай йирик анжумани иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, фармацевтика, аграр ва халқ хўжалигининг бошқа тармоқларида қандай ўзгаришлар рўй бераётганини, дунёда маҳсулот ишлаб чиқариш қайси йўлдан бораётганини кўриш ва фойдали шартномалар тузиш учун айни муддаодир. Дастлаб соҳа вакиллари иштирокида ўтган анжуманда янги замонавий технологиялар бўйича бир қатор тақдимотлар ташкил этилди. Унда таъкидландики, бугунги кунда биргина Марказий Осиё давлатлари ва Россия Федерацияси ўртасида иқтисодиётнинг турли йўналишларида 330 дан ортиқ лойиҳа бўйича 47 млрд долларлик шартномалар мавжуд. Бироқ кўргазма орқали бу рақамларни янада ошириш имкони бор.
Яна бир эътиборли томони кўргазмага хориждан нуфузли меҳмонлар, дипломатик корпус вакиллари, Ўзбекистон бош вазир ўринбасари, вазирлар, ташкилот раҳбарлари, вилоят ҳокимлари қатнашаётгани саноат соҳасида кўплаб масалаларни биргаликда ҳал қилиш имконини кенгайтиради ҳамда фойдали шартномалар имзоланишига йўл очиб беради.
Тадбирда Марказий Осиё давлатлари, Россия, Беларусь, Хитой ва бошқа мамлакатларнинг машинасозлик, электротехника, металлургия, кимё саноати, транспорт, қурилиш, фармацевтика, автомобилсозлик, АТ йўналишидаги илғор технологик ечимлари, замонавий ускуналари ва тайёр саноат маҳсулотларининг энг сўнгги ишланмалари намойиш этилмоқда.
- Бизни компания 1995 йилдан буён Россия бозорида фаолият олиб боради, - дейди Россия автомобиль аксессуарлари ишлаб чиқарувчи корхона вакили Андрей Тимофеев. – Ўзбекистон бозорига илк бор кириб келмоқдамиз. Мақсадимиз автоулов эгаларига сифатли ва кафолатли аксессуарлар етказиб бериш. Ҳозирда биз катта буюртмалар олиш устида иш олиб боряпмиз. Марказий Осиё бозорларини ўргандик. Таҳлилларимизга кўра Хитойдан кўп техникалар кириб келар экан. Компаниямиз маҳсулотини сотиб олганларга нима бўлишидан қатъий назар кафолат бера олади.
- Ушбу кўргазмада илк бор иштирок этмоқдаман, - дейди дрон ишлаб чиқарувчи Россия компанияси вакили Максим Косинов. – Бизни компания юқори технологик маҳсулотлар тайёрлаш маркази ҳисобланади. Москва ҳудудидаги саноат паркида фаолият олиб борамиз. Бу макет учувчисиз учиш мосламасининг кичрайтирилган кўриниши. Ҳақиқийсининг узунлиги 10 метр, икки қанот ўртасидаги масофа 15 метр, баландлиги 4-5 метрни ташкил қилади. Ушбу аппаратдан чекка ҳудудларга маҳсулот етказишда ҳам фойдаланса бўлади. Жами 700 килограмм юк кўтара олади. Агарда 50 фоиз юк олса, 1200 км масофани босиб ўтади.
Қувонарлиси кўргазмага қўйилган маҳсулотларнинг катта қисмини маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз томонидан тақдим этилди ҳамда замонавий ускуна ва янги технологияларимиз кўпчиликнинг диққат-эътиборини тортди.
Масалан, электротехника саноатимиз жорий йилда қуёш панеллари учун махсус батарейкаларни тақдим этган бўлса, Жиззах автосаноати электрда ҳаракатланувчи микроавтобусини янгилик сифатида намойиш этди.
Албатта бундай тадбирлар аввало миллий брендларимизнинг жаҳон бозорларига чиқиши учун улкан имкониятдир ва тадбиркорларимиз маҳсулотларини халқаро миқёсда намойиш этиш, янги ҳамкорлар топиш ҳамда экспорт географиясини кенгайтиришга хизмат қилади.
Кўргазма учун ажратилган 18 минг квадрат метрдан иборат майдонда бўш жойнинг ўзи йўқ. Бу ерда нафақат маҳсулотларни намойиш қилиш, балки пленар йиғилишлар, сессиялар, давра суҳбатларида иштирок этиб, саноат соҳасидаги янгиликларини билиб олиш, В2В форматидаги учрашувлар орқали шериклар топиш учун қулай муҳит юзага келган. Бу эса узоқ муддатли шериклик алоқаларини ривожлантириш ва ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтиришга ёрдам беради.
Кўргазма 22 апрелга қадар “CAEx” кўргазмалар саройида давом этади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/l4DgkeQnmuw" title="“INNOPROM. Markaziy Osiyo” sanoatchilar ko‘rgazmasi ish boshladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Дониёр Якубов, Искандар Исматов, ЎзА